Яқинда Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналишдаги муҳим масалалар муҳокама қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб берилди. Мазкур йиғилишда илгари сурилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова билан суҳбатлашдик.
— Аҳоли вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишларда маҳалланинг ўрни муҳим. Бу борада йиғилишда белгиланган вазифалар ҳақида тўхталсангиз ва уларнинг аҳамияти нимадан иборат?
— Бугун барча ислоҳотлар ижросини маҳаллада — қуйидан бошлаб таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Давлатимиз раҳбари раислигидаги видеоселектор йиғилишида ҳам 49 та ижтимоий хизмат маҳаллагача туширилиши белгиланди. Президент ҳар бир оила ва инсон тақдирига алоҳида профессионал ёндашиш лозимлигини, буни маҳалла даражасида манзилли, шаффоф ва адолатли ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига вилоят ҳокимлари билан бирга барча маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолиятини ташкил қилиш топширилди.
Протез воситаларини бериш, нафақа ва қаровсиз қолган болаларга васийликни расмийлаштириш, ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни ёлғиз деб эътироф этиш каби ижтимоий хизматлар маҳаллагача тушириладиган бўлди. Шунингдек, маҳаллаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш электрон платформаси ишлаб чиқилади.
Мазкур йиғилишда ижтимоий ёрдам ва ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки маҳаллада ким қандай шароитда яшайди, имконияти қанақа, ҳақиқатданам ижтимоий ёрдамга муҳтожми-йўқми — буларнинг баридан маҳалла хабардор бўлади. Шунинг учун ҳам кўпгина ижтимоий хизматларнинг маҳалла даражасига туширилиши аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишларнинг адолатлилигини таъминлашга, шунингдек, фуқароларнинг вақти тежалишига ва уларга қулайлик яратишга хизмат қилади.
— Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай вазифалар белгиланди?
— Дарҳақиқат, мазкур йиғилишда ногиронлиги бўлган инсонлар манфаатларига алоҳида эътибор қаратилди. Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий ва ижтимоий реабилитация қилиш, касбга ўргатиш орқали тўлақонли ҳаётга қайтаришга эътибор сустлашиб кетгани танқид қилинди. Таъкидланганидек, ногиронлиги бор шахслар ишлаши мумкин бўлган касблар рўйхати замон талабларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилмагани сабабли улар ўзининг меҳнат салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқара олмаяпти.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга, таълимга, спортга жалб қилиш масалалари эътибордан четда қолмаслиги лозим. Эндиликда ногиронлигини касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, ўзини ўзи эплаши, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгилаш тизимига ўтилиши белгилаб берилди.
Шубҳасиз, бу жараёнда спортнинг аҳамияти беқиёс. Спорт ногиронлиги бўлган шахслар учун яна бир нажот йўлидир. Шу боис ҳам Ногиронлиги бўлганлар учун спортни ривожлантириш Ассоциацияси ташкил этиладиган бўлди. Паралимпия қўмитаси, Карлар ва кўзи ожизлар спорт федерациялари, Ўзбекистон махсус олимпиадаси бу Ассоциацияга ўтиши айтилди. Муҳим жиҳати, Ассоциация ногиронлиги бор шахсларни маҳалладан бошлаб оммавий спортга жалб қилади, “Беш ташаббус” доирасида доимий спорт мусобақалари ўтказиб боради. Ногиронлиги бор инсонларни спортга жалб қилишда ҳам маҳалланинг эътибори, ташаббуси муҳим ўрин тутади.
Кейинги пайтларда ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида спорт ва турли кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда. Бу эса ўз навбатида, уларнинг ижтимоийлашувига, интилишига ва ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда. Паралимпия ўйинларида юқори ўринлар қайд этилиб, кўплаб медаллар қўлга киритилмоқда. Эндиликда Ногиронлиги бўлганлар учун спортни ривожлантириш Ассоциацияси ташкил этилиши натижасида бу борадаги амалий ишлар ва ютуқлар кўлами янада кенгаяди.
— Ижтимоий ҳимоя тизими доирасидаги саъй-ҳаракатларда депутатларнинг ўрни қандай бўлиши керак?
— Бу жараёнда, албатта, биз депутатлар ҳам фаол бўлиб, бу ислоҳотларнинг жойларда ижросини таъминлаш мақсадида жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз лозим. Ногиронлиги бўлганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдек ишда жонбозлик кўрсатишимиз керак бўлади. Ҳудудларга чиққанимизда ўз сайловчиларимизни ижтимоий ҳимоя тизимига оид ислоҳотлардан, янгиликлардан хабардор қилиш бўйича тарғибот тадбирларини ўтказишимиз лозим. Пировард мақсад инсонларнинг рози бўлиб яшашига ўз ҳиссамизни қўшиш.
Шу ўринда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қабул қилинган қонунларни таҳлил қиладиган бўлсак, мустақилликнинг дастлабки йилларидан то 2016 йилгача 24 та қонун, 2016 йилдан 2023 йилгача 44 та қонун қабул қилинган. Демак, соҳага оид қонунлар икки бараварга ошган. Бу эса уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий асослар кенгайганидан далолат.
Умуман, ижтимоий давлат тамойилининг амалда ижроси таъминланаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Ногиронлиги бўлганларга янада қулай шарт-шароит, тўсиқсиз муҳитнинг яратилиши уларнинг ўксик кўнглини кўтаришга ва ҳаётда тўлақонли инсон сифатида яшашига олиб келади. Ортида давлат борлигини ва эътибордан четда қолмаслигини ҳис қилади. Буларнинг барчасини кенг аҳоли қатламларига етказишда фаол бўлмоғимиз лозим.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.
ЎзА
- Қўшилди: 29.02.2024
- Кўришлар: 2263
- Чоп этиш