Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 29 январь куни уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Аҳолига муносиб шароитлар яратиш, ҳаёт сифатини таминлаш мақсадида бу соҳаларда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили ҳудудларда мингдан ортиқ инфратузилма иншооти, 2 мингга яқин кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Автомобил йўллари, сув ва иссиқлик тармоқлари қурилди. Транспорт хизмати учун янги автобус ва самолётлар олиб келинди.
Шу билан бирга, қурилиш соҳасига замонавий стандартларни жорий қилиш ва сифатини таъминлаш борасида камчиликлар кўп. Ичимлик суви таннархи ва тармоқлардаги йўқотишлар камаймаган. Фуқаро авиациясида маҳаллий рейслар талабга нисбатан 2-3 баробар кам. Темир йўлда юк ташишга кўп вақт кетмоқда. Тошкент шаҳрида тирбандлик муаммоси ҳалигача ҳал бўлгани йўқ. Ҳаво ифлосланишининг олдини олиш бўйича чоралар етарли эмас.
Танқидий руҳда ўтган йиғилиш аввалида шу каби камчиликларнинг сабаблари кўриб чиқилди. Фаолиятида сусткашликка йўл қўйган бир қатор раҳбарларга интизомий чоралар қўлланди.
Транспорт, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги тизимига кирувчи барча вазир ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятига самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши белгиланди.
Жорий йилда инвестиция дастури доирасида 1 минг 637 та инфратузилма иншооти қурилиши режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари бунда бюджет маблағларини самарали ишлатиш, қурилишлар сифатини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди.
Амалдаги лойиҳалаш ва қурилиш жараёнлари ресурс усулига асосланган. Лойиҳа ташкилотлари объект қийматини имкон қадар “шиширишга” ҳаракат қилмоқда. Қурилишларда талон-торожлик ва ўғрилик ҳолатлари учраяпти.
Шу боис энди лойиҳадан бошлаб, объектни фойдаланишга топширгунча бўлган барча жараёнлар янгича ташкил этилади. Унга кўра, келгуси йил 1 январдан барча лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, қурилиш ва уларни қабул қилишда ресурс усулидан воз кечилиб, ҳажм усулига ўтилади.
Бу тартиб шу йил 1 июлдан йўл, ичимлик суви ва кўприк қурилиши лойиҳаларида жорий қилинади. Ушбу соҳаларни коррупциядан холи қилиш мақсадида қурилишда тузиладиган барча шартномалар рақамлаштирилади, пудратчи ташкилот бажарган ишлар фақат солиқ органига тақдим этилган электрон ҳисоб-фактурадан келиб чиқиб молиялаштирилади, объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилиб, далолатномалар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида тасдиқланади. 10 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар бўйича субпудратчиларни танлаш ҳам мазкур тизим орқали йўлга қўйилади.
Ушбу тартиб халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларга ҳам татбиқ этилиб, қурилиш материали қаерда қанча пул туришини онлайн кузатиб борадиган тизим бўлади.
Ҳамма ҳисоб-китоб, маблағни иқтисод қилиш лойиҳа ишлаб чиқиш жараёнида бўлиши кераклиги қайд этилди. Бунинг учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Лойиҳа офиси тузилади. У қиймати 10 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг асослилигини, хавфсизлик ва энергия тежамкорлигини баҳолаб боради. Ижтимоий муассасалар ва коммунал объектлар бўйича намунавий лойиҳалар ишлаб чиқади. Бундан буён, Лойиҳа офисининг тавсияси бўлмаган лойиҳа ҳужжатлари давлат экспертизасига қабул қилинмайди.
Мутасаддиларга қурилиш меъёрларини хорижий тажриба асосида янгилаш, қурилиш материаллари соҳасида “яширин иқтисодиёт”га чек қўйиш, бу борада электрон классификаторни ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бюджет ҳисобидан қилинадиган барча харидлар Солиқ қўмитасининг “Е-омбор” платформаси орқали амалга оширилиши белгиланди.
Жорий йилда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 2,5 миллиард долларлик янги лойиҳалар бошланади. Қайд этилганидек, энди бундай лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ҳам мажбурий экспертизадан ўтказилади.
Шунингдек, ташқи қарз ҳисобидан лойиҳа амалга ошириш тизими ҳам ўзгаради. Бунда лойиҳанинг баҳолаш ҳисоботи ва техник-иқтисодий асослари бир-бирига мослаштирилиб, битта лойиҳа ҳужжати ишлаб чиқилади. Натижада вақт 8-9 ойга қисқаради. Техник-иқтисодий асоси тасдиқланмаган лойиҳага қарз жалб қилишга йўл қўйилмайди.
Йиғилишда шаҳарларни режалаштиришдаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Кўп жойларда бу ўз ҳолига ташлаб қўйилгани оқибатида ижтимоий инфратузилма, хизматлар ва иш ўринлари бирдек ривожланмаяпти. Айрим бинолар пала-партиш, кўчалар қиёфасига номутаносиб қурилаяпти.
Шу боис, ўзбошимчалик билан ва ноқонуний қурилган объектларни тартибга олиш бўйича қонунчиликни мустаҳкамлаш, тегишли идоралар иштирокида янги тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.
Бу йил 170 та, келаси йили камида 300 та шаҳар ва шаҳарчанинг бош режасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бунда “Менинг ҳудудим” платформаси ишга туширилиб, ҳар бир режа аҳоли билан муҳокама қилинади ва ижроси бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилади.
Давлатимиз раҳбари янги уй-жойлар таннархи масаласига алоҳида тўхталди. Қурувчи компанияларни молиявий ресурслар билан таъминлаш мақсадида Ипотекани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниши белгиланди.
Бу йил 80 минг хонадонли 1 минг 800 та уй-жой ва 45 та “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилиши айтилди.
Коммунал соҳа таҳлил қилинар экан, аксарият кўп қаватли уйларда энергия сарфи юқори экани қайд этилди. Шу боис уларда энергия тежаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Унга мувофиқ, кўп қаватли уйлар жойига қараб марказлашган, локал ёки индивидуал иситиш тизимига, айрим қозонхоналар когенерация технологиясига ўтказилади. Бу орқали 2024 йилнинг ўзида 600 минг гигакалория иссиқлик энергияси ва 2,5 миллиард киловатт электр иқтисод қилиш мумкин.
Сўнгги йилларда ичимлик суви соҳасига 25 та лойиҳа доирасида халқаро молия ташкилотларидан 2,5 миллиард доллар жалб қилинди. Ўтган йилнинг ўзида барча манбалардан 8 триллион сўм йўналтирилди. Жорий йилда қўшимча 1,5 миллион аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш режалаштирилмоқда.
Мутасаддиларга ичимлик суви сифати стандартларини янгилаб, барча иншоотларда жорий этиш, насосларни модернизация қилиб, сув етказиб бериш таннархини камайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, 5 та шаҳарда – Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида тажриба тариқасида сув таъминотига хусусий шериклар жалб қилиниши айтилди.
Кўп қаватли уйларни таъмирлаш, ертўлаларини тадбиркорларга ижарага бериш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Энди бу борадаги маълумотлар ҳам рақамлаштирилиб, “Менинг уйим” тизимига боғланади ҳамда аҳоли ва ташаббускорларга очиқ эълон қилинади.
Бошқарув компаниялари ва ширкатларнинг кредитларини сўндириш ҳамда дебитор қарздорлигини қисқартириш чоралари белгиланди.
Умуман, электр энергияси, газ, сув, иссиқлик, чиқинди ва солиқ тўловлари бўйича хонадоннинг ягона биллинг ҳисоб-рақамини жорий қилиш вақти келгани таъкидланди.
Транспорт соҳаси ҳақида сўз борганда, аввало, жамоат транспорти қамровини оширишга алоҳида аҳамият қаратилди. Янги автобуслар олиб келиш, шаҳарларда йўловчи ташишни брутто-шартнома асосида молиялаштиришга ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Йўл қурилишида “яширин иқтисодиёт” улуши юқорилиги, буни назорат қиладиган Транспорт инспекциясининг фаолияти сустлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга йўл қурилишидаги 40 дан зиёд стандарт ва меъёрларни Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси талабларига мослаштириш топширилди.
Халқаро йўналишларда темир йўл қатновларини, юк ва йўловчи вагонлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. “Қўқон”, “Самарқанд” ва “Тошкент” вокзаллари, “Андижон” ҳамда “Урганч” аэропортлари бошқаруви хусусий секторга берилиши белгиланди. Шунингдек, Шаҳрисабз, Сариосиё ва Қўқон аэродромлари таъмирланиб, маҳаллий авиаташувлар йўлга қўйилади.
Тошкент шаҳрида тирбандлик муаммосининг ечимини топиш, дренаж тизимини модернизация қилиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Экологияни асраш бугунги кундаги энг долзарб масалалардан.
Юртимизда 2020 йилдан буён 22 мингта янги саноат корхонаси ишга тушган. Умуман, бугунги кунда саноат корхоналари ва автомобиллардан атмосферага йилига 2 миллион тоннадан зиёд ифлослантирувчи моддалар чиқаяпти. Кўп ҳолларда, қурилиш объектлари ва лойиҳалари экологик экспертизадан ўтказилмасдан амалга оширилаяпти.
Шунинг учун 1 апрелдан бошлаб ҳар бир ҳудуднинг ҳаво, сув ва атроф муҳитни ифлосланиш даражасига қараб тузиладиган рейтинги жорий қилиниши белгиланди. Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ҳамда саноатлашган 20 та туманда автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатишни бошлаш вазифаси қўйилди.
Йирик саноат ва барча цемент корхоналарида замонавий чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади, эскилари алмаштирилади. Қурилиш материаллари, энергетика, металлургия корхоналари томонидан 5 гектардан “яшил белбоғ” яратилиб, жами 10 миллион туп дарахт экилади.
Келгуси беш йил давомида Тошкент шаҳри ва унга туташ Тошкент вилояти туманларида 3 минг гектар “яшил белбоғ” ва 200 гектар “яшил боғлар” ташкил қилинади.
Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатилади. Шунингдек, пойтахт кўчаларида оғир юк машиналари ва муддати 10 йилдан ошган автомобиллар ҳаракати босқичма-босқич чекланади. 2025 йил 1 январдан “Аи-80” маркали бензиндан воз кечиш масаласи ҳал этилади.
Тошкент шаҳри жамоат транспортини электр ва газга ўтказиш, метро вагонлари сонини ошириш чоралари кўрилади. “Яшил энергетика”ни қўллаб-қувватлаш, экологик муаммоларнинг олдини олиш ва зарарли оқибатларни камайтириш мақсадида аҳолини электромобилларга ўтишини рағбатлантириш тизими жорий қилинади.
Йиғилиш якунида Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар жорий йилги режалари бўйича ахборот берди.
ЎзА
- Қўшилди: 30.01.2024
- Кўришлар: 2858
- Чоп этиш