Президент Шавкат Мирзиёев 13 февраль куни жорий йилда амалга ошириш мўлжалланган асосий стратегик ислоҳотлар бўйича тақдимот билан танишди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида 2030 йилга бориб, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига даромадни 4 минг долларга етказиб, бу борада ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириш мақсади белгиланган. Бунинг учун иқтисодиётда трансформация жараёнларини изчил давом эттириш, инвестиция ва бизнес муҳитини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалигида юқори қўшилган қийматни таъминлаш зарур.
Тақдимотда шу борадаги 5 та муҳим соҳа – транспорт, урбанизация ва шаҳарсозлик, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги ва энергетикадаги ислоҳотлар кўриб чиқилди.
Иқтисодиёт ривожи учун бош омиллардан бири бу – транспорт имкониятлари. Мамлакатимиз денгиз йўлларидан узоқлиги сабабли авиа ва темир йўлларни диверсификация қилишга урғу берилмоқда. Ўтган йили 6 та авиакомпания ташкил қилинди, 28 та янги самолёт олиб келинди. Самарқанд халқаро аэропортига хусусий сектор жалб этилди.
Бу ишларни давом эттириб, “Uzbekistan Airports” ва “Uzbekistan airways” компаниялари трансформациясини жадаллаштириш, аэропортлар бошқарувини хусусий секторга беришни кенгайтириш зарур.
Ҳудудларда молиявий хизматлар, электрон тижорат, масофавий таълим ва тиббиёт хизматлари ривожланиши учун сифатли интернет ҳам муҳим.
Келгуси етти йилда юртимизда аҳолиси 300 мингдан кўп бўлган шаҳар ва туманлар сони ҳозирги 13 тадан 28 тага етади. Айрим шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режалари йўқлиги сабабли фақат энига кенгаймоқда. Бу инфратузилма харажатлари ошишига ва қишлоқ хўжалиги ерлари камайишига олиб келмоқда. Шу боис урбанизация жараёнларини тартибга солиш бўйича концепция ва қонун ишлаб чиқишга эҳтиёж бор.
Бизнесга янада қулай муҳит яратиш учун йўл, ичимлик суви, таълим, тиббиёт каби соҳаларда хусусий шериклик қоидаларини аниқ белгилаш зарур. Айни пайтда тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан бирга бундай лойиҳалар дастурини ҳам шакллантириб бориш жоиз.
Давлатнинг айрим функцияларини, жумладан, ҳудудларни ободонлаштириш, эркин иқтисодий зоналарни бошқаришни хусусий секторга бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Қишлоқ хўжалиги аҳолини озиқ-овқат ва иш билан таъминлашда катта ўрин тутади. Лекин унинг айрим тармоқларида иш тартиби ҳалиям эскича. Шу боис ҳосилдорликни ошириш ва таннархни камайтириш, соҳага инновацияларни олиб кириш бўйича аниқ ечимлар керак.
Иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун, энг аввало, барқарор энергия таъминоти зарур. Бу йил жами 50 миллиард долларлик 122 та янги йирик инвестиция лойиҳалари бошланади. Шу билан бирга, аҳоли сони ва корхоналар ҳам кўпайиб бормоқда. Яқин йилларда энергияга эҳтиёж камида 1,5 баробар ошади. Бунинг устига, айрим тармоқларда энергия сарфи ҳамон юқори.
Давлатимиз раҳбари ушбу соҳаларга оид таклифлар билан танишиб, улар бўйича ҳуқуқий асос ва инвесторлар учун мустаҳкам кафолатлар яратиш зарурлигини таъкидлади.
– 2024 йилда бозор иқтисодиёти пойдеворини қуришнинг барча жараёнларини якунлаб, 2025 йилда миллий иқтисодиётимизни сифат жиҳатидан мутлақо янги даражага олиб чиқишимиз шарт, – деди Президент.
Ислоҳотлар жараёнига мамлакатимизнинг барча илмий-тадқиқот институтларини жалб қилиб, кенг қамровли “йўл харитаси” тайёрлаш вазифаси қўйилди.
ЎзА
- Қўшилди: 14.02.2024
- Кўришлар: 2739
- Чоп этиш