Инсон ҳуқуқлари давлат ҳимоясида

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида янги таҳрирдаги Конституциянинг бир йиллиги муносабати билан “Фуқароларнинг адолатли меҳнатга бўлган ҳуқуқларининг кафолати” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ва тегишли давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Бош қомусимизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробарга ошганлиги, хусусан, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор мажбуриятлар олгани қайд этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Омбудсман бошчилигида унинг ҳузуридаги Қийноқларнинг олдини олиш бўйича МПМ доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик гуруҳлари томонидан вилоятдаги қатор муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди. 

Дастлаб Жиззах “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйидаги шароитлар, ўрганишларда аниқланган камчиликларнинг қай даржада бартараф этилганлиги ўрганилди. Жумладан, жорий йилда ижтимоий тармоқларда “Жиззах мурувват уйидаги беморларнинг абгор вазияти” сарлавҳаси остида тарқалган хабарларда беморлар учун етарлича шароитлар яратилмаганлиги, беморлар кийим-кечак ва кўрпа-тўшаклар билан таъминланмаганлиги ҳамда уларга бўлган муносабатнинг яхши эмаслиги каби ҳолатлар очиқланган эди. 

Омбудсман бошчилигидаги жамоатчилик гуруҳлари аъзолари муассасада сақланаётган шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизмат, уларнинг яшаш, овқатланиш, спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. 

Шунингдек, 29-сон манзил-колониясида маҳкумларнинг яшаш жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар билан танишилди ва “Омбудсман қути”лари кўздан кечирилиб, маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. 

Шу билан бирга, вилоят руҳий касалликлари диспансери, Жиззах вилоятидаги 30-сонли манзил-колония, Жиззах шаҳар, Шароф Рашидов, Мирзачўл ҳамда Дўстлик туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, Жиззах вилояти наркология диспансери, Жиззаҳ шаҳридаги маҳсус қабулхона ва қатор бошқа ёпиқ муассасалардаги шароитлар ҳам ўрганилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech