Марказий Осиё стратегик жойлашуви, бой табиий ресурслари, маданий хилма-хиллиги билан глобал иқтисодий ва сиёсий жараёнда муҳим ўрин эгаллайди. Минтақада интеграциялашув жараёни нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва ижтимоий соҳада ҳам муҳим, дейиш мумкин. Ушбу мақолада Марказий Осиё учун интеграциялашувнинг афзаллиги, бу борадаги мавжуд имкониятларни таҳлил қиламиз.
Иқтисодий ўсиш ва ривожланиш
Интеграциялашув жараёни минтақадаги давлатлар ўртасида савдо ва инвестицияни оширишга ёрдам беради. Хусусан, эркин савдо зоналари ташкил этилиши натижасида ҳамкорлик кучаяди. Бу ўз навбатида янги иш ўринлари яратилиши, иқтисодий ўсиш рағбатлантирилиши ва минтақавий барқарорлик таъминланишига олиб келади. Товар ва хизматлар эркин алмашинуви осонлашади, савдо ҳажми ошади. Минтақа инвестиция учун жозибадорлик касб этаади. Корхоналарнинг минтақавий бозорга кириш имконияти яхшиланади.
Бирлашув халқларимизга соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа хизматларга осонроқ кириш имконини беради, албатта. Мутахассислар фикрича, минтақа мамлакатлари ўртасида эркин савдо ҳудуди яратилиши керак. Инвестиция жалб қилиш учун қулай муҳит яратиш нима учун керак? Бу энг аввало солиқ пасайиши, ҳужжатлаштириш жараёни соддалашиши, сармоя киритиш учун қулай шароит яратилишини кўзда тутади.
Ишлаб чиқаришни диверсификациялаш фақат табиий ресурслар эмас, балки бошқа соҳалар, масалан қайта ишлаш, технология ва хизмат кўрстишга ҳам эътибор қаратилишини таъминлайди. Бу жараённи муваффақиятли амалга ошириш учун малакали кадрлар тайёрлаш, инфраструктурани ривожлантириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракат қилиш мақсадга мувофиқ.
Энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш
Марказий Осиё газ ва нефтга бой. Интеграциялашув бу ресурсларни биргаликда бошқариш ва экспорт қилиш имконини яратади. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги энергетик ҳамкорлик минтақада энергия хавфсизлигини оширишга ёрдам беради. Энергия ресурслари диверсификациясини таъминлайди, глобал бозор билан интеграцияни кучайтиради. Айниқса, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича кенг имконият яратади.
Минтақа энергия тизимини шериклик орқали янада самарали ривожлантириш, ресурсларни биргаликда бошқариш, самарали қазиб олиш ва қайта ишлаш имкони пайдо бўлади. Натижада минтақа энергия хавфсизлиги мустаҳкамланади, нарх барқарорлашади.
Энергия тармоғи бирлаштирилиши ресурсларни осон етказиш, самарали ишлатиш, сўнгра энергия йўқотилишини камайтириш ва нархни пасайтириш имконини беради. Интеграциялашув янги энергия манбалари яратиш, масалан қуёш ва шамол энергиясини ривожлантиришга кўмаклашади.
Транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш
Марказий Осиё Европа ва Осиё ўртасидаги савдо йўлида жойлашган. Айни йўналишдаги интеграциялашув транспорт ва логистика инфратузилмасини ривожлантиришни ҳам назарда тутади. Жумладан, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақадаги транспорт тармоғи модернизация қилиняпти. Бу жараён савдо ва иқтисодий алоқани кучайтиради, минтақавий интеграцияни янада чуқурлаштиради.
Минтақанинг географик жойлашуви Хитой ва Европа ўртасидаги муҳим савдо йўли орқали янада ривожланиши мумкин, деган фикр илгари сурилмоқда. Товарларни тезроқ ва арзонроқ ташиш ҳам кун тартибидаги асосий масалага айланган. Яхши ривожланган транспорт ва логистика тизими инвестиция жалб қилиш учун муҳим омил ҳисобланади. Шу йўлдан борилса, минтақа тараққиёти тасаввуримиздагидан кўра яхшироқ кўриниш олади.
Йўл ва темир йўл инфратузилмаси ҳам муҳим масала. Маҳсулотни тезр ва самарали ташиш йўл билан чамбарчас боғлиқ. Ҳаво транспорти инфратузилмасини яхшилаш, хусусан янги аэропортлар қуриш, мавжудларини модернизация қилиш ҳам керак. Натижада минтақага сайёҳларни жалб қилиш ва халқаро савдо ҳажмини оширишга эришилади.
Шунингдек, логистика марказларини қуриш товарларни сақлаш, қайта ишлаш ва тақсимлаш учун зарур. Бир сўз билан айтганда, Марказий Осиё мамлакатлари интеграциялашуви транспорт ва логистика инфратузилмаси ривожланишига олиб келади.
Сиёсий барқарорлик ва хавфсизлик
Интеграциялашув – минтақадаги сиёсий барқарорликни таъминлашда муҳим восита ва тўғри ечим. Давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик минтақавий муаммоларни бирга ҳал қилиш имконини беради. Масалан, терроризм, гиёҳвандлик ва бошқа хавф-хатарлар билан курашдаги ҳамкорлик минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлайди.
Олимлар интеграциялашув чегаравий низоларни ҳал қилиш ва чегараларни аниқлашга ёрдам беришини таъкидлайди. Бу трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш самарадорлигини ҳам оширади.
Маданий ва ижтимоий алоқани ривожлантириш
Маданий ва ижтимоий ҳамкорлик минтақа халқлари ўртасида алмашинув, бир-бирини яхшироқ тушуниш ва дўстлик риштасини мустаҳкамлаш орқали барқарорликни таъминлайди.
Минтақанинг умумий тарихий ва маданий илдизлари, халқларимизнинг ўхшаш урф-одати, қадриятлари интеграциялашув орқали янада мустаҳкамланиши табиий.
Аниқроқ айтсак, санъат, мусиқа, адабиёт ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик тараққий этиб, туризм занжири учун муҳим асос яратилади. Бу жараёнда таълим ва илм-фан йўналишидаги ҳамкорлик, яъни талаба ва ўқитувчилар алмашинувини ташкил қилиш, қўшма тадқиқот олиб бориш, илмий конференциялар ўтказиш ҳам муҳим.
Хуллас, Марказий Осиёга интеграциялашув иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда кўплаб афзалликларни тақдим этади. Минтақада давлатлари ҳамкорлигини кучайтириш савдо-иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва сиёсий барқарорликни таъминлаш сари қўйиладиган энг зарур қадамлардир. Бу жараён минтақамизни глобал миқёсда янада рақобатбардош, барқарор этади.
Мирҳабиб Сайфуллаев, ЎзА
- Қўшилди: 29.07.2024
- Кўришлар: 1120
- Чоп этиш