Интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Бу борада 2020 йилда 81 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 887 та, 2022 йилга бориб эса 1006 тани ташкил қилган. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлиллари бу турдаги ҳуқуқбузарликларга нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш етарли самара бермаётганини, тайинланаётган жарималар бевосита давлат фойдасига ундирилганлиги боис ҳуқуқ эгаларида ҳеч қандай манфаатдорлик йўқлигини кўрсатмоқда. Шу боис, бу жараёнларга биринчи навбатда, ҳуқуқ эгасининг манфаатдорлигини оширишга қаратилган янги тартибларни жорий қилиш талаби юзага келмоқда.
Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилди.
Унда адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов лойиҳанинг мазмуни ҳақида маълумот берар экан, интеллектуал мулк соҳасида 2020 йилда 65 та, 2022 йилда 550 дан ортиқ, 2023 йилда эса 371 та суд процесслари бўлиб ўтганини, яъни йилдан йилга ушбу йўналишдаги қонун бузилиш ҳолатлари кўпайганини қайд этди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини амалиётга татбиқ этиш, тегишли ҳуқуқларни ҳимоя қилишда томонларнинг манфаатдорлигини ошириш ҳамда бу йўналишдаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш, қонунга хилоф равишда фойдаланиш натижасида етказилган зарар ўрнига товон талаб қилиш тартибини жорий қилишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг такомиллаштирилишига, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси сифат жиҳатдан яхшиланишига ҳамда ҳуқуқбузарликлар сони камайишига, интеллектуал мулк ҳимоясининг кучайтирилишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 14.02.2024
- Кўришлар: 2265
- Чоп этиш