Иқтисодиёт тармоқларига интеллектуал фаолият натижаларини жорий этиш ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг рақобатбардошлигини оширади.
Шу боис мазкур фаолиятга оид механизмлар такомиллаштирилмоқда. Интеллектуал мулкни ишончли тарзда ҳуқуқий ҳимоя қилишга эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал фаолияти натижасида яратилган мулкнинг дахлсизлигини таъминлаш жоиз. Жамиятда ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш ҳамда фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан манфаатдорлигини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни қонунчиликда мустаҳкамлаш зарурати юзага келган.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди. «Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Интеллектуал мулкнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлар билан ҳимоя қилинишини таъминлаш ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун қонунчиликни такомиллаштириш заруратини юзага келтиргани айтиб ўтилди.
Қонун билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулк объектидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиб-таомили жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Иштирокчиларнинг таъкидлашича, қонун билан жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллашади. Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар сонининг камайишига ҳамда интеллектуал мулкнинг ҳимоя қилинишини кучайтиришга ва рақамли муҳитда ижодий фаолиятга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Сенаторлар, маҳаллий кенгашларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари, экспертлар, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлис якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 25.04.2024
- Кўришлар: 1665
- Чоп этиш