Иш ҳақим тўғрисидаги маълумотлар умуман йўқ. Менга пенсия тайинлашда иш ҳақи қандай аниқланади, дея Пенсия жамғармасига мурожаат қилган фуқаролардан бири.
Жамғармага кўра, Ўзбекистон қонунчилигида мазкур масалада аниқ ечим мавжуд. Яъни фуқаронинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлари бўлмаса, унга пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиқиб пенсия ҳисобланади. Шунингдек, ўртача ойлик иш ҳақи белгиланган миқдордан оз бўлса ҳам пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиқиб ҳисоб–китоб қилинади.
Маълумот учун, айни пайтда республикада пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 372 минг сўмни ташкил этади.
Аввалроқ 2025 йилнинг март ойидан бошлаб пенсиялар автоматик тарзда, яъни ҳеч қандай ҳужжат талаб этмаган ҳолда ва фуқаронинг мурожаатисиз тайинлана бошлаши хабар қилинганди. Бу жараёнда шахсга доир маълумотлар вазирлик ва идоралар электрон базаларидан олиниши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 январдан фуқаролар учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали пенсия тайинлашни сўраб онлайн мурожаат қилиш имкони яратилган. Шу билан бирга, Пенсия жамғарилган пенсия маблағларини Халқ банкининг мобил иловаси орқали олиш йўлга қўйилган.
Daryo.uz
- Қўшилди: 13.05.2024
- Кўришлар: 1450
- Чоп этиш