Саудия Арабистонида Бутунжаҳон иқтисодий форумининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда жуда кўп масалалар муҳокама қилинди ва кўпчиликнинг эътибори Ғазодаги уруш муҳокамасига қаратилди. Саудиядаги форумнинг асосий меҳмони – уруш бошланганидан буён Яқин Шарқ бўйлаб еттинчи турнесини ўтказган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен бўлди.
АҚШ бош дипломати минтақада содир бўлган даҳшатли воқеалар қайталанмаслиги кераклиги, томонлар келишиши лозимлигини таъкидлади ва Ҳамасни Исроил таклиф қилаётган келишувга рози бўлишга чақирди.
«Энг аввало, ўт очишни тўхтатиш ва асирларни уйга қайтариш керак, бу энг муҳими. Бунинг имкони бор, чунки исроилликлар яхши таклиф билдиришган. Улар келишувга рози эканликларини кўрсатишди, энди гап Ҳамасда», деди Блинкен.
АҚШ давлат котиби Ғазога гуманитар ёрдам олиб кирилиши масаласи ҳам муҳимлигини таъкидлади. Блинкен бу борада Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафади ва Иордания қироли Абдуллоҳ II билан учрашган. Америкалик дипломат расмий чиқишидан кейин Ғазодан келган фаластинликлар билан, шунингдек БМТнинг Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кириш бўйича катта координатори Сигрил Кааг билан учрашган.
Исроил нимани таклиф қилган?
Reuters ахборот агентлиги манбасига кўра, Исроил Ҳамасга бу гал икки босқичдан иборат ярашув режаси таклиф қилган. Биринчи босқичда Ҳамас 40 нафарга яқин исроиллик асирларни қўйиб юборади. Эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган маълум миқдордаги фаластинликлар қайтарилади. Иккинчи босқичда Ҳамаснинг ўт очишни тўхтатиш талабига мувофиқ «тинчлик режими» жорий қилинади. Аммо Ҳамас Исроилдан ўт очишни вақтинча эмас, буткул тўхтатишни талаб қилмоқда.
Исроил ярашув режасининг биринчи босқичидан кейин Ғазо шимоли ва жануби бўйлаб ҳаракатланиш эркин бўлишини, бундан ташқари, аскарларининг бир қисмини сектордан олиб чиқиб кетишни таклиф қилмоқда.
Ҳамаснинг юқори мартабали мулозимларидан бири исми сир қолиш шарти билан AFP нашри мухбири билан суҳбатлашган ва гуруҳда ярашув режасига кескин қаршилик йўқлигини айтган. Reuters манбаси эса Ҳамасда Исроилнинг таклифи билан боғлиқ бир нечта аниқлаштирувчи савол борлигини айтган. Ҳар икки нашр манбалари Ҳамас ўт очиш режими тўлиқ тўхтатилишига олиб келадиган келишув бўйича ижобий фикрда эканини таъкидлаган.
Рафаҳга босқин кечикиши мумкин
Исроил ғазоликларнинг аксари жон сақлаётган Рафаҳ шаҳрига босқин бошлашга тайёрланаётган бир вақтда томонлар келишуви босқин кечикишига олиб келиши ҳам мумкин. Исроил ташқи ишлар вазири мамлакат расмийлари Ҳамас билан келиша олса, Рафаҳ операцияси кечиктирилиши ҳам мумкинлигини айтди. Аммо бу фаластинликлар гуруҳининг талабларига тўғри келмайди. Улар ўт очишни тўлиқ тўхтатишни талаб қилишмоқда.
Ўтган ҳафта охирида АҚШ президенти Жо Байден навбатдаги марта Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқот қилган. Байден Исроил ҳукумати раҳбарини Ғазода ўт очишни зудлик билан тўхтатишга, Рафаҳга бостириб кирмасликка чақирган. Ғарбнинг кўплаб давлатлари ҳам Исроилни Рафаҳга киришдан тийилишга чақирган, аммо Нетаняҳу бу чақирувларга қарамай Рафаҳ амалиёти барибир ўтказилишини айтмоқда.
«Президент Байден мен орқали АҚШнинг позициясини аниқ ва равшан қилиб билдирди: биз Рафаҳга операцияни қўллай олмаймиз», деди Блинкен Саудиядаги форум давомида.
Бу вақтда Исроил коалициясида ҳам Рафаҳ операцияси бўйича бўлинишлар кузатилмоқда. Кимлардир АҚШнинг босими билан Рафаҳга босқинни бекор қилиш шармандали мағлубият эканини айтаётган бўлса, бошқалар Рафаҳга кириш асирларни қайтариш имконини пасайтириши, ҳозир бирламчи вазифа айнан асирларни қайтариш эканини айтмоқда.
Шу ўринда унутмаслик керакки, Исроил Рафаҳга кирмаслиги секторнинг бу ҳудудидаги фаластинликлар тинч яшаётганини англатмайди. Исроил миллиондан ортиқ фаластинликлар жон сақлаётган бу ҳудудга ракета зарбаларини тўхтатгани йўқ. Масалан, душанба куни Рафаҳдаги учта уйга берилган ракета зарбаси оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 20 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.
АҚШ нимани хоҳламоқда?
Дипломатлар ва сиёсатчиларнинг чиқишларидан келиб чиқадики, айни дамда Байден маъмурияти чиндан Ҳамас мағлуб этилиши ва Ғазонинг келажакдаги мавжудлигида умуман рол ўйнамаслигини истамоқда. Аммо Вашингтон учун Исроил Ғазони яна босиб олмаслиги энг муҳими. АҚШ бунинг ўрнига Фаластинга қарашли секторда араб давлатлари билан бирга янги тузилма ташкил этилишини истайди. Яъни, ҳаммаси урушдан олдинги араб давлатлари ва Исроил ўртасидаги тинчлик музокаларига қайтаётгандек: АҚШ Исроилга араб давлатлари билан муносабатларни яхшилашга ёрдам беради. Эвазига эса Тел-Авив мустақил Фаластин давлати тузилишига қаршилик қилмайди. Катта эҳтимол билан, Вашингтон учун идеал ечим мана шундай бўлади.
Шу кунларда мустақил Фаластин давлатини тузиш ҳақида тобора кўпроқ давлатлар, энг муҳими сиёсий таклифлар бўйича тезда бирлаша оладиган Европа давлатлари гапирмоқда. Масалан, Норвегия Фаластинни тан олиб БМТга араб давлатлари қўллаган тинчлик режасини тақдим этмоқчи. Бу ҳақда Саудиядаги иқтисодий форум майдонида Европа Иттифоқи ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеф Боррел ҳам гапирди.
«Биргаликда ҳаракат қилсак, буни уддалаш мумкинлигини кўряпмиз. Биз чиндан Фаластин давлатини тан олмоқчимиз. Аммо буни фақат бир марта қилиш мумкинлигини ҳам биламиз», деди Норвегия ташқи ишлар вазири Эспен Барт Эйде Ар Риёздаги форумдаги чиқишида.
Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Фаластин давлатини тан олиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини айтиб, феврал ойида Фаластин давлатини бир томонлама тан олишни тақиқловчи қарорни вазирлар маҳкамасига киритган ва у тўлиқ қўллаб-қувватланганди. Аммо Исроилда ҳукумат тез-тез алмашиб туриши ва АҚШ ҳукуматидагилар, хусусан Жо Байденнинг айни дамдаги Исроил бош вазири билан алоқаси яхши эмаслиги бу ҳолат кейинчалик ўзгариши мумкинлигини англатади.
«Бу Фаластин тарихидаги энг даҳшатли қирғин бўлади»
Саудиядаги форумда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҳам қатнашди. У таъсирли нутқ сўзлади ва унинг сўзларини олқишлар билан кутиб олишди.
«Исроилнинг Фаластинга босқини 75 йил аввал бошланганди ва ҳамон давом этмоқда. Афсуски, бу борада ҳамон олдинга силжиш йўқ. Биз Ғазода бўлаётган воқеалар ҳақида гапирар эканмиз, 75 йил аввалги ҳодисаларни эсламай ўтолмаймиз. 7 октябрда бошланган воқеалар ҳақида гапирар эканман, Фаластин ҳукумати қаерда бўлмасин тинч аҳолига қилинган ҳужумларни оқламаслигини айтмоқчиман. Улар қайси миллатга мансублигидан қатъи назар. Аммо ҳозир биринчи навбатда қилинадиган иш Исроилнинг ўт очиш режимини тўхтатишидир.
7 окбярдан буён Исроил Ҳамасдан ўч олиш иддаоси билан фаластинлик тинч аҳоли вакилларини ўлдириб келмоқда. Бу қандай қасос бўлдики, 34 минг тинч аҳоли вакиллари ўлдирилса? Уларнинг аксари аёллар ва болалар. Яна 75 минг ғазолик яраланган. Ҳа, 7 октябрдан буён 110 мингдан ортиқ ғазоликлар Исроил босқинидан жабрланган. Ғазодаги биноларнинг 75 фоизи йўқ қилинган, қолганларида ҳам яшаб бўлмайди. Жозеф Боррел тўғри айтди, Ғазода бўлаётган ишлар Иккинчи жаҳон уруши вақтида Германияда ҳам бўлмаган. Нафақат Германия, Европанинг бирор давлати бундайин даҳшатни бошидан ўтказмаган.
2,2 миллион атрофидаги ғазоликлар уйидан маҳрум бўлиб кўчада қолди. Улар ҳозир Рафаҳда жон сақламоқда. Исроил энди бу шаҳарга ҳам бостириб кирмоқчи. Биз АҚШдан бу босқинга йўл қўймасликни ўтиниб сўраймиз. Ахир ҳамма биладики, АҚШ Исроилни бу босқиндан қайтара оладиган ягона давлатдир. Ишонинг, агар Исроил Рафаҳга кирса, бу Фаластин тарихидаги энг даҳшатли фожиага йўл очади.
Бу воқеаларнинг барчаси Фаластин мустақил, БМТга аъзо давлатга айланиши қанчалик зарурлигини яна бир марта кўрсатмоқда. Ўшанда ҳамма тинчликдан роҳатланиб яшаши мумкин.
Ғарбий соҳилда ҳам вазият жуда ёмон. Исроил Ғазодаги операциясини тугатса, Ғарбий соҳилга зўр бериб, у ердаги фаластинликларни уйидан ҳайдаб чиқаришга киришади. Улар фаластинликларни Иорданияга ҳайдаб чиқармоқчи бўлади, Иордания эса фаластинликларни ҳайдаб чиқаришларига рози бўлмайди. Яна такрорлайман, Исроилни тўхтатиш керак ва буни қила оладиган ягона давлат АҚШдир», деб сўзини якунлаган Маҳмуд Аббос.
Kun.uz
- Қўшилди: 03.05.2024
- Кўришлар: 1621
- Чоп этиш