Фанлар академияси Тарих институти жамоаси томонидан икки йил давомида яратилган Jadidlar.uz платформаси тест режимида иш бошлади.
Бу платформа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси буюртмасига кўра, Тарих институти директори, академик Азамат Зиё бошчилигида 2021−2023 йиллар мобайнида тайёрланди. Лойиҳани яратишга икки йил учун 1 млрд сўм грант маблағи ажратилган.
Институт директори ўринбосари Дилноза Жамолованинг айтишича, Jadidlar.uz платформасига 250 га яқин жадид турмуши, фаолияти ва меросига оид маълумотлар, ҳужжатлар ва асарлар киритилган.
Маълум қилинишича, платформага жадидларга оид 174 та асар, уларнинг 1000 дан ортиқ мақоласи, 120 га яқин шеъри ҳамда 500 га яқин ҳикматли сўзлари киритилган. Бундан ташқари, жадидчиликни ўрганувчи манбалар сифатида 200 дан ортиқ суратлар, 38 та эшитув, 20 га яқин кўрув ва 73 та архив йиғма жилдлар ҳам платформадан ўрин олган. Жадидчиликка оид тадқиқотлар сифатида 95 та асар, 223 та мақола, 37 та диссертация ва 9 та хотира асар юкланган.
Шу вақтга қадар аҳоли 30 га яқин жадид ҳақида умумий маълумотга эга бўлган бўлса, мазкур платформа орқали ҳаракатнинг 250 га яқин аъзоси ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.
Тарихни билиш – миллий ўзликни ўйғотиш, миллий ишончни парваришлаш воситаси ҳисобланади. Жадид авлодларимизнинг ҳаёти, фаолиятлари ҳақида батафсил билиш – яқин ўтмишдаги энг катта жиноятлар, фожиаларни билиш, мустақиллигимиз нақадар улуғ ва қимматли неъмат эканини англатади.
Бизни кузатишда давом этинг. Ўзингиз ва яқинларингизни эътиборсиз қолдирманг.
М.Турдалиева, Н. Абдувоитов ЎзА
- Қўшилди: 26.01.2024
- Кўришлар: 3148
- Чоп этиш