Одам боласи беминнат вояга етадиган, ҳаёт алифбосини ўрганадиган, ақл-фаросат ва энг гўзал туйғулар қалбига бир умрга сингиб кетадиган макон бу – оила. Ҳеч бир дарс, сабоқ оилада, камтарона дастурхон атрофида жамулжам бўлганда айтилажак насиҳат-у ўгитчалик куч-қувватга эга эмас.
Оила берадиган меҳру маърифат, муҳаббатни бошқа ҳеч қаердан топа олмаймиз. Шунинг учун бутун дунёда оила – жамиятнинг энг асосий бўғини сифатида қадрланиб келади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида қабул қилинган қарорга кўра, 1994 йилдан бошлаб ҳар йили 15 май “Халқаро оила” куни сифатида (International Day of Families) нишонланиб келади.
Бундан мурод, асосий эътиборни одам боласи ўз орзу-умидлари, бахту саодати камол топадиган маскан – оилаларнинг мустаҳкам бўлишига қаратишдир. Чунки оиладаги маънавий муҳит, соғлом кайфият, барқарорлик жамият ҳаётининг асосини таъминловчи кучдир.
Халқимиз азал-азалдан оилани қутлуғ даргоҳ сифатида эъзозлаб келади, бу қўрғонга завол етмаслик чораларини кўради. “Синчи мустаҳкам иморат, қуламайди” дея улуғлайди.
Ер юзидаги биринчи оила Одам Ато ва Момо Ҳаво томонидан барпо этилган бўлиб, дунёдаги барча халқлар ва миллатлар ана шу жуфтликдан тарқалгани ҳақиқат.
Оила – инсоният ҳар доим фахр-ифтихор қилиб келадиган қадриятлар бешиги. Оила шундай мўъжизотки, унинг шаъни ҳар бир аъзосининг ҳам шаъни ҳисобланади.
Ўзбек оиласи деганда кўз олдимизда танти ва болажон, меҳр-муҳаббатга, файз-у баракага лиммо-лим, оилавий қадриятларни устувор деб биладиган бахтли мўътабар бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз, фарзандлар, набиралардан иборат катта бир қўрғон гавдаланади. Ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий муҳит соғлом қарор топган оилада инсон онги яхшилик, одамийлик, ор-номус, ғурур, самимият, тўғрисўзлик каби фазилатлар билан тўлиб-тошади. Инсон феъли, табиатида ижобий иқлимнинг устуворлиги, мана шу муҳитда дунёга келиб, шахс сифатида шаклланиши, сўнг ўзи яшаётган давлатнинг фуқароси ўлароқ ўз юртининг тараққиётини таъминлашда оиланинг ўрни беқиёсдир.
Давлат ичидаги кичик давлат, жамиятнинг асосий бўғини бўлмиш оила фаровонлиги учун аслида, ҳамма бирдек масъул. Бу масала ҳеч қачон кун тартибидан тушмайдиган, ўз долзарблигини ҳеч қачон йўқотмайдиган ўта нозик, ниҳоятда жиддий масаладир. Ўзининг фидойилиги, мустаҳкам қўрғонлиги билан ўзбек оилалари дунёдаги кўпгина миллат ва халқлардан ажралиб туради.
Жами эзгуликлар – меҳр-муравват, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик аввало, оиладан бошланади, сўнг маҳаллага кўчади ва жамиятга кириб боради. Сабаби, тирик организмнинг саломатлиги уни ташкил қилувчи ҳар бир ҳужайранинг соғломлигига боғлиқ бўлганидек, оила ҳам давлат, жамият деб аталган бутун бир организмни ташкил этувчи ҳужайрадир.
Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлмоғи лозим: шахсий хулқи ҳам, чеҳраси ҳам, кийиниши ҳам, муомиласи ҳам, қалби ҳам, фикрлаши ҳам ана шундагина ўз оиласида эстетик маънавий гўзаллик уйғунлигини мужассам қила олади. Чунки оилада ёзилмаган қонун-қоидалар бўлади, улар неча асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб сайқалланиб келаверади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида оила манфаатини ҳимоя қилиш, оиланинг жамиятдаги мавқеи ва мақомини янада юксалтириш, ёш оилаларни ҳар тамонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бахтли оила, деймиз. Бу жуда қадим ва айни пайтда жудаям навқирон тушунча. У ҳамиша офтоб янглиғ қалбга яқин, аммо ҳар бир замон, ҳар бир авлод ва ҳар бир қалб уни янада янги, мазмунли, кўркам ва файзли бўлишига ўз ҳиссасини қўшади. Бахтнинг минг қирраси бор, ҳар бири ўз нури, ўз ғуссаси, ўз тотли бўйига эга.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида аввалги “Оила” боби – “Оила, болалар ва ёшлар” дея қайта номланиши ҳам бежиз эмас. Бу ҳозирги замон талабларидан келиб чиқиб, оила манфаатларини такомиллаштириш борасида муҳим қадамлардан биридир. Янгиланган қомусимизнинг 76-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир”, деб кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга ёш оилаларнинг тинч-осуда яшашига катта имконият бериб, улар учун қурилаётган уйлар, узоқ муддатли имтиёзли кредитлар оила институтига қаратилаётган катта эътиборнинг муҳим тасдиғидир. Оилаларнинг саодати ва равнақи албатта шу халқнинг ички интизомига ҳамда шу миллатнинг тотувлигига бевосита таянади.
Жамиятимизнинг асосий ячейкаси бўлмиш оилаларимизга ҳар биримиз ишдан сўнг ҳузур-ҳаловат излаб борамиз ва оиламиз қуршовида бошқа ташвишларни унутиб, яқинларимизнинг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлиб, улар билан бўладиган ўзаро мулоқотлардан, эмоционал қўллаб-қувватлашлардан, далдалардан руҳий куч-қувват олиб, эртанги кун меҳнат фаолиятига ўзимизни қайта тиклаб оламиз.
Жамиятнинг ниҳоятда муҳим ижтимоий қадриятларидан бири бўлмиш бўш вақтни қандай ўтказишига қараб, ҳар бир одамнинг етуклик даражасига, маънавий дунёсига баҳо бериш мумкин. Шундай экан, оила аъзоларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг дам олишларини тўғри режалаштириш, оила аъзоларининг бевосита меҳнат, ўқиш ва бошқа ижтимоий фаолиятларидан бўш вақтларини қандай ўтказишлари, ўзаро муносабатлари қандай эканлиги бугунги кун оиласи мустаҳкамлиги учун муҳим аҳамиятга эга омиллардан ҳисобланади.
Бу борада эришилган ютуқларимиздан бири шуки, дам олиш ва соғломлаштириш ишларига сўнгги пайтлар катта эътибор қаратилмоқда. Оилавий дам олиш, оммавий китобхонлик, турли мавзуларда суҳбатлар, фикр-мулоҳазалар, оилавий туризм ва қатор оилавий тадбирлар сафи кенгайиб бормоқда. Шунга қарамай, ҳали-ҳамон бу борада қилинадиган ишлар етарли эканлигини ҳам таъкидлаш лозим.
Бундай хайрли ишлардан инсон биринчи галда маънавий, руҳий озуқа олади. Агар маънавий оламимизни қурилиши лозим бўлган бинога қиёслайдиган бўлсак, ҳар куни унга бир “ғишт қўйиш” баҳоси қанчалар юқори, қадрли эканлигини ҳис қилишимиз мумкин.
Маънавий озуқа – инсон учун ҳақиқат йўли, сабру-маърифат йўли. Бу йўлни бизгача босиб ўтган боболаримиз бор, қолаверса, бугуннинг чин эгалари бўлган замондошларимиз, истиқлол ғоялари билан ҳамқадам ўсаётган баркамол авлодимиз бор.
Шу масъуллик ҳисси ҳар бир инсоннинг кундалик хатти-ҳаракатида намоён бўлиши шарт. Билимлар, нафақат оиламизни мустаҳкамлаш, балки мустақиллигимизни асраш, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишимиз учун зарурдир. Бу ўз-ўзидан аҳиллик ва осойишталик ҳукм сурган бахтли оилалар кўпайишига ҳамда юртимиз барқарорлигига асос бўлади.
Мадина Зуфарова,
“RENAISSANCE” университети
Филология ва тилларни ўқитиш
факультети талабаси,
ЎзА
- Қўшилди: 15.05.2024
- Кўришлар: 1606
- Чоп этиш