Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилади

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 2 апрелида имзоланган қонун билан Солиқ кодексига қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, «ҳамкорлик шартномалари»га асосан «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорларга (бундан Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари мустасно) айрим солиқларни ҳамда айланмадан олинадиган солиқни ушбу тадбиркорлар яратган янги иш ўринлари сонига қараб қуйидаги муддатларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.  

51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – 3 ойгача, 101 тадан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – 6 ойгача, 200 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилганда –12 ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.  

Шунингдек, «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини 2025 йил 1 январгача қуйидаги миқдорда пасайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлайди.  

51 тадан 100 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи, 101 дан 200 тагача янги иш ўрни яратилганда – белгиланган солиқ ставкасининг 75 фоизи, 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилганда – ушбу солиқларни тўлашдан озод этилади. 

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.  

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА  

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech