Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида жорий йилда иқтисодиётда кутилаётган натижалар ва 2025 йил учун мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Жаҳондаги қийин вазиятга қарамасдан, ички имкониятларни ишга солиш ҳисобига, ўтган 9 ойда мамлакатимиз иқтисодиёти 6,6 фоизга, саноат 7 фоизга ошди. Йил якунигача камида 6 фоиз ўсиш кутилмоқда.
Олтин-валюта захираси бу йил илк бор 40 миллиард доллардан ошди. Аҳолининг миллий валютадаги депозитлари 50 фоиз ўсди.
Дунёнинг нуфузли рейтинг агентликлари ҳам Ўзбекистоннинг рейтинги барқарор сақланиб қолаётганини ижобий баҳолаяпти. Ташқи инвесторлар ишончи ортгани туфайли халқаро бозорларда 4 миллиард долларлик евробонд жойлаштирилди.
Буларнинг натижасида жорий йилда инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33 фоиздан ошади. Экспорт қарийб 19 фоизи ўсиши кутилаяпти.
Умуман, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки фаол инвестиция сиёсати ва ислоҳотлар ҳисобига Ўзбекистонда келгусида ҳам барқарор иқтисодий ўсиш сақланиб қолишини тасдиқламоқда.
Шу билан бирга, дунё бозорларида рақобат кучайиб, хомашё нархлари тез-тез ўзгараётган ҳозирги шароитда саноат ва экспортда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш шартлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, мутасаддиларга ҳар бир тармоқ кесимида қўшилган қиймат занжири ва меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Бу борада йиғилишда иқтисодиёт ва инвестиция соҳасидаги асосий вазифалар муҳокама қилинди.
Асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолаётган ҳолатда бюджет даромадларини кўпайтиришнинг бирдан бир йўли – солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш экани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари бу тадбиркорлар фаолиятига аралашиш орқали эмас, балки рақамлаштириш, сунъий интеллект ва яширин иқтисодиётни “соя”дан чиқариш ҳисобига бўлиши кераклигини таъкидлади.
Халқаро молия ташкилотлари ва бошқа ҳамкорлардан жалб этилган имтиёзли маблағларнинг самарадорлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда 2025 йилга мўлжалланган иқтисодий режалар ҳам кўриб чиқилди.
Келгуси йилда ялпи ички маҳсулот ўсишини сақлаб қолиш учун барча имконият борлиги қайд этилди. Бунинг учун режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, транспорт-логистика, ахборот технологиялари, агро ва молиявий хизматларни ривожлантириш талаб этилади.
Имтиёзларнинг самарадорлигини кўриб чиқиш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича топшириқлар берилди.
Яратилган имкониятлар ҳисобига келгуси йилда 78 та туман бюджет харажатини ўзи қоплашга ўтказилади. Бунинг учун ер, мол-мулк ва айланма солиғи тўлиқ, даромад солиғининг 50 фоизи уларнинг ўзида қолдирилади.
Ижтимоий давлат тамойилидан келиб чиқиб, таълим ва соғлиқни сақлашга ажратилаётган маблағларни 20 фоизга кўпайтириш назарда тутилмоқда.
Йиғилишда билдирилган фикрлар асосида 2025 йилги Давлат бюджети лойиҳасининг асосий йўналишлари белгилаб олинди.
Қонунчиликка мувофиқ, бу лойиҳа ва унинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинади ҳамда якунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.
- Қўшилди: 18.10.2024
- Кўришлар: 1184
- Чоп этиш