2023 йил 18 сентябрда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун кучга кирган. Қонуннинг 9 -моддасида давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар доираси белгиланган.
Унга кўра, кам таъминланган шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга. (Агар улар фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар, маъмурий ишлар бўйича аризачилар, маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар, жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек, маҳкумлар бўлса).
Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар ҳам бепул юридик ёрдам олиши мумкин. (Уларга «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги қонунга мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда).
Ўз ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилгани муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахсларга ҳам бепул юридик ёрдам кўрсатилади.
Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
Адлия вазирлиги томонидан “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти билан биргаликда “Бепул (давлат ҳисобидан) юридик ёрдам кўрсатиш” бўйича ўтказилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.
Халқаро ташкилотлар экспертлари ҳамда Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари ва адвокатлар иштирок этган тадбирда ушбу йўналишдаги миллий тажриба билан бир қаторда АҚШ ва Европа давлатлари тажрибаси ўрганилди.
Адвокатлар ва халқаро экспертлар тажриба алмашиш асносида ушбу соҳани ривожлантириш бўйича янги ғоя ва таклифларни илгари сурди.
Адлия вазирлиги масъул ходимлари Ўзбекистонда бепул (давлат ҳисобидан) юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Халқаро экспертлар “Давлат томонидан молиялаштириладиган юридик ёрдамни ташкил этиш ва тартибга солишда давлат адвокатлар бирлашмаларининг роли”, “Бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби ва тамойиллари”, “Бепул юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатларни тайинлаш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби” мавзуларида АҚШ ва Европа давлатлари тажрибаси билан бўлишди.
Семинарда адвокатлар фаол иштирок этиб, экспертлардан соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 17.04.2024
- Кўришлар: 2152
- Чоп этиш