Жорий йилнинг 1 май куни Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мавзусида семинар ўтказилди.
Унда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашининг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссияси раислари ҳамда котибият мудирлари, Қўмита экспертлари, тегишли ташкилот вакиллари ва ёшлар иштирок этишди.
ЖССТ маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ҳаёти давомида ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Турмуш қурган аёлларнинг 30 фоизи ҳамроҳи томонидан зўравонлик ҳолатларига дуч келганлари ҳақида маълум қилади. Тазйиқ ва зўравонлик оқибатида ўлим келиб чиққан ҳолларнинг 38 фоизида унинг турмуш ўртоғи ёки у билан бирга рўзғор қуриб яшаётган шахснинг айби бўлади.
Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, 2024 йилнинг 1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 97 нафарига жарима жазоси, 221 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2 344 нафарига жарима жазоси, 1999 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 134 нафар шахс судланиб, уларнинг 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 83 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 40 нафар шахс судланиб, уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш бугун давлат ва жамиятнинг доимий диққат марказида.
Президент Ш.М.Мирзиёев томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадамдир. Яқинда мазкур қонун қабул қилинганига бир йил тўлди.
Ушбу қонун асосида амалдаги қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик” тушунчаси киритилиб, бундай қилмишлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликлар белгиланди. Шунингдек, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик янада кучайтирилди.
Семинар сўнггида иштирокчилар томонидан қизғин савол-жавоблар бўлиб ўтди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 02.05.2024
- Кўришлар: 1583
- Чоп этиш