Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2023 йил натижалари эълон қилинди (+видео)

«Transparency International» халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2023 йил натижалари эълон қилинди. Ушбу нодавлат ташкилоти дунё бўйлаб 180 та мамлакат давлат секторидаги коррупция даражасини 0 дан 100 гача бўлган шкала бўйича тартиблайди.

Мазкур тартибга кўра, Ўзбекистон 180 та давлат орасида 33 балл билан 121-ўринни эгаллади. Мамлакат балларини иккитага ошириб, рейтингдаги ўрнини 5 поғонага яхшилашга эришди.  

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон 2022 йилда 126 ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистон мазкур индексда сўнгги 7 йил давомида ўсиш суръатларини қайд этаётган (2017 йилда 22 балдан 2023 йилда 33 баллгача) давлат сифатида эътироф этилган.

Бу борадаги ижобий ўзгаришлар сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилган вазифаларни амалга оширишга қаратилган турли аксилкоррупциявий тартиб-таомилларнинг ишлаб чиқилгани, вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши ички назорат тизимлари самарали жорий этилгани қайд этилган.

Шунингдек, коррупциявий жиноятлар содир этган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилгани ҳам алоҳида таъкидланган.

Марҳабо Мадаминова, Аслиддин Алижонов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech