Давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хусусий сектор тизимида миллий ҳалоллик стандарти институти жорий этилади.
Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ва коррупциянинг олдини олишда таъсирчан механизмларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳаси билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ҳамда Миллий стратегияни 2024-2025-йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланмоқда.
Миллий стратегияда коррупцияга қарши курашишнинг яқин истиқболдаги қуйидаги устувор йўналишлар белгиланмоқда:
- давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олиш;
- давлат хизмати соҳасида коррупциянинг олдини олиш;
- давлат харидларини амалга ошириш соҳасида коррупциянинг олдини олиш;
- ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олиш;
- коррупцияга қарши курашишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;
- суд-ҳуқуқ тизимида коррупциянинг олдини олиш;
- аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;
- коррупцияга қарши кураш соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш.
Шунингдек, Миллий стратегияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, муаммолар ва бартараф этиш бўйича таклифлар назарда тутилмоқда.
Миллий стратегиянинг асосий мақсади, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилашдан иборат.
Миллий стратегияни 2024-2025-йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да 7 та йўналишда коррупцияга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда. Жумладан,
- коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни кўрмаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш;
- ҳар йили камида 2 та соҳада коррупция хавф-хатарларини аниқлаш, коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган тадқиқотлар ўтказиш;
- коррупциявий жиноятлар статистикасини юритишга мўлжалланган дастурий таъминот яратиш;
- коррупция хавфларини ички ва ташқи таҳлил қилиш тизимини жорий этиш;
- давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда хусусий сектор тизимида миллий ҳалоллик стандарти (public integrity) институтини жорий этиш;
- давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, шу жумладан очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини янада кенгайтириш каби бир қатор муҳим вазифалар белгиланмоқда.
Kun.uz
- Қўшилди: 13.03.2024
- Кўришлар: 2048
- Чоп этиш