ЎЗБЕКИСТОНДА ТАРЖИМОНЛАР КУНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ:
Учта амалий таклиф ва ҳаётий мулоҳазалар
30 сентябрь – Халқаро таржима куни
Ушбу санани даставвал 1991 йилда Халқаро таржимонлар федерацияси (FIT) таъсис этган. Ўз навбатида, 2017 йилда профессионал таржиманинг халқлар бирдамлиги, ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш йўлидаги муҳим аҳамияти халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди.
Шу муносабат билан БМТ Бош Ассамблеяси 71-сессиясининг махсус резолюциясига кўра, 30 сентябрь – Халқаро таржима куни деб эълон қилинди ва БМТ шафелигида кенг нишонланадиган бўлди. Мазкур халқаро сана Ўзбекистонда ҳам ҳар йили таржимонларнинг касб байрами сифатида кутиб олинади.
Таржима соҳасида Огаҳий номидаги халқаро мукофот
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 июнда қабул қилинган “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, айни шу халқаро мукофот учун танловлар 2025 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта муайян йўналишларда ўтказилади. Олтита йўналиш бўйича аниқланган ғолибларнинг ҳар бири махсус диплом, кўкрак нишони ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Ушбу ўта муҳим маънавий-маърифий ташаббус ўзининг теран ва мустаҳкам асосларига эга. Чунки юртимизнинг бадиий таржима соҳаси кўп асрлик ривожланиш тарихи, салмоқли самаралари ва ёрқин намояндалари билан алоҳида ажралиб туради.
Хусусан, Огаҳий, Қутб Хоразмий, Сайфи Сароий каби буюк аждодларимиз бундан бир неча асрлар илгари таржимачилик ва таржима назарияси соҳасида жиддий тадқиқотлар олиб борган. Биргина Муҳаммад Ризо Огаҳий Шарқ оламининг йигирмадан ортиқ шеърий ва насрий асарларини, жумладан, Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон”, “Юсуф ва Зулайхо”, Зайнуддин Восифийнинг “Бадоеъ ул вақоеъ” асарларини туркий-ўзбек тилига ўгириб, тенгсиз таржима мактабини барпо этган.
Бунга қадар ўз замонасининг маликул-каломи – сўз султони бўлган мавлоно Лутфий атоқли муаррих Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарини форсийдан туркийга ўн минг байт билан назмий таржима қилганлар, деб қайд этади таниқли адиб ва аллома Мирзо Кенжабек. Лекин, ҳазрат Навоий айтганларидек, баёзга, яъни оққа кўчириб китоб қилмаганлари учун халқнинг эътиборига тушмай қолган. Бу ҳақда Алишер Навоий бобомизнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида аниқ маълумотлар мавжуд.
Ўз навбатида, шўролар замонида собиқ иттифоқда биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда миллий таржимашунослик мактабига асос солинган. Бу ўринда атоқли олим ҳамда ҳассос публицист, юртимиздаги кўпчилик журналист ва таржимонлар, олим ва адибларнинг устози – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Ғайбулла Саломовнинг таржимашунослик соҳасини шакллантириш ва ривожлантириш бобидаги алоҳида хизматлари ҳақида сўз бормоқда.
Шундай қалтис ва оғир вазиятда Ўзбекистонда тиллардан тилларга таржиманинг илми ва амалиётига таянгувчи Таржима назарияси кафедрасини ташкил қилиш учун мардона иш олиб борилган. Устоз Ғайбулла Саломовнинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан 1969 йили ўша пайтдаги ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) негизида собиқ иттифоқда биринчи бўлиб “Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси” ташкил этилган.
Кейинчлик янги таржимачилик ихтисоси республикамизнинг олий мактаблари бўйлаб кенг ёйилди. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз ҳаётининг етакчи соҳаларида неча минглаб профессионал таржимонлар самарали фаолият олиб бормоқда. Қанчадан-қанча етук бадиий асарлар ўзбек тилидан – хорижий тилларга, шунингдек, жаҳон адабиётининг сара намуналари – ўзбек тилига таржима қилинмоқда ва нашр этилмоқда.
Президентимизнинг ушбу қарори самарали ижод қилаётган ана шу моҳир таржимонларни муносиб рағбатлантиришга қаратилгани билан жуда долзарбдир. Янада муҳими, айни қарор бадиий таржиманинг савиясини тубдан ошириш, ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини хорижий тилларга, жаҳон адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
“Таржимонлар куни” байрами бизда нега йўқ?
Ўзбекистонда журналистлар, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа турли соҳа вакилларининг алоҳида байрам кунлари белгилангану, нега таржимонларнинг касб байрами куни мавжуд эмас, деган савол туғилиши табиий.
Фикримизча, бу савол нафақат долзарб, айни чоғда, мантиқан ўринли ҳамдир. Чунки:
бир томондан, Огаҳий, Қутб Хоразмий, Сайфи Сароий каби буюк аждодларимиз бундан бир неча асрлар илгари таржимачилик ва таржима назарияси соҳасида жиддий тадқиқотлар олиб борган;
иккинчи томондан, ҳали шўролар замонидаёқ собиқ иттифоқда биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда миллий таржимашунослик мактабига асос солинган;
учинчи томондан, ҳозирги вақтда мамлакатимиз ҳаётининг етакчи соҳаларида неча минглаб профессионал таржимонлар самарали фаолият олиб бормоқда.
Шу ўринда ўзимнинг учта мулоҳазамни мамлакатимизда “Таржимонлар куни” байрами сифатида нишонлаш учун тасдиқлаш нуқтаи назаридан муҳокамага тавсия этмоқчиман.
Биринчи мулоҳаза: Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрда бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари таржима санъатининг аҳамиятига тўхталиб, бундай меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ташаббусини илгари сурганди. Шу маънода, Ўзбекистонда 22 декабрь – Таржимонлар куни сифатида эълон қилиниши таклиф этилади.
Иккинчи мулоҳаза: Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 4 июнда “Бадиий таржима соҳасида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида”ги қарорини қабул қилди. Бинобарин, мамлакатимизда 4 июнь – Таржимонлар куни, деб эълон қилиниши мақсадга мувофиқдир.
Учинчи мулоҳаза: 2022 йил 11 декабрда ўзбек таржимашунослик мактаби асосчиси – юртимиздаги кўпчилик журналист ва таржимонлар, олим ва адибларнинг устози – атоқли олим ҳамда ҳассос публицист Ғайбулла Саломов (тахаллуси: Ғайбуллоҳ ас-Салом) таваллудининг 90 йиллиги нишонланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Ғайбулла Саломовнинг юртимизда таржимашунослик соҳасини шакллантириш ва ривожлантириш бобидаги хизматларига бағишланган бир қанча китоблар нашр этилди.
Айтмоқчимизки, юртимизда ўзбек таржимашунослик мактабига асос солган олимнинг таваллуд санаси, яъни 11 декабрни – Таржимонлар куни, деб эълон қилиш учун барча асослар етарли. Шу ҳақда қуйида мухтасар тўхталамиз.
Ўзбек таржимашунослик мактаби:
моҳияти, аҳамияти, илмий тамойиллари
“Яхшидан боғ қолади”, дейди халқимиз. Яхши олимдан-чи? Албатта, авваламбор, кўз нури ва қалб қўрини, ақлу заковатини, таъбир жоиз бўлса, бутун умрини сарфлаб яратган ўзига хос илмий мактаби қолади. Устоз Ғайбулла Саломов ўзидан айни шундай мактаб қолдирган мавлоно зотлардандир.
Ўзбек олими собиқ тузум давридаёқ асос солган таржимашунослик мактабининг довруғи нафақат юртимиз, балки дунё миқёсида, хусусан, Франция, Болгария, Словакия, Туркия, Россия, Беларусь, Украина, Арманистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон мамлакатлари илмий доираларида эътироф этилган.
Академик Акмал Саидов Домланинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган мақоласида таъкидлаганидек, “Ғайбулла Саломовнинг ўзбек таржимашунослиги мактаби” дея ном олган илмий мактаб мамлакатимиз, ҳаттоки жаҳон илм-фани равнақида беқиёс ўринга эга. Бу мактаб истиқлол йилларида адабиётшунослик, таржимашунослик ва таржимачилик соҳалари тараққиётига айниқса муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Таниқли олимлар Абдузуҳур Абдуазизов ва Нажмиддин Комилов ўз даврида ҳақли равишда қайд этганларидек, Ғайбулла Саломовнинг илм-фан ривожи йўлидаги самарали хизматлари туфайли таржимашунослик — икки тилдаги матнни чоғиштириш ёки бир тилдаги маънонинг иккинчи тилда акс этишини аниқлашгина эмас, балки ўзбек тилининг салоҳияти, бойлиги ва имкониятларини кўрсатиш, жаҳон адабиётини миллий заминда қайта яратиш экани тан олинди. Таржимашунослик шу жараённи умумфилологик кўламда тадқиқ қиладиган фан эканлиги аниқланди. Таржима – Ватан адабиётини бойитиш, ўзаро маънавий қадриятлар, фикр-ғоялар алмашиш воситаси, таржимон эса чинакам ижодкор адиб деб қараладиган бўлди.
Ўтган даврда фидойи шогирдлар профессор Ғайбулла Саломов илмий мактабига хос асосий принципларни чуқур ўргандилар. Булар қуйидагилардан иборат:
биринчи принцип – таржима ва халқаро адабий алоқа, қиёсий адабиётшунослик бирга ўрганилиши лозим;
иккинчи принцип – бу жарёнда қиёсий тилшунослик ютуқларига таянилиши, тил ва адабиёт ҳодисалари биргаликда олиб қаралиши шарт;
учинчи принцип – таржимашуносликда услублар чоғиштирилади, муаллиф услуби ва таржимон услуби тўқнаш келади, ёзувчи услуби таржимон услуби орқали реаллашади;
тўртинчи принцип – таржима кенг маънодаги ижодкорликдир, аммо у асарни ўзгартирадиган ижодкорлик эмас. Бу “ўзгалар орқали ўзини ва ўзи орқали ўзгаларни намоён этиш” санъатидир;
бешинчи принцип – бадиий таржимада ички шарҳ — интерпретация бўлиб туради, бироқ бунда меъёрни сақлаш даркор;
олтинчи принцип – таржимашунослик умумфилологик илм бўлиб, уни бир соҳа билан чегаралаб қўйиш ноўриндир.
Шу билан бирга, соҳанинг пири бўлмиш Ғайбуллоҳ ас-Салом фикрича, таржимашунослик – қомусий фан. У ўз таркибига тарих, назария ва танқид, адабиёт назарияси, қиёсий адабиётшунослик ва типология, тил, грамматика, услубиёт, луғат, халқ оғзаки ижоди, атамашунослик, иборасозлик (фразеология), мақолшунослик ва маталшунослик (паремиология), фалсафа, мантиқ, этнография, руҳшунослик (психология), баён ва иншо, матншунослик, мамлакатшунослик каби фанларни қамрайди.
Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси:
тарихи ва бугуни
Устоз Ғайбулла Саломов бевосита саъй-ҳаракатлари билан ўша пайтдаги ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) негизида собиқ иттифоқда биринчи бўлиб “Таржима назарияси ва амалиёти кафедраси” ташкил этилганди. Домла бу хусусда, жумладан, шундай хотиралар битиб қолдирган:
“...Биз уч киши эдик. Мен, Нажмиддин Комил ва Тилак Жўра. Таржимашунослик кафедрасининг ўқ пояси – мен. Ўнг биқинимда – Нажмиддин афанди, чап биқинимизда – ардоқли шоир Тилак. Биз худди Дон-Кихотлар сингари, ўта хаёлпарастлик билан, илмий бидъат ва қизил хурофотга таянган, миллий қадриятларимиз ва манфаатларимизга терс йўналишда чархпалак бўлиб айланаётган даҳшатли шамол тегирмони – таълим-таҳсил фундаментализмига қарши курашга отланган эдик”.
Бу фикрлар бугун кимларгадир андак муболағадор туюлиши мумкин, аммо ўша давр муаммоларидан хабардор кишилар учун бундай эмас. Муаммолардан бири – ўша замонларда Ўзбекистоннинг собиқ иттифоққа тобе республика сифатида ҳамма масалаларда, таъбир жоиз бўлса, ўзбек ўз ҳовлисида товуқ катаги ёки боғида чорпоя қуриши учун ҳам “марказ”дан ижозат олиши талаб этилган.
Янада ёмони, мустамлакачилик замонида барча миллий тиллар қатори ўзбек тилининг ҳам йўқолиб кетишига қаратилган сиёсат олиб борилган. Шунинг учун турғунлик даври деб аталмиш ўша йилларда ўзбек тили асосан бадиий адабиёт ва матбуот тили бўлиб, ижтимоий ҳаёт, олий мактаб, фан ва техника соҳаларида унинг фаолияти торая бошлаган.
Ҳолбуки, айни худди шу жабҳаларда кенг қўлланилишга у жуда муҳтож эди. Чунки тилга ишлов бермай, унинг қўлланилишини чеклаб туриб, ўша тилда катта замонавий маданият, фан ва техника асарлари яратиб бўлмайди. Шундай қалтис ва оғир вазиятда Ўзбекистонда тиллардан тилларга таржиманинг илми ва амалиётига таянгувчи Таржима назарияси кафедрасини ташкил қилиш учун мардона иш олиб борилган.
Устоз Ғайбулла ака қайд этганидек, “Мавжуд барча фалокатларнинг устига-устак, таржима санъати ва илмига собиқ мамлакат олий таълимида «атторнинг қутисида» ҳам жой йўқ эди. Қиёси йўқ кафедра. Уни биз, аслида, бўш-тақир жойда яратгандик. Бутун собиқ СССРда бунақа кафедра бўлмаган ўша даврда. Шунинг учун ҳам биз бамисоли қонунсиз туғилган ўгай соҳа кишиларига айланиб қолгандик. Совет олий мактаби эса ҳар қандай янгиликдан ўлгудай қўрқарди”.
Интилганга толе ёр, дейдилар. Бу эзгу кураш йўлидаги турли ғов-тўсиқлар Ғайбуллоҳ ас-Салом ва шогирдларини синдира олмади. Аксинча, тоблади, чиниқтирди. Натижада 1969 йилда Тошкент Давлат университети қошида Таржима назарияси кафедраси расман очилди.
Кейинчлик янги таржимачилик ихтисоси республикамизнинг олий мактаблари бўйлаб кенг ёйилди. Хусусан, ТошДУнинг бешта факультети — ўзбек ва рус филологияси, журналистика, роман-герман ва шарқ филологияси факультетларида таржимачилик илми ва амалиётидан дарслар ўтила бошланди. Бу маърифий жараён умумий назарий таҳсил билан бирга махсус курсларни ҳам қамраб олди.
Буларнинг барчаси юртимизда таржима ишидаги аҳвол кенг маънода яхшиланиб, таржимон кадрлар тайёрлаш масаласида музлар эрий бошлашига олиб келди. Хусусан, таржима таҳсили билан бир қаторда, катта таржима адабиёти нашрлари, таржимонлар билан иш олиб бориш, ўзбек тилига ҳамда ўзбекчадан бошқа тилларга ўгириш, таржима ва таҳрир, ёш таржимонлар тайёрлаш, сафдаги таржимонларнинг малакасини ошириш масалаларида муҳим натижалар қўлга киритилди.
Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг илмий ва маънавий мероси
Ғайбулла Саломов юртимизнинг атоқли ва забардаст олимларидан биридир. Устоз 1982 йилда филология фанлари доктори илмий даражасига, 1984 йилда профессор илмий унвонига сазовор бўлган. Домла 1993 йили юксак давлат мукофоти – “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони билан тақдирланган.
Ғайбуллоҳ ас-Салом мамлакатимизда энг кўп шогирдлар тарбиялаган заҳматкаш олимлардан биридир. Устоз 1996 йили чиққан “Толибнома” китобида: “Илмий раҳбарлигим ва мутасаддийлигимда 67 киши фанлар номзоди, жумладан, 8 киши фанлар докторлиги илмий даражаларини хатм қилишди”, деб ёзгани бежиз эмас. Домланинг шогирдлари орасида мамлакатимизнинг кўзга кўринган фан ва маданият ходимлари, жамоат арбоблари бор.
Худди шу ишончли манба далолатига кўра, Ғайбуллоҳ ас-Салом 20 дан зиёд китоблар, дарсликлар, рисолалар, 200 га яқин мақолалар муаллифи ҳамдир. Жумладан, «Мақол ва идиомалар таржимаси» (1961), «Тил ва таржима» (1966), «Таржима назариясига кириш» (1978), «Дўстлик кўприклари» (1979, Н.Комилов билан ҳамкорликда), «Адабий анъана ва бадиий таржима» (1980), «Таржима ташвишлари» (1981), «Таржима назарияси асослари» (1983) каби китоблари тадқиқотчилар, ўқитувчи ва талабалар учун муҳим ҳамда қизиқарли манбалар ҳисобланади.
Устознинг бадиий таржимачилик ва таржимашуносликка доир илмий-назарий асарлари кутубхоналарда, Интернет саҳифаларида дунё миқёсида фаол излаб-топиб ўқилаётган нашрлар сирасига киради. Ушбу асарлар Ўзбекистонда кейинги чорак асрдан буён деярли қайта нашр этилмади. Албатта, таниқли журналист ва олим Хайрулла Ҳамидов саъй-ҳаракатлари билан 2015 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институти чоп эттирган “Таржима назариясига кириш”дарслигининг қайта ишланган нашри бундан мустасно.
Домла моҳир таржимон ва мунаққид, публицист ва шоир ҳам эди. Буни у кишининг Ғайбуллоҳ ас-Салом тахаллуси билан битилган “Эй, умри азиз”, “Армон”, “Ваҳийдан келар бир садо”, “Толибнома”, “Эзгуликка чоғлан, одамзод”, “Ҳалоллик бозорда сотилмайди”, шунингдек, “Жаҳонгашта “Бобурнома” (Н.Отажонов билан ҳаммуаллифликда), “Фозил инсон қиссаси” каби маънавият ва маърифат, тарих ва маданият масалаларига оид бир қатор асарлари яққол тасдиқлайди.
Яна бир аҳамиятли жиҳат – Ғайбулла Саломов рус, тожик, озарбойжон тилларида ёза олган ва шу тилларда мақолалар чоп эттирган. Домланинг хорижий давлатларда доимий алоқада бўлган ҳамкасблари, дўстлари ҳам кўп бўлган. Зеро, Устоз таъкидлаганларидек, “Таржима дўстлик дарахтидир. Шоир ва таржимон бу дарахтни биргалашиб китобхон қалбига ўтқазади. Унинг илдизлари қанчалик маҳкам бўлса, меваси шунча мўл ва ширин бўлади”.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 30.09.2024
- Кўришлар: 721
- Чоп этиш