Жорий йилнинг 2-5 октябрь кунлари Самарқандда “Аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусидаги I халқаро конференция ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида ташкил этилган тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP), БМТ Болалар жамғармаси (UNISEF), АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) каби халқаро ташкилотлар ва йигирмадан ортиқ давлат вакиллари, хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги элчилари, бир қатор вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этганди.
Анжуманда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларда маҳалланинг иштироки, “маҳалла еттилиги” фаолияти атрофлича таҳлил қилинганди.
Конференция якунлари бўйича БМТнинг юртимиздаги ваколатхонаси ва бошқа ҳамкор халқаро ташкилотлар томонидан якуний декларация имзоланганди.
Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳида мазкур декларация 194 давлат вакиллари томонидан расмий ҳужжат сифатида қабул қилинди.
– Ушбу декларациянинг БМТ томонидан расмий ҳужжат сифатида қабул қилиниши, аввало, мазкур анжуман нуфузини билдиради, – дейди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Шерали Йўлдошев. – Асосийси, бу орқали Ўзбекистондаги маҳалла тизими бошқаруви, мазкур тузилманинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни эътироф этилди, дейиш мумкин. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистоннинг маҳалла тизими, бу борада сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар билан биргаликда маҳаллалар уюшмасининг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда келгусида ҳаётга татбиқ этиладиган режалари акс этган. Олти расмий тилда эълон қилинган ҳужжатда Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳалланинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, унинг ролини кучайтириш ва ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари сифатида фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган изчил ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ташкил этилиши ва “Маҳалла еттилиги” фаолиятининг йўлга қўйилиши муносабати билан маҳалла раиси, ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича фаол, ёшлар етакчиси, солиқ инспектори ва ижтимоий ходимнинг ҳамкорликда ишлаши эътироф этилди. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва жадал ислоҳотлар, жумладан, маҳалланинг роли сезиларли даражада ошгани, унинг маҳаллий муаммоларни ҳал этишда биринчи бўғин сифатида фаолият кўрсатаётгани, шунингдек, мустақил ва адолатли тузилмага айлантирилгани юксак баҳоланди.
Декларацияда конференция хулосалари сифатида халқаро ташвиқотни кучайтириш ва жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистонда мавжуд ўзини ўзи бошқаришнинг ўзига хос “Маҳалла” тизими билан таништириш, шунингдек, халқаро ўзини ўзи бошқариш ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маҳалла тизими ходимлари фаолиятини давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, фуқаролар ўртасида тинчлик, миллатлараро дўстлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилади.
Шунингдек, ҳужжатда бугунги тез ўзгарувчан ва хавфли дунёда ЮНИCЕФ маҳаллани Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга оширишнинг кучли платформаси сифатида кўриши баён қилинади. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эса маҳаллаларни фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида эътироф этиши ва уларни тенглик асосидаги дастурлар орқали қўллаб-қувватлаши билдирилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 25.11.2024
- Кўришлар: 625
- Чоп этиш