Жиноятларга жазо қўллашдан мақсад шу йўлга кираётган одамларни қайта тарбиялаш, тўғри йўлга тушиб олишига кўмак кўрсатиш ҳамдир.
Қачонки, озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг қилмиши ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмаса, тузалиш йўлига ўтса, бундай шахсларга инсонпарварлик тамойили қўлланилиши, яъни жазодан озод этилиши мумкин.
Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тизимида колонияда жазо муддатини ўтаётган, инсонпарварлик далолатномасига расман тўғри келган маҳкумларга инсонпарварлик далолатномасини қўллаш юзасидан, уларни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган тоифаларга ажратиш бўйича тегишли комиссия фаолият юритмоқда. Комиссия таркибида депутатлар, Омбудсман, жамоатчилик вакиллари бор.
ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ахборот хизматидан маълум қилишларича, комиссия томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Маҳкумларга оид ҳужжатлар, уларнинг муассасада ўзини қандай тутаётгани ва бошқа жиҳатлар кўриб чиқилмоқда.
50-сонли манзил колонияда комиссия аъзолари маҳкумлар билан суҳбат олиб борди. Ижобий натижа қайд этган маҳкумларга инсонпарварлик тамойили қўлланилади.
Яна бир колониядан эса етти нафар маҳкум ҳақидаги маълумотлар судга тақдим этилди. Суднинг ажримига асосан улардан тўрт нафари Жиноят кодексининг 73-моддасига кўра жазодан муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. Уч нафари Жиноят кодексининг 74-моддасига кўра жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.
Озод этилган шахсларнинг яшаш ҳудудидаги ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига хабар берилиб, тегишли дафтарга қайд этилди. Колония бошлиғи томонидан маҳкумларга озодликка чиқиб, ҳаёт йўлларини изга солишни, қайтиб жиноятга қўл урмаслик бўйича тушунтирилди.
20-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга инсонпарварлик далолатномасини қўллаш мақсадида комиссия мажлиси ўтказилди. Жазо муддатини ўтаётган икки нафар маҳкум Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари озод қилиниши масаласи кўриб чиқилди.
Инсонпарварлик далолатномасини қўллаш муддати тўғри келган ҳар иккала маҳкумнинг ҳужжатлари улар тузалиш йўлига ўтганлиги, кун тартиби ва жазони ўташ шартларига доимий риоя қилишлари инобатга олиниб, инсонпарварлик далолатномасини қўллаш учун судга тақдим этилди.
Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 04.04.2024
- Кўришлар: 2129
- Чоп этиш