Мактабларда смартфон ишлатиш тақиқланиши керакми? — хориж тажрибаси

Мактаб ўқувчиларининг смартфон ишлатиши ўқиш самарадорлиги тушишига, болаларда ҳиссий бузилишларга олиб келиши мумкин. Шу сабаб кўплаб давлатларда мактабда ўқувчиларнинг телефон, планшет кабиларни ишлатиши тақиқланган ва тақиқланяпти. Ўзбекистон мактабларида ўзи телефон ишлатиш мумкинми?

Англия ўқувчилари учун смартфонлар тақиқланди

Ўтган ҳафтада Англия ҳукумати мактабларда мобил телефондан фойдаланишни тақиқлаш бўйича йўриқнома эълон қилди. Унга кўра, мактабларда ўқув куни мобайнида, танаффуслар вақтида ҳам ўқувчиларнинг телефондан фойдаланиши мумкин эмас.

 Бунинг билан ҳукумат ўқувчиларга халақит берувчи омилларни минималлаштиришни ва синфхоналарда ўқувчиларнинг ўзини тутишини яхшилашни, онлайн буллингнинг олдини олишни режа қилган.

Англияда кўп мактабларда смартфондан фойдаланиш шундоқ ҳам тақиқланган, янги ўзгариш буни янада мустаҳкамлаб беради. Лекин ҳозирча тақиқ қонунга киритилмаган, қоидалар фақат смартфонлардан фойдаланишни чеклашни қандай амалга ошириш кераклиги ҳақида йўриқнома тарзида ишлаб чиқилган.

Йўриқномада телефонлардан холи ҳудудни қандай шакллантириш ҳақида маълумотлар берилади. Унга кўра, болалар телефонга эгалик ҳуқуқини сақлаб қолиши, уларни ёнида олиб юриши мумкин. Лекин бу қатъий шартлар асосида бўлиши керак. Телефоннинг борлиги билинмаслиги, кўринмаслиги, овози чиқмаслиги керак.

Ҳукумат йўриқномани эълон қилишда юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўровномани ҳам келтириб ўтган. Унга кўра, ўқувчиларнинг 29 фоизи кўп ёки деярли барча дарсда телефондан фойдаланишини билдирган.

Англия Мактаб ва коллеж лидерлари уюшмаси йўриқномадан кўп нарса кутиб бўлмаслигини айтмоқда. Сабаби кўп мактаблар шу пайтгача ҳам аллақачон смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаб қўйганди.

Смартфонларни тақиқлаган бошқа давлатлар

Мобил телефонларни мактабларда тақиқлаш анъанаси энди бошланаётгани йўқ. Франция, Финландия, Хитой, Италия ва Португалия каби давлатлар аллақачон телефонлар мактабдаги ўқув жараёнларига ёрдам бермаслиги, аксинча, халақит қилиши борасида бир қарорга келиб бўлган.

Масалан, 2021 йилда Хитойда ўқувчиларнинг мактабга телефон олиб бориши тақиқланган. Олиб боришса ҳам, ўқув куни бошланишидан олдин уни ўқитувчига топширишади.

Франция эса 2018 йилдаёқ боғча, бошланғич ва ўрта мактабларда смартфонлардан фойдаланишни қонунан тақиқлаган.

Яқинда Франциянинг бир ҳудудида тажриба тариқасида нафақат мактабларда, балки жамоат жойларида телефондан фойдаланиш тақиқланди.

Парижнинг жанубида жойлашган, аҳолиси 2 мингдан камроқ бўлган Сент-Порто қишлоғидаги бу тақиқ билан катталарга жамоат жойларида, қирғоқ, дўкон, кафеларда, болаларини мактабдан олишга борганда, болаларга эса кўчада кетаётганда телефондан фойдаланиш тақиқланади.

Бу ҳудудда ҳатто болаларнинг уйда телефондан фойдаланмаслиги бўйича низом ҳам ишлаб чиқилди. Унга биноан, болалар ухлашдан олдин, овқатланиш вақтида экранга қарамасликлари керак. Агар ота-оналар ёзма келишув имзолашса, улар 15 ёшдан кичик боласига телефон беришни тўхтатади. Ўрнига ҳудуд маъмурияти эски русумдаги телефонларни фойдаланиш учун тарқатади.

Шунингдек, 2024 йил 1 январдан Нидерландия мактабларида ўқувчиларнинг мобил телефон, планшет ва ақлли соатларда дарсга кириши тақиқланди. Фақатгина рақамли кўникмаларга боғлиқ дарсларда барча ўқувчиларга, тиббий ҳолати сабаб баъзи ўқувчиларга смартфонларни ишлатишга рухсат берилиши мумкин.

АҚШ мактабларининг асосий қисмида ҳам фақатгина академик мақсадлардагина телефондан фойдаланишга рухсат берилади. Қолган ҳолатларда смартфон ишлатиш мумкин эмас. Жанубий Кореяда ҳам ўтган ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларга синфхонада телефон ишлатиш тақиқланган.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар тўрт мамлакатдан биттасида мактабларда телефондан фойдаланиш бўйича аниқ белгиланган тақиқлар мавжуд. Бу 13 фоиз ҳолатда мамлакатдаги қонунлар, 14 фоиз ҳолатда эса мобил телефондан фойдаланишни тақиқловчи сиёсат кўринишида амалга киритилган.

Нега мактабларда смартфонларни ишлатиш керак эмас?

Технологиялар ҳаётимизга қанчалик чуқур кириб келган ва ишимизни осонлаштираётган бўлишига қарамай болаларнинг улардан фойдаланишини доимий назоратда сақлаган маъқул.

2023 йили ЮНЕСКО ташкилоти бутун дунё мактабларида смартфонлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича чақириқ билан чиққан эди.

ЮНЕСКОга кўра, телефондан кўп фойдаланиш таълим самарадорлиги тушишига сабаб бўлиши, экранга кўп қараш болаларнинг ҳиссий барқарорлигига салбий таъсир қилиши мумкин.

Гаджетларга хаёли бўлинган бола қайта диққатини жамлаши учун 20 дақиқа сарфлаши керак бўлади. Бу эса ўз-ўзидан боланинг ўзлаштиришига таъсир қилади.

ЮНЕСКО бу борада Белгия, Испания ва Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотларни келтиради. Бу тадқиқотларда синфхоналарда телефон ишлатиш тақиқланганда ўқувчиларнинг ўзлаштириши яхшиланган. Айниқса, ўзлаштиришда қийинчиликка дуч келадиган ўқувчиларда натижа яхшироқ бўлган.

Шунингдек, кўп вақт экранга қараш ўқувчиларнинг ўзлаштиришидан ташқари уларнинг ижтимоий муносабатларга киришувчанлигига, руҳий ҳолатига салбий таъсир қилиши, ёшларда руҳий инқирозларга сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбекистон мактабларида телефон ишлатиш мумкинми?

2012 йилда қабул қилинган “Таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги қарорга кўра, таълим муассасаларида тадбир ва ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ўқувчилар телефонини ўчириб қўйиши ва уни портфели, сумкаси ва шу кабиларга солиб қўйиши шарт.

Ўқув машғулотлари вақтида эса телефон орқали сўзлашиш, SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш, телефонни стол устига қўйиш, мусиқа тинглаш, қулоқчин ишлатиш ва бошқа турли вазифалар учун ҳам телефон ишлатиш мумкин эмас.

Фақатгина зарур ҳолатлардагина ўқувчига дарс вақти уйдагилари билан гаплашиб олишига рухсат берилади.

Агар ўқувчи дарсда телефон ишлатса, уларга огоҳлантириш берилиши, кундалигига бу ҳақида ёзилиши (қарор 2012 йилги, ҳозир ўқувчиларга кундалик тутиш мажбурий эмас), ота-онаси мактабга чақиртирилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 27 феврал куни Чирчиқ шаҳрида мактаб директорлари билан бўлган учрашувда «телефонсиз мактаб» ташаббусини илгари сурди. Ҳоким телефондан фойдаланишдан воз кечган мактабларга 300 млн сўм мукофот берилишини маълум қилди.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech