Статистика агентлиги маълумотига асосан, Ўзбекистон Марказий банки шарҳида Меҳнат бозоридаги бўш иш ўринлари (вакансиялар) сони билан ўлчанадиган ишчи кучига бўлган талаб сезиларли даражада ошганлиги айтилган.
Мамлакатимизда ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллигидан бошлаб меҳнат бозори кўрсаткичлари яхшиланишда давом этмоқда. 2023 йил якунига, юқори инвестицион фаоллик шароитида жами иш билан банд бўлган аҳоли сони 312 минг кишига ёки ўтган йилга нисбатан 2,3 фоизга ошди.
Иқтисодиётдаги ишсизлик даражаси сезиларли даражада камайиб, 6,8 фоизни ташкил қилди. Бандликка асосий ҳисса қўшган соҳалар қурилиш ва савдо тармоқлари бўлса-да, қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар сони камайди.
Қайд этилишича, ушбу даврда бўш иш ўринларининг ўртача сони қарийб 36,8 мингтани ташкил этиб, 2023 йил декабр ойи кўрсаткичларига нисбатан 14 фоизга ошган. Энг кўп бўш иш ўринлари чакана савдо, қурилиш, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш ва таълим соҳаларида шаклланишда давом этмоқда.
Ҳудудлар бўйича бўш иш ўринларининг асосий қисми Тошкент шаҳри (60 фоиз атрофида), Самарқанд (11 фоиз) ва Тошкент вилоятларига (9 фоиз) тўғри келган. Бундан ташқари, йил бошидан якка тартибдаги тадбиркорлар сони 8,2 фоизга ошиб, 262,8 минг кишини ташкил этди. Тадбиркорлар асосан чакана савдо (+8,6 фоиз) ва маиший хизмат кўрсатиш (+18,9 фоиз) йўналишларида рўйхатдан ўтмоқда. Ушбу ҳолат ўзини ўзи банд қилганлар билан ҳам кузатилиб, уларнинг сони йил бошидан 287 минг кишига ёки 11,8 фоизга ошган (2,8 миллион киши). Бўш иш ўринлари ва бандлик динамикалари биргаликда жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодий ўсиш юқори бўлганлигини кўрсатади.
Қурилиш ва хизматлар соҳасининг ўсиши келгусида умумий иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, чакана савдода бандликнинг юқори суръатларда ўсиши иқтисодиётда талабнинг сақланиб қолаётганини билдиради.
Иш қидираётганлар орасида эълонларнинг салмоқли қисми транспорт, қурилиш, бухгалтерия ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғри келмоқда. Меҳнат бозорида талабнинг мавжудлигига қарамасдан, унинг ишчи кучи таклифи билан айрим таркибий номутаносибликлари мавжуд. Бу бир томондан, олдинги даврлардаги бўш иш ўринлари сонининг сезиларли қисми сақланиб қолаётганида (дастлабки, Т-1 даврида 64 фоиз ва Т-2 даврида 55 фоиз атрофида), бошқа томондан эса, хусусий сектордаги юқори ва ўрта малакали ишчиларнинг иш ҳақлари ўртасидаги тафовутда намоён бўлмоқда.
Бунда махсус кўникмалар талаб этиладиган ахборот технологиялари, ўзини-ўзи банд қилганлар якка тартибдаги тадбиркорлар, ўнг масштаб тиббиёт, ишлаб чиқариш каби соҳаларда бўш иш ўринлари ўтган даврлардан сақланиб қолаётган бўлса, маиший хизматлар, қўриқлаш/хавфсизлик хизматлари ва талабалар учун бўш иш ўринлари юқори тезликда янгиланиб келмоқда.
Иш ҳақи динамикаси меҳнат бозорининг жорий ҳолатини ўзида акс эттиришда давом этмоқда. 2024 йилнинг биринчи чорагида иш ҳақининг номинал ўсиш суръати йиллик 19,8 фоизни, инфляцияни ҳисобга олган ҳолда эса 9,8 фоизни ташкил этди. Хусусан, ишчи кучига бўлган юқори талаб фонида, савдо (24,4 фоизга) ҳамда ахборот ва алоқа (23,5 фоизга) соҳаларида юқори кўрсаткичлар сақланиб қолди.
Қурилиш соҳасида меҳнат ресурслари таклифининг ўсиши ҳисобига иш ҳақи ўсиши пастроқ шаклланмоқда (6,6 фоиз). Иқтисодиётдаги бандлик ва ишлаб чиқариш даражасини инобатга олганда, хизмат кўрсатиш соҳаларининг аксариятида меҳнат унумдорлиги иш ҳақи ўсишидан ортда қолиб (1-илова), бу хизмат кўрсатиш соҳаси томонидан инфляцияга босим берувчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Биринчи чоракда ташқи меҳнат миграцияси тенденцияларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади. Бу биринчи навбатда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,6 фоизга ошган трансчегаравий пул ўтказмалари динамикасида ўз аксини топди.
Жорий даврдаги пул ўтказмаларининг ўсиш тенденцияси сўнгги пул-кредит сиёсати шарҳида тақдим этилган базавий прогнозлар доирасида шаклланмоқда. Айни пайтда, хорижий давлатлар томонидан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига бўлган талаб юқори шаклланиб келмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, биринчи чоракда хорижий бўш иш ўринлари сони 46 мингдан ортиқни ташкил қилган. Шу билан бирга, талаб географик жиҳатдан ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Венгрия, Беларусь Республикаси ва бошқа давлатлар шулар жумласидандир.
Хорижий бўш иш ўринларида маълум кўникма ва малакаларга бўлган талаб муҳожирларнинг ишга жойлашишида асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш, мигрантларнинг малакасини ҳамда тил билиш даражасини ошириш ўрта муддатли истиқболда мамлакатга қўшимча меҳнат дивидендини ошириш имконини беради.
Ш.Маматуропова, ЎзА
- Қўшилди: 14.05.2024
- Кўришлар: 1575
- Чоп этиш