Хоразм вилоятининг кўҳна Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди.
Форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон парламентлари раҳбарлари ва делегациялари, шу жумладан, ёшлар парламенти ва гуруҳлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.
Сенат Раиси Т.Норбоева Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар раҳбарларининг олий даражада эришаётган келишувларини самарали амалга ошириш, ҳамкорлик форматларини янада ривожлантиришда парламентлар ўртасидаги ўзаро алоқалар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Сенат Раиси парламентлараро ҳамкорлик доирасидаги ишларни фаоллаштириш юзасидан қатор таклифлар билдирди. Шундан сўнг ҳар бир давлат делегацияси раҳбари ўз кириш сўзида форум аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар, мақсад ва вазифаларга тўхталиб ўтди.
Қайд этиш жоизки, форум Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари, давлат ҳокимияти вакиллик органлари, ёшлар парламентлари ҳамда хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришни мақсад қилган.
Анжуман ўз ишини 4 та панел сессия доирасида давом эттирди. Форум натижалари бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида парламентлараро ҳамкорликнинг янги шакллари ва йўналишлари ишлаб чиқилди. Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда парламентлараро комиссиялар, дўстлик гуруҳлари ва маҳаллий вакиллик органларининг иштирокини кенгайтиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.
Марказий Осиё мамлакатлари ёшлар парламентлари ва гуруҳларининг минтақа парламентлари раҳбарларига мурожаатлари юборилди. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда хотин-қизлар ва ёшларнинг ролини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Форум якунида Марказий Осиё давлатларининг парламентлараро ташаббуслари доирасидаги ҳамкорлик ва кейинги ҳаракатлар учун асос бўладиган Хива декларацияси қабул қилинди.
Норгул АБДУРАИМОВА, Бекзодбек Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 13.09.2024
- Кўришлар: 963
- Чоп этиш