Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида президент қарори имзоланди.
Қарорга кўра, 2024 йилда Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги кенг нишонланади.
Мамлакатдаги Мирзо Улуғбек номи билан боғлиқ объектлар, шу жумладан, Мирзо Улуғбек шарафига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари мукаммал таъмирланади ва уларнинг ҳудуди ободонлаштирилади.
Ааллома илмий-ижодий меросига мансуб қўлёзма ва бошқа маданий бойликлар реставрация қилинади, ишончли сақлаш учун зарур шароит яратилади.
Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллигига бағишлаб «Жаҳон тамаддуни ривожида Мирзо Улуғбек илмий-маърифий меросининг ўрни ва аҳамияти» мавзусида илмий-адабий тадбирлар ўтказилади.
Давлат театрлари ва талабалар театр-студияларида Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолиятига оид спектакллар саҳналаштирилади.
Самарқанд шаҳрида 10-11 октябр кунлари «Мирзо Улуғбек: буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби» мавзусидаги халқаро конференция ўтказилади.
Мирзо Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» асарини ўзбек, рус ва инглиз тилларида, «Тўрт улус тарихи» номли тарихий асарининг ўзбек тилига таржимаси қайта нашр қилинади.
Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий-маърифий меросини ўрганишга бағишланган энг яхши илмий мақолалар танлови ўтказилади.
Шарқшунослик институтида Мирзо Улуғбек даврига оид асарлар қўлёзмаларининг кўргазмаси ташкил этилади.
Улуғбек ҳақида яратилган «Осмон тоқига қўйилган нарвон» номли ҳужжатли филм тақдимоти ўтказилади.
Kun.uz
- Қўшилди: 13.09.2024
- Кўришлар: 1125
- Чоп этиш