2024 йил 27 октябрь куни мамлакатимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар юқори даражада ташкил этилди. Давлатимиз тарихида биринчи маротаба аралаш сайлов тизими асосида ўтган парламент сайловлари халқаро кузатувчилар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди.
Амалиётимизга аралаш сайлов тизимининг жорий этилиши сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириб, жамиятимиздаги демократик муҳитга янги қувват бағишлагани сайловолди ташвиқоти давомида яққол намоён бўлди. Сайловни 65 мингдан зиёд маҳаллий кузатувчилар, 850 дан ортиқ хорижий ва халқаро кузатувчилар кузатиб борди, 1 000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари кенг ёритишда иштирок этди.
Жорий йилнинг 28 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинди. Шундан келиб чиқиб, бугун, 29 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси Раиси сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 74,72 фоизи иштирок этгани ҳамда сайловда иштирок этган сиёсий партияларнинг ҳар бири сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг етти фоизидан кўп овоз тўплаганини қайд этди. Шу сабабли 2024 йил 27 октябрда ўтказилган ягона сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови ўтган ва ҳақиқий деб топилди.
Мажлисда шунингдек, ҳудудий сайлов комиссияларининг сиёсий партияларга берилган овозларни аниқлаш тўғрисидаги баённомаларига асосан ягона сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов натижаларини аниқлаш ва депутатлик мандатларини сиёсий партиялар ўртасида тақсимлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатасига сайлов натижалари ва депутатлик ўринларини сиёсий партиялар ўртасида тақсимлаш Сайлов кодексининг 96/1-моддасига асосан амалга оширилди. Яъни, сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг етти ва ундан кўпроқ фоизини олган барча сиёсий партияларга берилган овозлар сони етмиш бешга бўлинган ҳолда сайлов коэффициенти аниқланиб, сиёсий партиялар тўплаган овозлар сони сайлов коэффициентига бўлинди.
Шундан келиб чиқиб, ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси сайловида депутатлик ўринлари сиёсий партиялар ўртасида қуйидагича тақсимланди: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 26 та депутатлик ўрни, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси – 14 та депутатлик ўрни, Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 13 та депутатлик ўрни, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси – 12 та депутатлик ўрни, Ўзбекистон Экологик партияси – 10 та депутатлик ўрни.
Мажлисда юқоридаги тақсимотга асосан Марказий сайлов комиссиясининг баённомаси расмийлаштирилиб, қарор билан тасдиқланди.
Бундан ташқари, қарор билан депутатлик мандатлари тақсимланган сиёсий партиялар ва партия рўйхати бўйича сайланган депутатларга хабарномалар юбориш белгиланди.
Шундан сўнг, Марказий сайлов комиссияси уларни Қонунчилик палатаси депутати этиб рўйхатга олади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 29.10.2024
- Кўришлар: 865
- Чоп этиш