Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 27 февралдаги ПҚ – 88-сон қарорига мувофиқ:

2024 йил 1 майга қадар электр юритмали кресло-аравача, вело кресло-аравача, санитария ускуналари билан жиҳозланган механик кресло-аравача, юриш мосламаси (роллатор), тўрт оёқли касса, овозли термометр ва тонометр ҳамда бошқа воситаларни инобатга олган ҳолда, давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турларини 18 тадан 30 тага кўпайтириш;

2024 йил 1 майдан бошлаб протез мосламалари ва реабилитация воситаларини харид қилиш учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдори бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, ўртача уч бараваргача, айрим воситаларнинг турларини эса ўн бараваргача ошириш;

2024 йил 1 октябрга қадар республиканинг барча ҳудудларида муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан ваучер асосида таъминлаш тартиби жорий этилиши;

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган индивидуал тартибдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларига мувофиқ протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланган муҳтож шахсларни таълим ва спортга жалб этиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш каби йўналишларда ижтимоий ҳаётга мослаштириш чоралари кўрилиши белгиланган.

Ҳукумат қарори билан Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Низомда:

протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожликни белгилаш ва уларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш тартиби;

протез мосламалари ва реабилитация воситаларини харид қилиш, етказиб бериш ва тўловларни тўлаш тартиби;

протез мосламалари ва реабилитация воситаларини бошқасига алмаштириш тартиби белгилаб берилган.

Шунингдек, мазкур қарор билан Давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари рўйхати ҳам тасдиқланди. 

Қарорга кўра, ваучер тизими жорий этилмаган ҳудудларда муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан сертификат тизими асосида таъминлаш тартиби сақлаб қолинади.

Протез мосламалари ва реабилитация воситалари “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида юритиладиган Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини сотувчи тадбиркорлик субъектлари реестрига киритилган тадбиркорлик субъектлари томонидан ваучерга мувофиқ реализация қилинади.

Бунда протез мосламалари ва реабилитация воситалари учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар ваучер асосида Реестрга киритилган тадбиркорлик субъектларига ўтказиб берилади.

Тадбиркорлик субъектларининг Реестрга кирмаганлиги уларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларини ишлаб чиқариш ёки сотиш фаолиятига тўсқинлик қилмайди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech