Жорий йилнинг 26 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари аъзолари ҳамда Ёшлар парламенти вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Омбудсман номига 2023 йилда 18622 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг 6487 таси ёки 40,7 фоизи хотин-қизлардан, 9473 та ёки 59,3 фоизи эркаклардан келган.
Муҳокамалар жараёнида сенаторлар ёшлар ва болалар ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоя қилинганига алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, Омбудсманнинг ташкилотларга қилган мурожаатлари натижасида 5 нафар талабанинг олий таълим муассасаларида таълим олишлари учун 24 млн сўмлик контракт пуллари тўланишида, 3 нафар вояга етмаган болаларнинг мактабга қабул қилинишида ҳамда 2 нафар мактаб ўқитувчилари дарс юкламасининг тикланишида, 2 нафар талабага ОТМга қарашли ётоқхонадан жой ажратилишида кўмаклашилган.
Шунингдек, 30 нафар фуқаронинг тиббий кўрикдан ўтишида ва 17 нафарининг даволаниши учун йўлланма берилишида, 1 нафарининг “Саховат” уйига жойлаштирилишида, 5 нафари ногиронлик аравачаси ҳамда 2 нафари билак протези билан таъминланишида, 2 нафарига ногиронлик нафақаси ва 1 нафарига ногиронлик гуруҳи белгиланишида ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, 20 нафар фуқаронинг “аёллар дафтари”га киритилишида, 3 нафар хотин-қизга “ҳимоя ордери” берилишида, 2 нафар фуқаронинг ёшлар дафтарига киритилишида кўмаклашилган.
Муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан Омбудсманнинг кейинги фаолиятларида эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим масалалар таъкидланди.
Жумладан, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш, ҳавонинг ифлослантирилиши юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни алоҳида назоратга олиш ва таъсирчан чоралар кўриш, Омбудсманга мурожаат қилишнинг тез ва қулай имкониятини берувчи “мобиль илова”ни ишлаб чиқиш ва йўлга қўйиш каби таклифлар билдирилди.
Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 27.02.2024
- Кўришлар: 2194
- Чоп этиш