Мухбиримиз бонг уради
Самарқанднинг эски шаҳар қисмида, Регистон майдони яқинида Дари-занжир маҳалласи бор. Бу ном шу ердаги “Дари-занжир” маданий ёдгорлиги билан боғлиқ. Сўзма-сўз таржима қилинганда “занжирланган эшик” маъносини билдиради.
Абу Тоҳир Хожанинг “Самария” асарида “Дари-занжир Амир Темур Кўрагон хотинининг работи бўлиб, Чокардизанинг ғарб томонида ва мусулмонларнинг қабристонига туташган” деб қайд қилинган. XVI-XVII асрларда мазкур ҳудуд Ҳаёти Хон (Хоннинг ҳовлиси) номи билан ҳам юритилган. XVIII асрда ҳудудда мадраса, мактаб, ҳовуз, савдо дўконлари фаолият кўрсатган.
– Ота-боболаримиздан Дари-занжир ХI асрда дастлаб қалъа бўлгани, XIV аср охирларида яҳоли яшаш манзилига айлантирилгани ҳақида эшитганмиз, – дейди Дари-занжир маҳалласида яшовчи Жўрахон Маллахўжаев. – Бу ерда Амир Темур ва темурийларнинг яқин қариндошлари, кейинчалик дин пешволарининг оилалари яшаган. Улар аёлларини номаҳрамлардан ҳимоя қилиб, ҳужра эшикларини занжирлаб қўйган ва бегоналарнинг кириши тақиқланган. Шундан “Дари-занжир” ибораси келиб чиққан дейишади. XIV аср охири XV аср бошларида Дари-занжир яқинида катта масжид бўлган, масжидга келувчилар бу ердаги ҳужралардан дарсхона сифатида фойдалангани ҳақида маълумотлар бор. Жумладан, Алишер Навоий Самарқандда яшаган йиллари бу ерга келиб тургани тўғрисида манбаларда қайд этилган.
Афсуски, асрлар силсиласида мазкур обидага ҳам зарар етиб, айни чоғда яроқсиз ҳолга келиб қолган. 2009-2016 йилларда ўзим ушбу маҳаллага раислик қилганимда ҳашар йўли билан ёки ҳомийлар кўмагида объектни таъмирлаш бўйича таклиф бергандим. Аммо масъуллар маданий меросга зиён етишини айтиб, объект 2014 йилда таъмирланиши, бунинг учун маблағ ажратилишини маълум қилганди. Аммо ҳозиргача ҳеч қандай амалий иш қилинмади. Айни пайтда мажмуа хароба ҳолатда турибди.
“Дари-занжир” маданий мерос объекти маҳалла биноси рўпарасида жойлашган бўлиб, тўрт ҳужрадан иборат. Ҳозир объект деворлари абгор ҳолатга келиб қолган ва битта ҳужра нураб тушган. Қолган учта ҳужрадан аҳоли омборхона сифатида фойдаланиб келмоқда. Агар мажмуа тез фурсатда ҳимояга олинмаса, қолган қисми ҳам йўқ бўлиб кетиши мумкин.
– “Дари-занжир” ёдгорлиги моддий- маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган ва маҳаллий аҳамиятдаги моддий -маданий мерос объекти ҳисобланади, – дейди Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Зиёдулла Насимов. – Объектнинг умумий майдони 70,13 квадрат метрни ташкил этади ва узоқ йиллардан буён реставрацияга муҳтож. Шу боис, маданий мерос илмий-тадқиқот институти ва маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси билан ҳамкорликда “Дари-занжир” мажмуасининг лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, объектда таъмирлаш, тиклаш ва концервация ишларини олиб бориш режалаштирилган. Аммо бундан аввал ҳам ушбу мажмуани таъмирлаш ва концервация қилиш бир неча марта дастурга киритилган. Афсуски, бу ишлар қоғозда қолиб кетган.
Вилоят маданий мерос бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Самарқандда 130 та маданий мерос объекти йўқолиб кетиш хавфи остида турибди. Улар орасида “Дари-занжир” маданий мерос объекти ҳам борлиги ачинарли.
Туризм ҳақида гап кетганда сайёҳлик соҳаси жадал ривожланаётган мамлакатларда яқин ўтмишга ҳам ўзгача муносабат шакллангани тўғрисида эшитамиз. Ҳатто, ўтган асрда ишланган бадиий фильмлар суратга олинган объектлар сақлаб қолиниб, бу жойлардан туристик объект сифатида фойдаланишаётганини биламиз. Биз эса туркий адабиётнинг буюк вакили, дунёга машҳур Алишер Навоий бобомиз қадами теккан манзилларни асраб-авайлаб, бу жойларни сайёҳлик объектлари қаторига кирита олмаяпмиз.
Улуғ бобомизнинг қабри қўшни давлатда, унга муносабат ҳам турлича эканлигини эшитяпмиз. Ҳеч бўлмаганда, Навоий ҳазратлари номи билан боғлиқ ўзимиздаги мавжуд жойларга эътибор қаратсак, уларга туризмда даромад топиш манбаи сифатидагина эмас, балки ўтмишимиз, ўзлигимизнинг бир бўлаги сифатида қараб, халқимизни бундан баҳраманд этсак, айни муддао бўларди.
Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган йиғилишида давлатимиз раҳбари Самарқанддаги Амир Темур боғларини тиклаш ва бир қатор тарихий обидаларни таъмирлаш зарурлигини қайд этганди. Ана шу обидалар қаторида Дари-занжирга ҳам эътибор қаратилса, халқимиз тарихи, маънавий қадриятларимизни тиклаш йўлида муҳим қадам қўйилган бўлармиди?
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 27.02.2024
- Кўришлар: 2039
- Чоп этиш