Одам савдосига қарши курашиш борасидаги кенг кўламли ишларга қарамай, бугунги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда. Дунё бўйича ҳар йили 4,5 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбони бўлади. Ушбу жиноятдан жабрланганларнинг 80 фоизи эса хотин-қизлар ва болалар эканлиги янада аянчлидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқова маъруза қилар экан, Ўзбекистонда бу жирканч жиноятга қарши олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталиб ўтди. Аммо қатор ишлар амалга оширилишига қарамай, одам савдоси жинояти ҳамон содир этилаётгани, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарурлигини қайд этди.
Таъкидланганидек, инсонларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиш билан боғлиқ одам савдоси жинояти учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган. Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига одам савдоси жиноятини содир этганларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш билан боғлиқ ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилган одам савдоси, шунингдек, муқаддам одам ўғирлаш жиноятини содир этган шахслар томонидан одам савдоси жиноятининг содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши одам савдоси жинояти содир этилишининг олдини олишга, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси бўйича таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Лойиҳанинг муҳим эканлиги алоҳида таъкидланиб, қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 18.09.2024
- Кўришлар: 1111
- Чоп этиш