Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан жорий йил август-сентябрь ойларида хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 34 нафар бола Ўзбекистон Республикасига қайтарилган.
Шунингдек, октябрь ойининг дастлабки кунларида Ички ишлар, Ташқи ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган яна 4 нафар бола (3 нафари Туркиядан, 1 нафари Россия Федерациясидан) мамлакатимизга олиб келинган.
Бунда болаларни жойлаштириш ва уларни оилаларига ёки яқин қариндошларига қайтариш бўйича тезкор чоралар кўрилди. Ўзбекистонга олиб келинган болаларнинг 2 нафари ота-онасига, 1 нафари холасининг васийлигига топшириш бўйича расмийлаштирилди. 1 нафар бола бўйича вазият баҳоланмоқда ва онаси Россия Федерациясидан қайтгунигача вақтинчалик васийликни расмийлаштириш учун яқин қариндошлари аниқланмоқда.
Уларга ўзларининг яшаш манзилига яқин "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари томонидан бир қатор ижтимоий хизматлар, жумладан, болалар ва уларнинг оила аъзоларига психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА
- Қўшилди: 04.10.2024
- Кўришлар: 986
- Чоп этиш