Олий суд: жорий йилда зўравонликка йўл қўйган 126 нафар шахс озодликдан маҳрум қилинди

25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни. Бу санада аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашни кучайтириш, глобал миқёсда инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш бўйича тадбирлар ўтказилади.

Ўзбекистонда ҳам сана муносабати билан турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга, зўравонликка қарши курашиш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётир. Натижада  жамиятда зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳити қарор топмоқда.     

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича амалий тадбирлар режаси ижросини таъминлаш, зўравонликдан азият чеккан шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий хизмат сифатини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.   

Шу асосда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга “оила - маҳалла - туман ва ҳудуд” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилди.   

Мазкур қарорда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг фуқаролик ишлари бўйича суд ишларида мажбурий тартибда прокурор иштирокини таъминлаш, уларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартибини йўлга қўйиш белгиланган.   

Судлар томонидан бу йўналишдаги ишлар кўрилаётганда жабрланган, зўравонликка учраган шахслар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, бунда айбдор деб топилган шахсларга қонун доирасида жазо чоралари белгиланмоқда.   

Олий суд ахборот хизматидан маълум қилишларича, жорий йилнинг 10 ойи давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 15 минг 427 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 9 минг 210 нафарига жарима жазоси, 6 минг 217 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.   

Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 399 нафар шахс судланиб, уларнинг 126 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 255 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. 18 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.   

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech