Юртимиздаги зиёли инсонларнинг кўпчилиги мустабид тузум даврида турли баҳоналар билан айбланиб, қатағон қилингани ҳеч кимга сир эмас.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши асосида ана шундай инсонларнинг пок номлари тикланмоқда. Яъни, суд қарорлари асосида уларни оқлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган.
Олий судда ҳам муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишчи гуруҳи тузилган.
Ишчи гуруҳларнинг изчил фаолияти, саъй-ҳаракати туфайли сўнгги йилларда совет даврида қатағон қилинган 1 минг 31 нафар ватандошимиз оқланди.
Олий судга навбатдаги 198 нафар шахсга оид 11 жиноят иши келиб тушган ва ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилган. Улар Ўрта Осиёдаги Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик кенгашлари махсус йиғилишининг 1930-1938 йиллардаги қарорларига кўра, ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятлари ҳудудларида аксилинқилобий мақсадларда ҳаракатлар ва қуролли қўзғолонлар, террорчилик, бандитизм ва шпионаж содир этиш, Туркфронт махсус бўлими ҳайъати ҳамда Бутунроссия фавқулодда комиссияси Президиуми махсус йиғилишининг 1920-1921 йиллардаги қарорларига кўра ҳозирги Фарғона вилояти ҳудудида босмачилик ҳаракатида иштирок этиш ҳамда ЎзССР Олий судининг 1938 йилдаги ҳукмига кўра партия ташкилотларида аксилшўро фаолиятини амалга оширганликда айбланган.
Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида протестлар келтирилди.
Олий судда ўтган очиқ суд мажлисларида ушбу протестлар кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди.
Суд мажлисида иштирок этган “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Бахтиёр Ҳасанов миллат маърифати йўлида курашган, аммо халқ душмани, босмачи деган тамғалар билан ноҳақ айбланган, қатағон қилинган миллат ойдинлари оқланаётгани тарихий адолатни тиклаш йўлидаги энг эзгу ишлардан бири бўлаётганини қайд этди. Судга тақдим этилган ишларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Олий суд раиси ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Икром Муслимов раислик қилган суд мажлисларида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан жами 11 жиноят иши бўйича 198 нафар шахсга нисбатан Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилди.
СССР Олий суди жиноят судлов ҳайъатининг 1930 йил 21 июндаги ҳукми билан Ўзбекистон ССР Олий суди раиси лавозимида ишлаган Саъдулла Қосимов ва бошқалар (жами 7 киши) Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 63-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилиб, уларга мол-мулкини мусодара қилган ҳолда ўлим ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
Бугунги суд мажлисида С.Қосимовнинг набираси Ф.Саъдуллаев томонидан ушбу ҳукм устидан берилган кассация шикояти ҳам кўриб чиқилди. Натижада С.Қосимов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган айблов ҳукми бекор қилинди. Уларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги ҳамда жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли улар айбсиз деб топилиб, оқланди.
– Бобом Саъдулла Қосимов ҳақида отам Лутфулла Қосимов доим сўзлаб берарди, – дейди Фатхулла Саъдуллаев. – Бобомнинг адолатли инсон бўлгани, доим халққа ёрдами текканини фахрланиб сўзлаш билан бирга, отам раҳматли ўз отасининг ноҳақ қоралангани, номи бадном қилинганини афсус, надомат, армон билан эсларди. Бобомнинг ноҳақ айбланганини исботлаш учун отам умрининг охиригача курашди, аммо ҳеч нарсага эриша олмай, бу дунёдан армон билан ўтиб кетди. Бобомнинг оқланишини кўриш менга, бошқа набиралари, чевараларига насиб қилганидан беҳад мамнунмиз. Бунинг учун бу ишларга бош бўлаётган Президентимиздан миннатдормиз.
Шу аснода адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди.
Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов (видео), Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 07.05.2024
- Кўришлар: 1472
- Чоп этиш