Олий таълим: давлат гранти ажратиш тартибида қандай ўзгаришлар бўлди?

Фармон ва шарҳ

Ўзбекистонда 414 минг нафардан ортиқ ўқувчи 11-синфни тамомлади. Буни оддий хабар сифатида қабул қилишимиз мумкин. Аслида, бу рақам шунча ёшнинг катта ҳаётга қадам қўйгани, уларнинг қандай орзу-истаклари борлигига қулоқ тутишимиз зарурлигини англатади.

Зеро, эртасини ўйлаган эл боласига доимий эътиборда бўлади. Фарзандлар камоли учун борини бериш халқимизга хос қадрият саналади. Бу қадрият мамлакатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланганининг сабаби ҳам шунда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти яқинда – 24 май куни «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда ёшларга, шу йўналишга дахлдор соҳаларга эътиборнинг яна бир тасдиғи бўлди.

Фармон билан 2024-2025 ўқув йилидан Ўзбекистонда олий таълим муассасалари талабаларига давлат грантлари икки шаклда – ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти сифатида ажратилади. Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилади.  

Таълим гранти давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим ташкилотига қабул қилинган талабаларга берилади. Жорий йилдан бошлаб бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади. Грантни олий ўқув юртларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган биринчи курс талабалари олади. Таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади. Яъни, биринчи йилда грантга кирган талаба ОТМда «текин» ўқийди ва стипендия олади. Кейинги ўқув йилида агар у контрактга тушиб кетса, давлат ҳисобидан стипендия олмайди. Иккинчи ва ундан юқори курслар мобайнида бир йиллик грант ютган талабалар ҳам шундай имтиёзга эга бўлади. Яъни, бир йил мобайнида «текин» ўқийди ва давлат ҳисобидан стипендия олади. Шунингдек, иккинчи ва кейинги йилларда грантлар университет томонидан юқори академик рейтингга эришган ва ижтимоий фаоллик кўрсатган талабалар ўртасида табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади. Бундан ташқари, таълим гранти асосида ўқиган талабалар учун ўқишни тугатгандан кейин камида уч йил ишлаш мажбурияти бекор қилинади.  

Фармонига кўра, 2024−2025 ўқув йилидан давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар «аввал тест, сўнг танлов» тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилади. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади. Бунда қабул жараёни икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат олий таълим муассасасини танлайди.  

Бунда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ягона касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари тегишли вазирликлар (идоралар) томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль–август ойларида ўтказилади. Иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.

Талаба бўлиш осон эмас, чунки олий таълимга билимлилар саралаб олинади. Таълимнинг бу босқичи ёшларга катта имконият беради. Улар олган билим, тўплаган тажриба ва ютуқлар келажак сари йўлчи юлдузга айланади. Қабул қилинган янги ҳужжат ёшларнинг илм йўлида янада фаол бўлишига туртки бўлади.

 

Шаҳноза ТОШТЕМИРОВА,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech