Ҳа, сарлавҳада хеч қандай хатолик йўқ, ҳақиқатдан ҳам қонунчилик нормаларига кўра, айрим ходимлар олти соат ишлаб, саккиз соатга ойлик олиши мумкин. Хўш, ушбу айрим тоифадаги ходимлар кимлар?
Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодексининг 183-моддасида айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади.
Иш вақтининг давомийлиги қуйидагиларга мажбурий тартибда белгиланади:
– ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга (МКнинг 415-моддаси);
– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга ( МК 427-моддасининг биринчи қисми);
– ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга (МК 477-моддаси);
– иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагогларга ва бошқа тоифадаги ходимларга (МК 184-моддаси);
– уч ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига) (МК 397-моддасининг биринчи қисми).
Айнан шу бандга тўлиқроқ тушунтириш берсам. Олдинги Меҳнат кодексида мазкур ҳуқуқ фақат онага берилган эди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ушбу ҳуқуқдан боланинг отаси ёки васийси ҳам фойдаланиши мумкинлиги белгиланди. Бунда, агар ота ёки васий ушбу имтиёздан фойдаланишни хоҳласа, мазкур имтиёз боланинг онасига қўлланмаётганини тегишли маълумотнома орқали исботлаши шарт.
Қисқартирилган иш вақти шароитларида банд бўлган ходимларнинг иш ҳақи нормал иш вақти учун белгиланган тўлиқ ҳажмда тўланади. Яъни, ташкилотда икки нафар офис менежери ишлайди. Улардан бири тўлиқ иш вақти шартларида ҳафтада 40 соат ишлайди, бошқасига 36-соатлик иш ҳафтаси ўрнатилган. Сабаби у 17 ёшли балоғатга етмаган ходим. Офис менежерининг лавозим маоши – 2 000 000 сўм. Иккала ходим, иккинчиси камроқ меҳнат қилишига қарамай, 2 000 000 сўмдан олади.
Қисқартирилган иш вақти муддатини ўрнатишнинг юқорида кўрсатилган тартиби мулкчилик шакли, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча ташкилотларга татбиқ этилади. Ушбу тартибни бузиш МЖТКнинг 49-моддасига биноан маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
И.Қаҳҳорова ҳуқуқшунос
ЎзА
- Қўшилди: 15.02.2024
- Кўришлар: 2486
- Чоп этиш