Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди. Кун тартибидаги масала юзасидан Омбудсман Феруза Эшматова ахборот берди:
– Ҳисобот йилида Омбудсман номига 18 минг 622 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 15 минг 934 таси фуқаролардан, 2 минг 662 таси маҳкум ва маҳбуслар ҳамда уларнинг яқинларидан, 26 таси чет эл фуқаролари ва хорижий давлатлар Омбудсманларидан йўлланган. Вакил томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда судларга 170 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжат киритилган. Ўтган йилда Омбудсман томонидан судларга киритилган салкам 100 та ариза ва даъво аризаларининг 98 фоизи қаноатлантирилган.
Омбудсман томонидан фуқаролар ҳамда маҳкум (маҳбус) ва уларнинг яқинлари манфаатида ундирилган ва ундирилиши белгиланган маблағлар 2 млрд. 150 млн. сўмни ташкил этган. Шундан 910,6 млн. сўм. фуқароларнинг, 187 млн. сўм маҳкумларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига тўғри келади.
Бундан ташқари, 38 нафар фуқаро ишга тикланган, 23 нафар фуқаро иш билан таъминланган, Омбудсман мурожаатига асосан Давлат меҳнат инспекциялари томонидан судларга 11 та даъво ариза киритилган, 10 нафар фуқаронинг ўзини ўзи банд қилишига кўмаклашилган. 2023 йилда Омбудсманга юборилган мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 12 та жиноят иши қўзғатилган бўлса, 1 та ҳолатда жиноят иши қайта малакаланган. 57 та ҳолатда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорлар тегишли прокурорлар томонидан бекор қилинган. 5 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 29 нафар ходимга интизомий жазо қўлланган ва 17 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, – деди Омбудсман.
Шу билан бирга, Омбудсман ҳамда Вакил бошчилигидаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ўтган йилда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 603 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилгани айтиб ўтилди. Ташрифлар чоғида аниқланган ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда салбий ҳолатларнинг ҳанузгача сақланиб қолинаётгани аниқланган. Ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тақдимномалари киритилган.
Вакил томонидан турли ижтимоий тармоқларда айрим салбий ҳолатлар юзасидан тарқалган хабарлар ҳам назоратга олиниб, ўрганилгани қайд этилди. Хусусан, бу бўйича Омбудсманнинг мутасадди вазирлик ва идораларга талабномалари доимий киритиб борилган.
Мажлисда Омбудсманнинг ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар Омбудсман фаолиятига оид бир қатор саволларни ўртага ташлади. Жумладан, тадбиркорлар ҳуқуқлари билан боғлиқ мурожаатларни ҳал этишда Бизнес омбудсман билан қандай ишлар олиб борилгани, экология соҳасида энг кўп қандай мурожаатлар бўлаётгани каби саволлар берилди.
Омбудсман қайд этганидек, Тошкент шаҳрида иқтисодий масалаларга оид мурожаатлар кўп, хусусий тадбиркорлар, иш берувчилар билан боғлиқ масалалардаги мурожаатлар Бизнес-омбудсман билан ҳамкорликда ўрганилиб, ҳал этилган.
Экологик ҳуқуқларга оид мурожаатлар 2022 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошиб, 316 тани ташкил этгани қайд этилди. Айниқса, тоза ҳаво, атмосфера ифлосланиши, айрим корхона ва заводларнинг ноқонуний жойлашгани, улардан чиқаётган газлар, шовқин ҳамда фильтрсиз ишлаётгани борасида мурожаатлар кўпайган. Экология соҳасидаги мурожаатларни 2024 йил давомида қўмита ва фракцияга киритиб, назорат ишлари амалга оширилиши қайд этилди.
Шунингдек, мажлисда Болалар омбудсмани ҳам сўз олиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни эътироф этган ҳолда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини, аёллар ва болалар ҳуқуқлари ёнма-ён туришини таъкидлади.
Мажлисда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳам сўз олиб, ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди.Муҳокамалар якунида депутатлар томонидан хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимиз ҳуқуқларини таъминлаш, зарур ҳолларда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада кенгайтириш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Омбудсман фаолиятида самарали ва янги механизмларни татбиқ этишга қаратилган таклифлар илгари сурилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 13.02.2024
- Кўришлар: 2382
- Чоп этиш