Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан Омбудсман фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилиб, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини кенгайтиришга қаратилган мутлақо янги ҳуқуқлар белгилаб қўйилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги аҳамияти оширилиб, соҳага оид ҳуқуқлари янада кенгайтирилмоқда. Хусусан, Омбудсман фаолиятида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорлиги аниқлаштирилмоқда.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Лойиҳанинг қабул қилиниши Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг ҳуқуқлари кенгайтирилишига ва мажбуриятлари аниқлаштирилишига хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 09.09.2024
- Кўришлар: 920
- Чоп этиш