Озарбайжон делегацияси Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ЕКПА)даги ўзаро ҳамкорлик ва иштирокни тўхтатди. Делегация тузилманинг Страсбург шаҳрида ўтган йиғилишида шундай баёнот билан чиқди.
Ҳужжатда, даставвал Озарбайжон мағрур, мустақил, суверен, демократик ва турфа маданиятли мамлакатлиги, 1991 йил мустақилликка эришилгандан буён республикада инсон ҳуқуқи ва қонун устуворлигини таъминлашда улкан ютуқларга эришилгани қайд этилган.
– Ассамблеянинг асосий мақсади турли мамлакатлар парламентарийлари ўртасида ўзаро ҳурмат ва тенг шарт-шароитга асосланган мулоқот учун платформа яратишдан иборат, – дейилади баёнотда. – 2001 йил Европа кенгашига аъзо Озарбайжон инсон ҳуқуқи ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу ташкилот мамлакатга юз минглаб озарбайжонликларнинг ҳуқуқини тиклашда ёрдам беришига чин дилдан умид қилган ва кутган.
Йиғилишда Озарбайжон ҳудудий яхлитлик ва суверенитетни тиклаганидан сўнг республиканинг узоқ вақтдан бери инкор этиб келинаётган адолатни тиклаш борасидаги ютуқларига соя соладиган туҳмат кампаниясига дуч келгани айтилган. Делегация мамлакат, деярли, 20 йил давомида ЕКПАни зиддиятли масалаларни муҳокама қилиш учун мос формат деб билгани, аммо ҳозир тузилма фаолияти, депутатлар қараши бунинг аксини кўрсатиб турганини таъкидлаган.
– Озарбайжон делегациясининг ЕКПАдаги ваколатига қарши чиқиш ташаббуси ушбу кампаниянинг бир қисми, – дейилади АзерТАЖ хабарида. – Бу ташаббус мамлакатда давом этаётган сайлов жараёнига асоссиз равишда аралашишга қаратилган уриниш сифатида қаралади.
Якунда Озарбайжон кейинги билдиришномага қадар ассамблеядаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилган.
ЎзА
- Қўшилди: 30.01.2024
- Кўришлар: 2171
- Чоп этиш