Ўзбекистон аҳолисининг жинси ва ёш гуруҳлари: демографик кўрсаткичлар қандай?

Статистика агентлиги жорий йил 1 апрелда Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 36 миллион 963 минг кишидан ошганини маълум қилди. Шундан эркаклар 18,6 миллион, аёллар сони 18,3 миллион нафар. Хўш, аҳолининг жинс ва ёш гуруҳлари бўйича кўрсаткичлари қандай?

Инфографика: Статистика агентлиги

Аҳолининг ёш гуруҳи

2024 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда 5 ёшгача бўлган гўдаклар сони 4,4 миллион нафар, 5–13 ёшдаги болалар 6,1 миллион нафар, 14–30 ёшлар оралиғидаги ёшлар сони 9,6 миллион нафарни ташкил этган. Мамлакатда 31–59 ёшли ўрта ёшдагилар энг кўп – 13,2 миллион киши, 60 ва ундан катта ёшдаги кексалар сони 3,5 миллион нафарга яқинлашган.

Аҳолининг ёш гуруҳи – умумий ёши ва бошқа хусусиятлари билан бирлаштирилган инсонлар гуруҳидир.

Доимий аҳолиси таркиби жинси ва ёш гуруҳлари бўйича таҳлил қилинганда, эркаклар гуруҳида 4 ёшгача бўлган болалар (2,3 миллион киши) энг кўп, 60–64 ёшлилар энг кам (657 минг киши) бўлиб чиққан. Аёллар таркибида ҳам сон жиҳатдан 4 ёшгача бўлган қизлар (2,1 миллион киши) энг юқори, 60–64 ёшлилар (736 минг киши) энг паст кўрсаткични қайд этган.

Инфографика: Статистика агентлиги

Аҳолининг меҳнатга лаёқатли ёш бўйича тақсимланиши

Таҳлилларга кўра, республикада жами аҳолининг 56,4 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшда, 32 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик, 11,6 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан каттадир. Шундан эркакларнинг меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклари 33 фоиз, меҳнатга лаёқатли ёшдагилари 58,5 фоиз, меҳнатга лаёқатли ёшдан катталари 8,5 фоиз бўлган. Аёллардан 31 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик, 54,2 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшда, 14,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келган.

Меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони – Меҳнат кодексига мувофиқ, 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллардан ташкил топади. Бунда 16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 60 ёш ва ундан катта эркаклар ҳамда 55 ёш ва ундан катта аёллар меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар тоифаларига ажратилади.

 

Инфографика: Статистика агентлиги

Аҳолининг ўртача ёши

Сўнги 20 йил ичида Ўзбекистон аҳолисининг ўртача ёши кўтарилиб бормоқда. Хусусан, жорий йил бошида (1 январь) мамлакат аҳолисининг ўртача ёши эркакларда 28,5 ёшни, аёлларда 30 ёшни ташкил этган. Ўн йил илгари (2014 йилда) эркакларнинг ўртача ёши 27,3 ёш, аёлларники 28,6 ёш бўлган. 2004 йилда эса эркакларда 24,8 ёш ўртача, аёлларда 26,1 ёш ўртача ёш чегараси ҳисобланган. 

 

Республикада 2023 йилда аҳолининг туғилишда кутилаётган умр давомийлиги 74,7 ёшни ташкил этган. Бу кўрсаткич туғилган (0 ёшдаги) инсонларнинг кутилаётган ўртача умр кўриш йиллари қанчалигини англатади.

Инфографика: Статистика агентлиги

Ҳудудлар кесимида аҳоли сони ва зичлик

Апрель бошида Ўзбекистонда аҳоли зичлиги ҳисобланганда, бир квадрат километрга ўртача 82,3 киши тўғри келган (2023 йил мос даврида 80,6 киши). Аҳоли зичлиги энг юқори ҳудуд Тошкент шаҳри (6,8 минг киши), энг паст ҳудуд эса Навоий вилояти (9,7 киши) бўлган.

Самарқанд (4,22 миллион киши), Фарғона (4 миллион киши) ва Қашқадарё (3,6 миллион киши) вилоятларида бошқа ҳудудларга қараганда энг кўп доимий аҳоли яшайди.

Энг кам аҳоли Сирдарё (917,9 минг киши), Навоий (1 миллион киши) ва Жиззах (1,5 миллион киши) вилоятларида истиқомат қилади.

Қолган ҳудудлардан:

  • Андижон вилоятида – 3,4 миллион киши;
  • Наманган вилоятида – 3 миллион киши;
  • Тошкент шаҳрида – 3 миллион киши;
  • Тошкент вилояти – 3 миллион киши;
  • Сурхондарё вилоятида – 2,9 миллион киши;
  • Хоразм вилоятида – 2 миллион киши;
  • Бухоро вилоятида – 2 миллион киши;
  • Қорақалпоғистонда – 2 миллион киши яшайди.

Эслатиб ўтамиз, республикада январь–март ойларида 205 700 чақалоқ (2023 йил мос давридан 4,3 фоиз кам) тирик туғилган. Энг кўп туғилиш Самарқанд вилоятида (24 075 нафар), энг ками эса Сирдарё вилоятида (5 066 нафар) қайд этилган. Ҳудудлар бўйича туғилиш коэффициенти энг юқори кўрсаткич Сурхондарёда, энг кам ўсиш Бухорода кузатилган.

Daryo.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech