Миграция жараёнларини тартибга солиш масаласи барча давлатлар қатори мамлакатимизда ҳам долзарб ҳисобланмоқда.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йилнинг 4 апрель куни «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармоннинг қабул қилиниши мазкур соҳага алоҳида эътибор берилаётганидан далолат.
Хўш, Ўзбекистон фуқаролари қайси давлатларга бориб қонуний ишлашлари мумкин? Қандай ҳолатларда мигрантлар депортация қилинади? Уларнинг ҳуқуқини қайси ташкилот ҳимоя қилади?
Юридик фанлар номзоди, А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти кафедра мудири Саидаҳмад Ишанходжаев ЎзА мухбирининг шу каби саволларига жавоб берди.
– Ўзбекистон фуқаролари қайси хорижий мамлакатларга чиқиб қонуний равишда ишлашлари мумкин?
– Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг my.labormigration.uz дастурий мажмуасидан онлайн ёки Агентликнинг ҳудудий филиалларидан рўйхатдан ўтиши натижасида ташкиллаштирилган тартибда Россия Федерацияси, Япония, Германия, Литва, Латвия, Болгария, Польша ва Буюк Британия, Туркия, Чехия, Венгрия, Канада, Жанубий Корея, Сербия, Исроил, Люксенбург, Словакия, Финляндия каби мамлакатларнинг меҳнат бозорларида ишлаш имконияти мавжуд.
– Хорижий мамлакатларга меҳнат мигранти сифатида жўнаб кетаётган ўзбекистонлик фуқароларга талаблар қандай?
– Биринчидан, хорижий мамлакатнинг давлат тили бўйича тегишли тил сертификатига эга, ушбу давлатдан илгари депортация ёки чиқариб юборилмаган ҳамда тиббий кўрикдан ўтиши ва жисмоний соғлом бўлиши зарур.
Иккинчидан, Агентликнинг ёки “labormigration.uz”да дастурий мажмуасидан рўйхатдан шунингдек, иш берувчи талаби асосида танловдан ўтиши, ҳужжатларни тегишли тартибда расмийлаштириш ва меҳнат шартномаси тузиш, виза талаб қилинадиган давлатларга ишчи визасини олиши, Агентлик томонидан ташкил этиладиган кетишдан олдинги кўниктириш ва ўқитиш жараёнида иштирок этиши керак.
– Ташкилий тартибда чет элга ишга кетаётган фуқароларга бериладиган имтиёзлар нималардан иборат?
– Юқоридаги Президент фармонига кўра, жорий йил 1 июндан бошлаб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Xorijda ish» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқаролар:
– хорижий тиллар ва касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда (сертификат олганда) – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача микдорда;
– йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда;
– хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга «ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда;
– суғурта ташкилотлари – «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила сифатида эътироф этилган ёки «Темир дафтар»,«Аёллар дафтари»,«Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти, шунингдек, бошқа таваккалчиликларини суғурталаш бўйича суғурта мукофотини қоплаш мақсадида ҳар бир суғурталанган фуқаро учун йилига бир марта субсидия тўлаш механизмидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
– Ўзбекистонлик мигрантларнинг хорижда ишлаш истаги кейинги йилларда ошишининг сабаблари нимада?
– Германияда ҳамшираларга ўртача 2300 евро ёки Буюк Британияда қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилганларга 3 000 АҚШ доллар, Жанубий Кореяда 2,5-3,5 минг АҚШ доллари иш ҳақи олиш имкониятининг мавжудлиги асосий сабаблардан бири ҳисобланади.
– Мигрантлар ҳуқуқи қайси ташкилот томонидан қандай ҳимоя қилинади?
– Ҳозирги кунда хорижда меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд бўлиб, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Россия, Қозоғистон, Туркиядаги ваколатхонаси ва консуллик муассасалари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси ва вакилликлари, диаспорал ташкилотлар томонидан амалга ошириб келинмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА
- Қўшилди: 15.04.2024
- Кўришлар: 2023
- Чоп этиш