Муҳтарам ватандошлар!
Барчамиз учун муқаддас Ватан, аввало, ўз уйимиз, маҳалламиз остонасидан бошланади. Ҳаммамизнинг ҳаётимиздаги яхши ва беғубор дамлар, ташвишли кунлар, тақдиримиз ва келажагимиз ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган ана шу идора билан бевосита боғлиқ. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаб айтганларидек, маҳалла тинч бўлса – юртимиз тинч, маҳалла обод бўлса – бутун мамлакатимиз обод ва фаровон бўлади.
Кейинги йилларда миллий ўзлигимиз тимсоли, бетакрор қадрият ва анъаналаримиз бешиги бўлган ана шу институтнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини, ваколатларини ошириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда маҳалла бошқарувига оид муҳим янги моддалар киритилди.
Бу ҳақда гапирганда, охирги 7 йилда тизимни такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганини, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш усули кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бераётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бугунги кунда ҳамма иш маҳаллада, халқимиз билан биргаликда ташкил қилинмоқда. Бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилмоқда, унга қўшимча куч, имкониятлар бериляпти. Бу – албатта ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани. Маҳаллалар – давлатимизнинг энг катта замини.
Ҳозирги вақтда “Маҳалла еттилиги” томонидан бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, нуроний отахон ва онахонларимиз, хотин-қизлар ва ёшларга манзилли ёрдам кўрсатиш, фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш каби бир-биридан муҳим ишлар олиб борилмоқда.
Хонадонларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволи тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталари аниқлаб олинди. “Хонадонбай”, “оилабай” ишлаш тизими, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари жорий этилди.
Ана шундай изчил саъй-ҳаракатлар туфайли маҳалла идорасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузи янада мустаҳкамланиб, у аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатишнинг адолатли ва таъсирчан институтига, самарали жамоатчилик назоратини ўрнатадиган, одамларга энг яқин халқчил тузилмага, чинакам халқ виждонига айланиб бормоқда.
Ҳурматли маҳалла фаоллари!
Бугунги кунда бутун мамлакатимиз каби маҳаллаларимиз тараққиётида ҳам янги давр бошланмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган юксак мақсад ва вазифалар асосида маҳалла тизимида ҳам кенг кўламли ишларни амалга ошириб, фаолиятимизни янги сифат босқичига кўтаришимиз лозим. Ҳеч шубҳасиз, Президентимизнинг яқинда қабул қилинган фармон ва қарорига мувофиқ мамлакатимизда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилиб иш бошлагани бу борада янги имкониятларни очади.
Маҳалланинг аҳолига ижтимоий кўмак бериш борасидаги ваколати кучайтирилди. Эндиликда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш “маҳалла еттилиги”нинг биргаликдаги қарори асосида амалга оширилади.
“Маҳалла еттилиги” фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳолаш тартиби жорий этилмоқда ва маҳалла раислари энди 20 фоиз балл бериш ҳуқуқига эга. Барча туман ва шаҳарларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилди.
“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда маҳаллаларни ташкил этиш, “маҳалла еттилиги”нинг масъулияти ва жавобгарлиги бўйича аниқ мезонлар белгиланади. “Еттилик” аъзоларини тайинлашда маҳаллада яшайдиган номзодларга устунлик берилади. Маҳалла раисининг сўровига жавоб бермаслик ёки унинг тақдимномасида қўйилган масалани кўриб чиқмаслик учун жавобгарлик белгиланади.
“Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унда маҳалла раиси сайловини аҳоли томонидан умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш, маҳалла раисининг маълумоти ва малакаси бўйича қўйиладиган талаблар, маҳалла раисининг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йилга узайтириш каби янгиликлар киритиш кўзда тутилмоқда.
Азиз дўстлар!
Маҳаллаларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ўз навбатида зиммамизга катта масъулият ва жавобгарлик юклашини албатта барчамиз яхши тасаввур қиламиз. Айниқса, Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгаши, 2024 йил 12 январда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишларида муҳокама қилинган долзарб масалалар ва белгилаб олинган муҳим вазифалар ўзини маҳалла ҳаётига, эл-юртимиз тақдири ва келажагига дахлдор деб билган ҳеч қайси инсонни бефарқ қолдирмайди. Чунки инсон қадри, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, миллатлараро дўстлик ва тотувлик, маънавият ва маърифат, маданият ва санъат, спорт ва илм-фан ривожи, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аввало, маҳалладан бошланади.
Глобаллашув жараёнлари ҳамда одамлар, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онги учун кураш кучайиб бораётган ҳозирги ўта мураккаб шароитда маҳаллаларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур. Навқирон авлод вакилларининг ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини ошириш, улар ўз интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун биринчи навбатда маҳаллаларда қулай муҳит ва шароитлар яратиш ўта муҳим вазифамиздир.
Бизнинг бу борадаги иштирокимиз, аввало, бир-биримизга, қўни-қўшниларга, кўчамизда, маҳалламизда униб-ўсиб келаётган болалар тарбиясига бефарқ бўлмасдан, жон куйдиришда, том маънода “ҳар бир болага ҳам ота, ҳам она, ҳам устоз, ҳам тарбиячи” бўлишимизда намоён бўлади. Айниқса, миллий маънавиятимизга қарши қаратилган бузғунчи ҳаракатларга қарши курашиш ва маҳаллада ахлоқий-тарбиявий муҳит барқарорлигини таъминлашда муҳтарам отахон ва онахонларимиз, фаол кўча ва уй бошлиқлари, имом-хатиб ва отинойилар, зиёлиларимиз ва тадбиркорларимизнинг фидойилиги катта аҳамиятга эга.
Ўзингиз айтинг, бугун баъзи гуруҳлар орасида кузатилаётган диний қарашларни Конституция ва қонунларимизга қарши ва улардан устун қўйиш ҳолатларига, диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаётган кишиларга, кўп хотинлик, аёл киши ишламасдан уйда ўтириши, ўқимаслиги керак, деган сохта “даъват”ларга қарши биз курашмасак ким курашади?
Маънавий таҳдидларга қарши курашни, аввало, оиламиздан, маҳалламиздан бошлашимиз зарур. Бу борада маҳалла фаоллари ва жамоатчилик тузилмалари фаол бўлмоғи лозим. Ўзимиз, фарзанд ва набираларимиз ҳаёти ҳамда келажагига дахлдор бундай масалаларда энди “ухлаб ўтириш”, лоқайд бўлишга асло ҳаққимиз йўқ.
Айниқса, ёшлар билан кўпроқ гаплашиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларига ечим топиш, жумладан, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ҳарбий хизматга муносиб мард ва ботир йигитларни тарбиялашга эътибор қаратиш маҳалла фаолиятининг асосий йўналиши бўлиши шарт. Бу борада тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз лозим. Президентимиз белгилаб берган тўғри йўлда энди ташаббус кўрсатиш, турли иллатларга қарши курашишдан уялиб, тортиниб ўтириш бизга ярашмайди. Дадил бўлайлик, сўзимиз ва ишимиз ҳам кескир бўлсин! Агар барчамиз бирлашиб, хавф-хатар ва муаммоларни енгмасак, улар бизни енгади. Биз бирлашмасак, бузғунчи кучлар бизга қарши бирлашади. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.
Маҳалла ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган ижтимоий муаммолар мутасадди ташкилотлар томонидан бартараф этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтирайлик! Ёшларимизнинг “онлайн қимор”, “тармоқдаги ўғрилик”, фирибгарлик каби иллатларга берилиб, жаҳолат қурбонига айланишига йўл қўймайлик!
Тўй-ҳашамлардаги дабдабабозлик, исрофгарчиликка чек қўяйлик!
Агар сидқидилдан ҳаракат қилсак, маҳалланинг қурби етмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Маҳалламиздаги жамоатчилик тузилмалари, “Маҳалла назорати” ва “Кексалар маслаҳати” гуруҳларига, “Оқила аёллар” ҳаракатига энг фаол ва жонкуяр фаолларни жалб этиб, уларни эзгу мақсад йўлида сафарбар этсак, ҳар қандай муаммони албатта ҳал қиламиз.
Қадрли маҳалла фаоллари!
Бугун қуйидаги устувор масалаларга алоҳида эътибор беришимиз зарур.
Авваламбор, “Боланинг бегонаси бўлмайди!”, “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, “Менинг маҳаллам, менинг кўчам тинч ва тоза, жиноятчиликдан холи маҳалла, кўча!”, “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак!”, “Мен маҳалламга бефарқ эмасман!” каби эзгу шиор ва даъватларни амалий ҳаракатга айлантиришимиз керак.
Иккинчидан, маҳаллаларда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги зарур – етим-есирлар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз қарияларни қўллаб-қувватлаш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши бўлиши шарт.
Учинчидан, уйма-уй юриш, ҳар бир оиланинг турмуш тарзидан хабардор бўлиш, оилалар фаровонлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолида томорқа маданиятини юксалтиришга эътиборни кучайтиришимиз лозим.
Тўртинчидан, нотинч, ажралиш ёқасида турган оилалар, жиноят содир этишга мойил ёки аъзолари ўз жонига суиқасд қилган, узоқ муддатга хорижга ишлаш учун кетган, жазони ижро этиш муассасаларидаги фуқароларнинг оилалари билан мунтазам ишласак, яхши натижага эришамиз.
Бешинчидан, оила ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, тўй-ҳашамларни дабдабадан холи, ихчам ва камхарж ўтказишга кўпни кўрган нуронийларимизни кенг жалб этиб, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишимиз зарур.
Олтинчидан, маҳаллада жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишимиз зарур. Қонун ҳужжатлари, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурлари, фуқаролар йиғинларининг қарорлари ижросини назорат қилиш, корхона ҳамда ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботларини эшитиш каби йўналишлар бўйича тизимли жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишимиз керак.
Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг “Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм суради, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмайди”, деган сўзлари фаолиятимизда дастуриламал бўлиши лозим.
Азиз ҳамкасблар!
Ҳеч қачон унутмайлик, ана шу вазифаларни амалга ошириш биз учун нафақат мажбурият, балки муқаддас бурчимиздир.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатимизни равнақ топтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, одамларимизни ҳаётдан рози қилиш йўлида муҳтарам Президентимизга таянч ва суянч бўлайлик!
Шу йўлда “Менинг маҳаллам – менинг истиқболим – менинг тақдирим”, деган тамойил ҳаётий шиоримизга айлансин!
Бундай масъулиятли вазифаларни виждонан ва ҳалол бажариб, барчамизга билдирилган юксак ишончни оқлаш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз, деб ишонамиз!
Донишманд боболаримиз айтганларидек, “Бу дунёда одамларга эзгулик улашиб яшашдан кўра улуғ ва савоб иш йўқ”. Ана шу ҳикматга амал қилиб яшасак, ишимизда албатта натижа бўлади, халқимиз ва Президентимизнинг ишончини оқлаган бўламиз.
Ана шундай буюк саодат барчамизга ёр бўлсин!
ЎзА
- Қўшилди: 18.01.2024
- Кўришлар: 3051
- Чоп этиш