Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар йўлини ёритиб, демократик қадриятларга асосланган мустаҳкам фуқаролик жамияти қуришда асосий таянч вазифасини ўтамоқда. Халқнинг эркинлиги унинг ўз тақдирини ўзи белгилаши имконига эга эканлигида ҳам кўринади. Бу имконият умумхалқ сайловларида иштирок этиш орқали амалга оширилади. Зеро, сайловлар фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларда сиёсий, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Сайлов демократиянинг ёрқин кўрсаткичидир. Сайловлар демократик жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ажралмас элементи, аҳоли хоҳиш-иродасини ифода этишнинг асосий шаклидир.
Сайловларни юқори демократик, адолатли сайлов принципларига мос равишда ўтказиш аввало, мамлакатда зарур қонунчилик базасининг мавжуд бўлиши, қолаверса, сайлов иштирокчилари томонидан ушбу қонунларни яхши билган ҳолда ва уларнинг талабларига тўла риоя этган ҳолда иштирок этишларига бевосита боғлиқ.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ва дадил ислоҳотлар самарасида миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёти демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга уйғунлаштирилиб, самарали сайлов қонунчилиги базаси шакллантирилди. 2019 йилда янги таҳрирдаги Сайлов кодекси амалиётга киритилгач, сайловларнинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди. Фуқаролар, сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида эркин ва фаол иштирок этиши учун ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техник шарт-шароит, уларнинг сайлаш ҳуқуқларини тўла амалга оширишининг ишончли кафолатлари яратилди.
Демократик давлатларда сайловлар давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий воситаси бўлиб ҳисобланади ва фуқаролар иродасини ифода этилишини кафолатлайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бошқа масалалар билан бир қаторда сайлов тизимининг мустаҳкам конституциявий ҳуқуқий асослари белгилаб берилган.
Сайлов тизими деганда, у ёки бу мамлакатда давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари ёки олий мансабдор шахсларининг фуқаролар томонидан сайланиши жараёнида вужудга келадиган ижтимоий-сиёсий муносабатлар мажмуаси тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XXII боби сайлов тизимига бағишланган бўлиб, ушбу бобнинг 128-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳуқуқий адабиётларда фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқлари актив сайлов ҳуқуқи, сайланиш ҳуқуқлари эса пассив сайлов ҳуқуқи деб аталади. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари актив сайлов ҳуқуқига 18 ёшдан бошлаб эга бўлади. Пассив сайлов ҳуқуқига эга бўлиш ёши бир хил эмас. Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлиб сайланиш ҳуқуқига 35 ёшдан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати бўлиб сайланиш ҳуқуқига 25 ёшдан, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари бўлиб сайланиш ҳуқуқига 21 ёшдан бошлаб эга бўлади.
Конституцияда сайланиш учун ёшга нисбатан белгиланган талаб билан бир қаторда Ўзбекистон ҳудудида маълум муддат муқим яшаганлик тўғрисидаги талаб ҳам бор. Конституциянинг 92-моддасига мувофиқ камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси бўлиши мумкин. Конституциянинг 106-моддасига биноан эса давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиши мумкин.
Шунингдек, 128-моддада айтиб ўтилганки, ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Бу қоида сайловчиларнинг ўзаро тенг овозга эга бўлишини кафолатлайди.
Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.
Сайловларнинг умумийлиги деганда, сайловларда жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган барча фуқароларининг иштирок этиши тушунилади.
Яна бир муҳим тамойил, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тенглигидир. Яъни, ҳар бир фуқаро сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда тенгдирлар. Зеро, сайлов тизимининг демократик моҳияти – нафақат барча фуқароларнинг сайловда иштирок этишлари, балки сайловнинг тенг шароитларда ўтишида намоён бўлади. Демак, умумий ва тенг сайлов тамойиллари ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, бир-бирини тўлдиради.
Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи деганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатларининг сайловчилар томонидан бевосита, тўғридан-тўғри сайланиши тушунилади.
Шунингдек, сайлов ҳуқуқи фақат яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Бу дегани, сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади. Бу нормага қўшимча тарзда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 103-моддасини келтириш мумкин. Мазкур моддага мувофиқ, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан, ахборот тармоқларига, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.
Конституцияда фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тенг сайлов ҳуқуқларини кафолатлайди. Ягона истисно шундан иборатки, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас. Шу жумладан, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.
Сайлов тизимининг конституциявий асослари қаторига сайлов муддатлари ҳақидаги нормалар ҳам киради. Унга биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади, бундан Конституцияда назарда тутилган муддатидан илгари сайлов ўтказиш ҳоллари мустасно.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, сайлов тизимини демократик асосларда ташкил этиш ва таъминлаш, уни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари ва нормаларига мос равишда Конституция асосида такомиллаштириш – жамият ҳаётининг барқарорлигини таъминлайди ва давлатнинг халқаро ҳамжамиятда тутган ўрнини янада юксалтиради.
Умиджон Ғиёсов,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг
катта эксперти.
- Қўшилди: 22.10.2024
- Кўришлар: 847
- Чоп этиш