Кўксарой қароргоҳида 27 май куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакат тараққиётини белгиловчи омиллар кўп. Улардан бири узоқ-яқин давлатлар билан стратегик алоқаларни мустаҳкамлашдир. Зеро, бугун жаҳонда бир қоида қатъий ишлайди – ҳеч бир мамлакат якка ўзи ривожлана олмайди.
Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бир-бирини қўллаб-қувватлаш асосига қурилаётган бу муносабатлар муҳим аҳамиятга эга.
Кейинги йилларда мамлакатимизнинг икки томонлама муносабатларда катта ютуқларга эришаётган ҳамкор давлатлари орасида Россия ҳам бор. Бу фикрни тасдиқловчи рақамларни кўплаб мисолларда келтириш мумкин. Хусусан, давлатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми кейинги йилларда қарийб икки ярим бараварга ошди. Россия юртимиз учун энг катта экспорт бозори бўлиб қолмоқда.
Шу ўринда яна бир мисол, Россия мамлакатимизда ташкил этилган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони бўйича ҳам етакчилар қаторида.
Мамлакатимизга Россия Федерацияси Президентининг давлат ташрифи кўп қиррали ҳамкорликнинг изчил ва самарали давом этишида муҳим аҳамиятга эга.
Қароргоҳ олдидаги майдонда икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф қилди. Давлат мадҳиялари янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, Россия Президенти қайта сайланганидан сўнг илк хорижий ташрифларидан бирини айнан Ўзбекистонга амалга ошираётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Ташрифга тайёргарлик доирасида парламент аъзоларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, "Иннопром" кўргазмаси, икки мамлакат етакчи муҳандислик-техник олий ўқув юртлари ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг анжуманлари самарали ўтгани, Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари давом этаётгани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръати мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда.
Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришилди.
Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, етакчилар энергетика, шу жумладан, атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Кўп қиррали маданий-гуманитар алмашинув ривожланаётганига юқори баҳо берилди.
Таълим ва муҳандис кадрларни тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин музокараларни расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Музокараларда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги юксак даражаси ва ўзига хослиги, давлатлараро ҳамкорликнинг барча соҳа ва йўналишларини қамраб олганлиги мамнуният билан таъкидланди.
– Сизнинг давлат ташрифингизни ҳақли равишда тарихий деб аташ мумкин. Бу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида янги босқични бошлаб бермоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.
Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар, ҳудудлар, жамоатчилик, экспертлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Бу мақсадда Бош вазирлар даражасидаги Қўшма комиссия ва Ҳукуматлараро комиссиянинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилади, уларнинг навбатдаги йиғилишлари шу йил охиригача ўтказилади.
Шунингдек, мунтазам сиёсий маслаҳатлашувларни, БМТ, МДҲ, ШҲТ каби халқаро ва минтақавий тузилмалар ҳамда бошқа кўп томонлама платформалар доирасида яқин ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Ўзаро савдо айланмасининг барқарор суръати мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги 7 йилда у 2,5 баробар ошди. Томонлар янги мақсадли кўрсаткичга – яқин истиқболда савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.
Ушбу вазифани амалга оширишга кўмаклашиш учун Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси ташкил этилади.
Бугунги саммитга энергетика, металлургия, нефть-кимё, машинасозлик, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, фармацевтика, сунъий интеллект ва бошқа кўплаб йўналишларда 20 миллиард доллардан ортиқ қийматда янги саноат кооперацияси лойиҳалари тайёрланди.
Бу каби лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма Инвестиция платформаси ишга туширилади.
Энергетика соҳасида газ ташиш тизимини модернизация қилиш, газ, нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш, углеводородларни қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари ташриф билан Россияда бўлдилар.
Озиқ-овқат хавфсизлиги, инновациялар, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, миграция каби қатор муҳим йўналишлар ҳам кўриб чиқилди.
Маданият ва санъат, фан, соғлиқни сақлаш, туризм, ёшлар ва спорт соҳаларида фаол алмашинувлар давом эттирилади.
Томонлар Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилганини олқишладилар.
Учрашув чоғида делегация аъзоларининг қисқа ҳисоботлари, турли соҳаларда амалий ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлари тингланди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича амалга ошириш механизмлари назарда тутилган “йўл хариталари”ни қабул қилишга топшириқ бердилар.
Ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қўшма баёнот имзоладилар.
Давлат раҳбарлари ҳузурида муҳим икки томонлама битимларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Жумладан, булар:
– Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳамкорлигининг устувор йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;
– Ўзбекистон Республикасига метрология соҳасида техник кўмак кўрсатиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Биргаликда кино ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Аҳолининг санитария-эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги ўртасида илмий технологиялар соҳасида қўшма танловлар ўтказиш тўғрисида битим;
– Балиқчилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;
– 2024-2026 йилларга мўлжалланган маданият соҳасида ҳамкорлик дастури;
– 2025-2026 йилларга мўлжалланган туристлар оқимини ошириш бўйича ҳамкорлик дастури;
– Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида товар айирбошлашни кўпайтириш мақсадида саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;
– Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида 2024-2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари режаси;
– Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги ҳамда Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати ўртасида фитосанитария соҳасида рақамли ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси;
– Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги ўртасида “Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети” федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида меморандум;
– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида соғлиқни сақлашни ташкил этиш масалалари бўйича; тиббиёт мақсадидаги дори воситаларини, тиббий буюмларни ва юқори технологик даволаш усулларини тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённомалар;
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар;
– Тошкентда Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалини очиш тўғрисида битим;
– транспорт машинасозлиги, фуқаролик авиацияси тизимлари саноатини ривожлантириш, туризм алмашинувини ошириш, Тошкентда гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш, агрологистика марказлари ва замонавий кимё қувватларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ҳужжатлар.
Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Брифингда сўзга чиққан давлатимиз раҳбари Владимир Путиннинг Россия Федерацияси Президенти лавозимига қайта сайланганидан кейинги илк хорижий ташрифларидан бири бўлган ушбу ташрифини Ўзбекистонга ва кўп миллатли халқимизга бўлган алоҳида муносабат ва ҳурматнинг, шунингдек, икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги юқори даражаси ва Ўзбекистон – Россия муносабатларини чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишнинг тасдиғи сифатида қабул қилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти мазкур саммитга катта тайёргарлик кўрилганини алоҳида таъкидлади. Парламент вакилларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, икки давлат ҳукумат делегациялари ўртасидаги ўзаро ташрифлар самарали ўтди.
Ҳар доимгидек анъанавий очиқ, конструктив ва дўстона муҳитда ўтган бугунги музокараларнинг натижалари катта мамнуният билан қайд этилди.
Етакчилар икки томонлама кун тартибининг барча долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, делегация аъзоларининг асосий йўналишлар бўйича ҳисоботларини тингладилар, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Савдо-иқтисодий соҳада амалий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш зарурлиги борасида якдил фикрга келдилар.
Давлатлар саноат кооперациясида жиддий илгарилаган. Музокаралар давомида энергетика, нефть-кимё, металлургия, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика ва инновацион тармоқлар бўйича аниқ лойиҳалар кўриб чиқилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, лойиҳалар портфели қарийб 45 миллиард долларни ташкил қилади. Бу галги ташриф доирасида 20 миллиард долларлик янги лойиҳалар бўйича келишувлар имзолангани алоҳида таъкидланди.
Ҳудудлараро ҳамкорлик Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлигининг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Ҳудудлар форумини Президентлар раислигидаги Ҳудудлар кенгашига айлантириш бўйича келишувга эришилди.
Давлат раҳбарлари энергетика соҳасидаги стратегик ҳамкорликни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Ўтган йили Россия табиий газини Ўзбекистонга етказиб бериш бошланган эди. Музокаралар давомида газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш ҳажмини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллий корхоналар негизида углеводородларни чуқур қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди.
– Дунёдаги деярли барча етакчи давлатлар ўз энергетик хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини атом энергетикаси ҳисобига таъминламоқда. Агар биз Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичига чиқиш истиқболлари ҳақида ўйласак, катта миқдордаги уран захираларига эга ва уни учинчи давлатларга экспорт қилаётган мамлакатимиз учун бу лойиҳа ҳаётий аҳамиятга эга, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Жорий йилда Ўзбекистонда Россиянинг йирик маданий тадбирлари, жумладан, кино кунлари ўтказилади. Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари, кўргазмалар ва театрларимизнинг ижодий сафарлари бўлиб ўтади.
Президентлар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш аҳамиятини қайд этдилар. Икки мамлакат етакчи университетлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида доимий мулоқот ва самарали шерикликни қўллаб-қувватладилар.
Муҳандислик кадрларини тайёрлаш бўйича қўшма ишлар бошланди. Бу мақсадда ташкил этилаётган Тошкентдаги Николай Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи Россия университетларининг ўн бешинчиси бўлади.
Миграция соҳасидаги ҳамкорлик масалалари музокараларнинг алоҳида мавзуси бўлди. Бу соҳада ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмлари бўйича келишувга эришилди.
Ташқи сиёсий идоралар ўртасида мунтазам маслаҳатлашувларни давом эттириш, минтақавий ва халқаро тузилмалар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида мулоқотни чуқурлаштириш муҳимлиги тасдиқланди.
Анъанавий ва янги таҳдид ва хатарларга, биринчи навбатда, терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафикка қарши курашиш бўйича ваколатли органлар ва махсус хизматлар ўртасида яқин ҳамкорлик масалалари Ўзбекистон ва Россиянинг диққат марказида қолади.
Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари музокаралар натижаларидан мамнунлигини билдириб, россиялик ҳамкасбига ўзи билан Ўзбекистонга Россиянинг асосий вазирлик ва идоралари, субъектлари раҳбарларидан иборат нуфузли делегацияни олиб келгани учун миннатдорлик билдирди.
Россия Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомидаги сермазмун учрашувлар ва самарали натижалар икки томонлама дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, давлатлараро ҳамкорлик тарихида янги боб очишига ишонч билдирилди.
Кўксарой қароргоҳидаги икки томонлама тадбирлар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Фахрий меҳмонлар хиёбонига ташриф буюрдилар.
Бу ерда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Россия халқларининг дўстлиги, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг рамзи сифатида биргаликда дарахт экдилар.
Хиёбонда бошқа ҳамкор давлатлар етакчилари томонидан экилган дарахтлар ҳам ўсмоқда.
Ўзбекистон – Россия саммити доирасида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрдилар.
Кўп миллатли халқларимиз кўп асрлик умумий тарихимиз ва унинг ёрқин саҳифалари, жумладан, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабани алоҳида ҳурмат-эътибор билан ёд этадилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Инсон қадри учун” тамойили ислоҳотлар дастурининг мутлақ устувор йўналишига айланди. Хусусан, ўзбекистонликларнинг уруш жанггоҳларида кўрсатган қаҳрамонлиги ва фронт ортидаги фидокорона меҳнатини абадийлаштириш учун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йил 9 майда “Ғалаба боғи” очилди.
Кенг мажмуа бир нечта ҳудудга бўлинган бўлиб, ҳар бири алоҳида мавзуга бағишланган – уруш даҳшатлари ва аскарлар қаҳрамонлиги, фронт ортидаги ишчилар матонати ва фидойилиги, қайғу ва дард, шодлик ва шукроналик.
Бу ерга ташриф давомида Ўзбекистон ва Россия Президентлари ҳалок бўлган аскарларнинг хотирасини ёдга олдилар ва уруш дастидан беш нафар ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова хотирасига ўрнатилган “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйдилар.
Мажмуанинг энг юқори нуқтаси – сунъий тепалик чўққисида “Абадий жасорат” композицияси – Совет Иттифоқи Қаҳрамони генерал-майор Собир Раҳимов ва Иккинчи жаҳон урушида қатнашган барча ўзбекистонлик аскарлар хотирасига бағишланган ёдгорлик ўрнатилган.
Тепалик ичида боғнинг асосий павильони – Ўзбекистоннинг урушдаги иштироки тарихига бағишланган Шон-шараф музейи жойлашган.
Етакчилар музейнинг бой экспозицияси билан танишиб, шонли ўтмишимиз ҳақидаги хотирани асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидладилар. Тарихий меросни эъзозлаш ёшларда ватанпарварлик руҳини тарбиялаш ва халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.
Ғалаба боғининг маҳобати ва салобати Россия делегацияси аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Шу куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, бу платформа олти йил аввал икки давлат раҳбарлари томонидан ишга туширилган бўлиб, қўшма Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми шаклида фаолият юритган.
Ҳудудлараро ҳамкорликнинг жадал суръати, ўзаро инвестицияларнинг юқори динамикаси, қўшма лойиҳалар сони, шунингдек, ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш учун катта салоҳиятни ҳисобга олиб, форум мақомини ошириш ва уни Президентлар раислигидаги Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашига айлантиришга қарор қилинди.
Кенгаш мажлисини очар экан, давлатимиз раҳбари Президент Владимир Путин ва Россия делегацияси вакилларини, жумладан, 30 га яқин ҳудуд раҳбарлари ва 300 нафар етакчи саноат корхоналари, бизнес вакилларини самимий қутлади.
– Бундай ҳамкорлик юқори самарадорлик билан ажралиб туради, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни кенгайтиришга хизмат қилади, – деб таъкидлади Президентимиз.
Олий даражадаги музокаралар самарали натижалар билан якунлангани, икки давлат ва халқлар манфаатлари йўлида кенг қамровли шерикликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга бўлган умумий интилишни кўрсатгани мамнуният билан қайд этилди.
Йил бошидан бери барча даражадаги, жумладан, икки давлат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларнинг фаоллашгани алоҳида таъкидланди.
Шу маънода, ҳудудлараро мулоқотни янада ривожлантириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Бугунги кунда ҳудудлар даражасида 4 миллиард долларлик 200 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда. Кенгаш мажлиси доирасида 5 миллиард долларлик янги шартномалар тўплами тайёрланган.
Олий даражадаги музокаралар давомида товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 миллиард долларга етказиш ва келаси йили 10 миллиард доллар инвестиция ўзлаштириш бўйича янги мақсадлар белгилаб олингани мамнуният билан қайд этилди.
Мақсадларга эришишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи айнан икки давлат ҳудудлари бўлиши лозимлигини таъкидлаган давлатимиз раҳбари ҳамкорликнинг қатор устувор йўналишларини белгилаб берди.
Аввало, ўзаро савдони кўпайтириш. Сўнгги 7 йил ичида Ўзбекистоннинг Россия билан товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ўсди. Ўзаро етказиб бериш таркиби, энг аввало, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ҳисобига сифат жиҳатидан яхшиланди.
Асосий ҳамкорлар қаторида Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари, Татаристон, Москва, Ленинград, Новосибирск, Астрахань, Иваново, Челябинск вилоятлари, Красноярск, Пермь ўлкалари, Бошқирдистон ва бошқалар бор.
Кооперация ва импорт ўрнини босиш лойиҳаларини ошириш ҳисобига товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар режалари қабул қилинди, бу жараёнга ҳудудлар фаол жалб қилинади.
Савдо ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун Россияда Ўзбекистоннинг тўлақонли савдо ваколатхонаси очилади.
Инвестиция ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик суръати юқори баҳоланди. Ўзбекистонда уч мингдан ортиқ Россия компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятида татаристонлик ҳамкорлар билан бирга ишга туширилган "Химград" саноат зонаси кенгайтирилмоқда, Жиззах вилоятида унинг филиали барпо қилинмоқда.
Россия ҳудудларининг етакчи корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суриш учун янги қўшма саноат зоналарини ташкил этиш режалари қўллаб-қувватланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон ҳудудларида агрологистика марказлари тармоғини кенгайтириш ишларини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Ҳудудларга Россияда улгуржи-тақсимлаш марказларини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини биргаликда етиштириб, кейинчалик юртимизга етказиб бериш бўйича топшириқлар берилди.
Маданий ҳамкорлик бўйича уч йиллик дастур қабул қилинди.
Ўзбекистон Президенти туризм алмашинувини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Сўнгги бир неча йилда россиялик туристлар сони 5 баробарга ошди. Ўзбекистон ва Россиянинг барча йирик шаҳарлари мунтазам авиақатновлар билан боғланган.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Россиянинг тарихий шаҳарларига туристик йўналишлар ва саёҳатларни ривожлантириш бўйича янги қўшма дастурларни қабул қилишни таклиф этди.
Ўз навбатида, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакатимиз билан кўп қиррали муносабатларнинг ривожланишидаги ижобий тенденцияларни юқори баҳолаб, Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги мавжуд ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳим аҳамиятини таъкидлади. Ишбилармон доира вакилларини қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишда фаол иштирок этишга чақирди.
Мажлис доирасида бир қатор янги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошлангани эълон қилинди.
Умуман, кенгаш доирасида савдо-иқтисодий, илмий-техник ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳудудлараро ҳамкорлик ҳужжатлари ва битимлар тўплами имзоланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 28.05.2024
- Кўришлар: 1544
- Чоп этиш