Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро молия корпорацияси ва Жаҳон банки вакиллари билан видеоконференцалоқа шаклида музокара ўтказди.
Маълумки, ўтган йил май ойида Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро Молия корпорациясининг пахта-тўқимачилик саноатида муносиб меҳнат стандартлари ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган “Better work” қўшма дастурини Ўзбекистонда татбиқ этиш бўйича меморандум имзоланиб, лойиҳага старт берилди.
Учрашувда Ўзбекистонда ушбу лойиҳани амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Халқаро ташкилотларнинг вакиллари томонидан Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш, ишлаб чиқариш жараёнига халқаро стандартларни, хусусан, ишлаб чиқариш, техник, меҳнат ва экологик стандартларни кенг татбиқ этиш, ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.
Шунингдек, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг ташкил этилгани, мамлакатимизда меҳнат соҳасидаги халқаро стандартларни илгари суришга муносиб ҳисса қўшиши айтиб ўтилди.
Бугунги кунга қадар учта ҳудуддан олтита компания ХМТнинг “Better work Uzbekistan” дастурида рўйхатдан ўтган. Лойиҳа талабларидан келиб чиққан ҳолда халқаро стандартларни татбиқ этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, жорий йилда қўшимча яна саккизта компанияда бу ишларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар бошлаб юборилган.
Муҳокамалар жараёнида тўқимачилик саноати корхоналарининг ижтимоий масъулияти, жумладан, ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва ишлаб чиқаришнинг экологик барқарорлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Соҳада ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича Миллий комиссия ва ХМТ билан ҳамкорликда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича миллий дастурни 2024-2025 йилларда амалга ошириш бўйича янги “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди. Унда пахта-тўқимачилик саноати корхоналарида “Better work” стандартларини кенг татбиқ этиш бўйича аниқ манзилли чораларни белгилаш ва ҳамкорлик масалалари ўрин олган.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 31.01.2024
- Кўришлар: 2426
- Чоп этиш