Дунёдаги энг катта аудиторияга эга Хитойнинг етакчи газетаси «Жэньминь жибао»да Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон – Хитой: минг йиллар бардавом дўстлик ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.
Ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Яқинда 2024 йилни кутиб олиб, янги тарихий даврга қадам қўйдик. Янги йилнинг илк ойи – энг яқин дўстлар билан учрашадиган, эзгу ниятлар қилиб, янги ишларга қўл уриладиган пайт.
Кириб келган йилда илк ташрифимни Хитой Халқ Республикаси Раиси ҳурматли Си Цзиньпин жанобларининг таклифига биноан Осмоности юртга амалга оширишим чуқур рамзий маънога эга.
Ҳар гал Хитойга келар эканман, бу ерда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилган муваффақиятларга, ўзининг кўп асрлик орзуси сари модернизация йўлидан дадил бораётган хитой халқининг бунёдкорлик кучи, меҳнатсеварлиги ва истеъдодига чин дилдан таҳсин айтаман.
Охирги ўн йилда Хитой Халқ Республикаси жаҳоннинг қудратли давлатига айланди, улкан илмий-технологик ва инновацион тараққиётга эришди, иқтисодиёт ва бизнесни ривожлантиришнинг ноёб экотизимини яратди.
Мамлакат мутлақо янги қиёфа касб этди, халқ фаровонлиги муттасил ўсиб бормоқда, Хитойнинг келгуси ривожи учун мустаҳкам интеллектуал пойдевор шаклланмоқда.
Бугун Хитой муҳим халқаро жараёнларнинг масъулиятли иштирокчиси сифатида жаҳон иқтисодиёти ва бошқарувида етакчи ўринларни эгалламоқда. Раис Си Цзиньпиннинг тараққиёт, хавфсизлик ва цивилизациялараро мулоқот борасидаги глобал ташаббуслари умумбашарий муаммоларни ҳал этиш ҳамда янада барқарор ва инклюзив келажакка ўтишни жадаллаштиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
ХХР савдо ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, инфратузилмавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини амалга ошириш орқали ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодий ўсишини қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этмоқда.
Ҳурматли Раис Си Цзиньпин тўғри таъкидлаганидек, “Хитой нафақат ички ривожланиш вазифаларига интилмоқда, балки глобал фикрлаб, буюк давлат сифатидаги масъулиятини кенгайтирмоқда”.
Хитойнинг бундай улкан ютуқлари Раис Си Цзиньпин раҳбарлигида узоқни ўйлаб ва аниқ мақсадга йўналтириб олиб борилаётган бунёдкорона сиёсат натижасидир.
Ўзбекистон Хитойнинг дўстона қўшниси ва ҳар томонлама стратегик шериги сифатида ушбу муваффақиятлардан чин дилдан мамнун.
Хитой билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналишларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда.
Шуни мамнуният билан таъкидлайманки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар барқарор юқори суръатни намойиш этиб, ўз тарихидаги энг намунали даврни бошидан кечирмоқда. Ўйлайманки, бу ҳар томонлама асосланган. Зеро, “қадим тарихга эга буюк цивилизациялар доим бир-бирига ўхшайди, бир-бирини тушунади ва руҳан бир-бирига яқиндир”. Ўзбекистон ва Хитой халқларининг маданияти ва қадриятлари ўхшаш. Тарихий ришталаримиз жаҳон савдосининг аксарият қисмини таъминлаган Буюк ипак йўлининг вужудга келиш даврига бориб тақалади.
Энг қадимги ҳужжатли манбаларда милоддан аввалги 126 йилда Хань сулоласининг илк элчиси Чжан Цянь Фарғона водийсидаги қадимий Паркана (хит. Довон) давлатига ташриф қилгани хусусида батафсил маълумотлар мавжуд.
Хитой шойиси, қоғози, чинниси, чойи ва бошқа маҳсулотлари Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Бухоро каби кўҳна савдо шаҳарларининг бозорлариорқали бутун дунёга донг таратган. Фарғонадан Хитойга зотдор отлар, беда, узум уруғи, шаробчилик, боғдорчилик технологиялари ва кўплаб бошқа маҳсулотлар етказилган.
Ўша замонлардаёқ ўз даврининг икки буюк цивилизациялари бўлмиш мамлакатларимиз нафақат маҳсулотлар, балки билимлар билан алмашган. Ўрта Осиёлик олимлар, математиклар, астроном ва табиблар хитой илми тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган. Уларнинг кўпи қадимги Хитойнинг атоқли давлат арбоблари ва олимларига айланган.
Маълумки, бухоролик Саид Ажал Умар Юньнань музофотининг биринчи давлат арбоби бўлган.
Буюк Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари китоби” ва бошқа асарлари хитой тилига таржима қилинган, “Хуэйхуэйяофан” (“Мусулмон дорилари”) ва “Бэньцаоганму” (“Доривор ўсимликлар тўғрисида рисола”) асарлари яратилишида фойдаланилган.
Тарихчий тадқиқотлар шундан далолат берадики, Тан сулоласи даврида Хитой ҳамда Самарқанд, Бухоро ва юртимизнинг бошқа йирик шаҳарлари ўртасидаги гуманитар алмашинувлар гуллаб-яшнаган. Хитой пойтахти ва ҳудудларида санъатимиз, кийиниш одатларимиз, миллий таомларимиз ва маданий алмашинувнинг бошқа жиҳатлари кенг оммалашган.
Илдизлари чуқур ўтмишга бориб тақаладиган маданий-тарихий алоқалар ҳамда менталитетлар яқинлиги, дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч каби маҳкам тамойилларга асосланган замонавий муносабатлар бугун ҳар томонлама ва кенг кўламли ҳамкорлигимизга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
“Қалби бир биродарлар металлни ҳам ёришга қодир”, дейди хитой халқи. Ўзбекистонда ҳам “Оға-ини иноқ бўлса, ҳар қандай иш юришади”, деган нақл бор.
Кейинги ўттиз йилда олий даражадаги ишончли мулоқот ва давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда, янги тарихий маралларни забт этмоқда.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг ўзига хос кўп даражали тизими шаклланиб, у Ҳукуматлараро қўмита, Парламентлараро гуруҳ, ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари даражасидаги Стратегик мулоқот, фаол гуманитар ва ҳудудлараро алмашинувларни қамраб олган.
Бизни минтақавий ва халқаро ҳамкорликни таъминлашга муштарак интилиш, глобал хавф-хатарларни енгиб ўтишда, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда БМТнинг марказий ролига ва кўп томонлама ҳамкорликка садоқат бирлаштириб туради.
Биз давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлик, яхши қўшничилик тамойилларига амал қилиш, ўзимиз танлаган тараққиёт йўлимизни ва маданий-цивилизациявий ўзлигимизни ҳурмат қилиш каби мамлакатларимизнинг туб манфаатларига дахлдор масалаларда бир-биримизни қатъий қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик оғишмай кенгайиб бормоқда.
Ўтган йил якуни бўйича икки томонлама товар айирбошлаш 40 фоизга ошди, савдо ҳамкорларимиз орасида Хитой етакчи ўринни эгалламоқда.
Инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда.
Кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, иқтисодиётнинг турли тармоқларида Хитой сармояси иштирокидаги корхоналар эса уч баробар ошди.
Юксак технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа соҳаларда бир қатор йирик қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Хитойлик ҳамкорлар кўмагида “яшил” энергетикани ривожлантириш ва 2030 йилга қадар 27 гигаватт қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқарадиган қувватларни барпо этиш сари муҳим қадамлар ташлаяпмиз.
Ушбу муваффақиятли тажрибага таянган ҳолда, мамлакатимизнинг Сирдарё вилоятини агросаноат парклари, автомобиль ишлаб чиқариш қувватлари, қишлоқ хўжалиги кластерларини яратиш бўйича истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацияларни жорий қилиш учун пилот ҳудуд сифатида белгилаб олдик.
Тўғридан-тўғри мустаҳкам алоқалар ўрнатилгани бошқа ҳудудларнинг ривожига ҳам хизмат қилмоқда. Ўтган йили барча вилоятларимиз делегациялари уларнинг раҳбарлари бошчилигида Хитой музофотлари ва шаҳарлари билан шериклик алоқаларини ўрнатиш учун ушбу мамлакатда бўлдилар.
Модернизация масалаларида, ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда жадал ва самарали тажриба, билим алмашиш йўлга қўйилди. Хитойнинг камбағалликни енгиб ўтишдаги муваффақиятли тажрибаси биз учун жуда фойдали ва муҳим аҳамият касб этди. Ҳамкорликнинг бу йўналишини бундан буён ҳам мустаҳкамлаш ниятидамиз.
Ўзбек ва хитой халқлари маданий-гуманитар соҳада ҳам анъанавий яқин ришталар билан боғланган. Хитой мақолида айтилганидек: “Мамлакатлар дўстлиги халқларнинг яқинлигидан, халқларнинг яқинлиги эса қалблар яқинлигидан куч олади”.
Фуқароларимизнинг хитой тилини ўрганишга, мамлакатингиз тарихи ва маданиятини билишга қизиқиши йилдан йилга ортиб бораётганини таъкидлашдан мамнунман. Хитой тили нафақат олий таълим муассасаларида, балки мактабларда ҳам таълим дастури доирасида иккинчи чет тили сифатида ўқитилмоқда.
Тошкент ва Самарқандда Конфуций институтлари фаолият юритмоқда.
Бир неча минг йигит-қизларимиз юқори малакали мутахассис бўлиб, бўлажак қўшма лойиҳаларимизни амалга оширишда иштирок этиш учун Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларида бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олмоқда.
Мамлакатларимиз тарихий ва маданий яқинлиги фаол туризм алмашинувлари ривожи учун ҳам қулай шароит яратмоқда. Ўзбекистон Хитой сайёҳлик гуруҳлари ташриф буюриши учун тавсия этилган мамлакатлар рўйхатига киритилган.
Биз Ўзбекистонда туризм инфратузилмасини изчил ривожлантирмоқдамиз. Юртимиз ҳудудлари Хитой музофотлари билан шериклик алоқаларини йўлга қўйгани ҳар йили юз минглаб хитойлик сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилмоқда. Шуни алоҳида қайд этаманки, бетакрор тарихий обидалар ва гўзал табиатга эга меҳмондўст Ўзбекистон хитойлик дўстларимизни қабул қилишдан ҳамиша мамнун.
Яқинда Хитойда Ўзбекистон маданияти кунлари, Ўзбекистон тасвирий ва халқ амалий санъати кўргазмаси, Ўзбекистон-Хитой таълим форуми бўлиб ўтади, шунингдек, Тошкент ва Шанхай ўртасида шериклик алоқалари ўрнатилганининг 30 йиллиги кенг нишонланади.
Фурсатдан фойдаланиб, хитойлик дўстларимизни ушбу тадбирларда фаол иштирок этишга ҳамда ўзбек халқининг кўп асрлик бетакрор маданияти билан яқиндан танишишга таклиф қиламан.
Мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги халқаро майдондаги дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга ёрқин мисол бўла олади.
Ўзбекистон Хитойнинг глобал миқёсда жипслаштирувчи кучга айланиб бўлган “Бир макон, бир йўл” ташаббусини рўёбга чиқариш доирасидаги турли дастурларда фаол иштирок этмоқда.
Ўтган 10 йилда Буюк ипак йўлини қайта тиклашга қаратилган ушбу оламшумул ғоя сайёрамизнинг барча қитъаларида ўз тарафдорларини топди, дунёнинг учдан икки қисмини ўз атрофида бирлаштирди. Бугун у жозибадор концепциядан амалий воқеликка айланмоқда. Цивилизациявий, иқтисодий ва маданий фарқларга асосланган ажратувчи чизиқлардан воз кечиб, ушбу ташаббус инсоният саъй-ҳаракатларини барчанинг равнақи йўлида максимал даражада бирлаштиришга имкон берадиган давлатлараро мулоқот ва ҳамкорликнинг мутлақо янги формуласини кашф этди.
Биз учун “Макон ва йўл” шунчаки инфратузилмавий лойиҳа эмас. Ташаббусни биргаликда амалга ошириш туфайли минтақамиз глобал ўзаро боғлиқликнинг муҳим бўғинига айланиб, транспорт жиҳатдан йироқликни енгиб ўтмоқда.
Ва бугун ишонч билан айта оламизки: илгари турли скептикларнинг минтақа мамлакатлари тақдирига Хитойнинг Европа, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ билан савдоси учун транзит йўлак бўлишгина битилган, деган прогнозлари ўзини оқламади.
Марказий Осиёга инвестициялар, минтақада қўшма юқори технологик ишлаб чиқаришлар кўпаймоқда, бу эса мамлакатларимизнинг умумий иқтисодий салоҳияти ўсишига хизмат қилмоқда.
Хитойнинг стратегик роли туфайли Марказий Осиё дунё билан кенг ҳамкорликка очилмоқда, минтақанинг географик камчиликларини ўзининг афзалликларига айлантирмоқда. Бу эса, ўз навбатида, умумий барқарорлик ва изчил тараққиётнинг муҳим шартидир.
Ўтган йили Сиань шаҳрида ўтган, муносабатларимизда катта силжиш қилиш имконини берган ва кўп томонлама ҳамкорликни келгусида ривожлантириш йўналишларини белгилаб берган Марказий Осиё давлатлари ва Хитой раҳбарларининг биринчи саммити якунлари айнан шундан далолат беради.
Ушбу формат минтақа давлатлари ва ХХР ғарбий музофотларини комплекс ривожлантириш моделини йўлга қўйиш учун катта салоҳиятга эга бўлиб, саноат ва технологиялар борасида яқин кооперацияга ўтиш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг Хитой билан транспорт, рақамли ва гуманитар ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш учун янги истиқболлар очади.
Жаҳон сиёсатидаги беқарорлик ва гирдобли ҳаракатларга қарамай, биз келажакка ишонч билан қараяпмиз ва биргаликда бунёдкорона режалар қиляпмиз. Ҳурматли ХХР Раиси Си Цзиньпин билан бўлажак учрашувимизда айнан шулар ҳақда сўз юритамиз.
Кўп қиррали ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини ҳамда бу борадаги устувор вазифаларни амалга оширишнинг истиқболли дастурларини келгуси ўн йилларга мўлжал олган ҳолда ишлаб чиқишни принципиал жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблайман.
Биринчидан, биз илгари сурган хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббуси ҳамда Раис Си Цзиньпининг Глобал цивилизация ташаббусининг устувор йўналишлари кўп жиҳатдан ҳамоҳанг бўлиб, ягона хайрли мақсадга – умумбашарий цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашга йўналтирилган.
Ушбу мулоқотнинг ривожланишига, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш учун зарур шароитлар яратилишига, энг ўткир масалалар бўйича ўзаро мақбул ечимлар изланишига ҳеч нарса тўсқинлик қилмаслиги керак.
Иккинчидан, биз муносабатларимизни сифат жиҳатидан янги ва янада юксак босқичга олиб чиқишдан манфаатдормиз. Бугун дунёда кечаётган жараёнларнинг мураккаблиги ва шиддати Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг барча масалалари юзасидан мунтазам фикр алмашиш ва биргаликда яқиндан ишлашни тақозо этмоқда.
Мамлакатларимизни Марказий Осиё минтақасида ва умуман ШҲТ маконида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга, шу жумладан Афғонистонда вужудга келган вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этишга интилиш боғлаб туради.
Кенг қамровли сиёсий мулоқот механизмларини йўлга қўйиш, барча асосий идораларнинг кўп томонлама ва мазмунли ҳамкорлигига эришиш муҳимдир. Самимий дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш жараёни узлуксиз бўлиши лозим.
Учинчидан, барқарор тараққиётга энергетика, озиқ-овқат ва экологик инқирозларнинг кескинлашуви билан боғлиқ янги хатарлар кучайиб бораётган шароитда ҳар томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик суръатини сақлаб қолиш ва ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга.
Яқин фурсатда Ўзбекистонда сув, электр энергетикаси, автомобиль ва темир йўллар соҳаларида хитойлик шериклар иштирокидаги йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича узоқ муддатли Дастурни тасдиқлаш режалаштирилган.
Унда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, рақамли ва “яшил” технологиялар трансферини кенгайтириш масалаларини кўзда тутиш зарур.
Мамлакатимизнинг жадал ривожи, мавжуд улкан инсон капитали, доимо юксалиб бораётган илмий-технологик ва саноат-ишлаб чиқариш салоҳияти ушбу Дастур самарали ва сермаҳсул амалга оширилишига ишонч бағишлайди.
Тўртинчидан, узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири, бу – Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида мамлакатларимиз ташқи иқтисодий фаолиятининг транспорт-логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантиришдир.
Ишонаманки, “Макон ва йўл” лойиҳалари дунё билан ўзаро боғлиқлик ва инклюзив ҳамкорликни илгари суриш йўлида Марказий Осиёнинг ишга солинмаган салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Биз Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Европа ва бутун Евроосиё қитъаси бозорларига олиб чиқувчи ишончли ва иқтисодий манфаатли халқаро йўлакларни шакллантиришга стратегик аҳамият қаратмоқдамиз.
Хитой ва Марказий Осиё ўртасида юк ва йўловчилар ташишга мўлжалланган ва жаҳон бозорига олиб чиқадиган кўп вариантли мультимодал йўналишлар тизимини ривожлантириш, янги терминаллар барпо қилиш, юқори технологик ишлаб чиқариш ва омборхона объектларини, йўллар бўйида комплекс сервис инфратузилмасини қуриш, логистикани рақамлаштириш тарихий Буюк ипак йўли бўйлаб минтақавий алоқаларни ривожлантиришга муҳим ҳисса бўлади.
Бешинчидан, Ўзбекистон – Хитой дўстлигини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг улкан аҳамияти тобора яққол бўлиб бормоқда. Биз маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, туризм ва археология соҳаларида ҳамкорлик қилишнинг мустаҳкам институционал асосларини шакллантирдик. Бу бизнинг умумий бойлигимиз, халқларимиз ўзаро англашувининг бузилмас пойдевори бўлди.
Тан сулоласининг машҳур шоири Ван Чжихуань: “Минг чақирим нарироқ кўришни истасанг, бир даража баландроққа кўтарил”, деган эди.
Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бутун мажмуаси бўйича муттасил ижобий ривожланиш суръати – хайрли ният ва ғояларимиз янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шериклигимизни янада чуқурлаштириш ва амалий мазмун билан бойитиш учун шароит яратиб, албатта рўёбга чиқишини тасдиқлайди.
2024 йил – “Яшил Аждар” йили омад, фаровонлик ва равнақ рамзидир.
Фурсатдан фойдаланиб, дўст Хитой халқини ой тақвими бўйича кириб келаётган Янги йил – файзли Чунь Цзе байрами билан қутлайман, тинчлик ва тараққиёт, Давлатингиз ташкил этилганининг 75 йиллигида Хитой орзусига эришиш йўлида муваффақиятлар тилайман”.
ЎзА
- Қўшилди: 23.01.2024
- Кўришлар: 3166
- Чоп этиш