Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Буюк Британия ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмеронни қабул қилди.
Ўзбекистон ва Буюк Британия сиёсий-дипломатик мулоқотини кенгайтириш, шунингдек, халқаро майдонда конструктив ҳамкорликни давом эттириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, парламент алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори даражага кўтарилгани алоҳида таъкидланди.
Суҳбат давомида яшил иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, таълим ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Олий таълимда замонавий соҳалар бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш, инглиз тилида ўқитиладиган таълим дастурларини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Дэвид Кэмерон Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, муносиб меҳнат тамойилларини жорий этиш, гендер тенгликка эришиш, оилавий зўравонликка қарши курашиш борасида ижобий ишлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этди.
Учрашув жараёнида кейинги йилларда парламентлараро ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани эътироф этилди. Томонлар бу борада ўзаро мулоқотни янада кенгайтириш бўйича фикр алмашди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 24.04.2024
- Кўришлар: 1857
- Чоп этиш