Олий Мажлис Сенати Раиси Нью-Йоркда “БМТ-Аёллар” тузилмаси директори билан музокара ўтказди

Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Нарбаева Нью-Йорк шаҳрида “БМТ-Аёллар” тузилмаси директори Сима Сами Бахус билан учрашди.

Ўзбекистон ва “БМТ-Аёллар” тузилмаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, хусусан, ушбу ташкилотнинг мамлакатимиздаги фаолиятини янада фаоллаштириш, гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда гендер тенгликка эришиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга тенг имкониятлар яратиш борасида Ўзбекистонда тизимли ишлар амалга оширилаётгани, бунда БМТнинг тавсиялари муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси “БМТ-Аёллар” тузилмасининг бутун дунёда гендер тенгликка эришиш ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича 2022–2025 йилларга мўлжалланган стратегик режасига ҳамоҳанглигига алоҳида эътибор қаратилди.

Сима Сами Бахус БМТ-Аёллар ташкилоти Ўзбекистонни минтақадаги асосий ҳамкор деб билиши, мамлакатдаги кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда БРМни амалга оширишда фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини қайд этди.  Тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг иштироки масалаларида Тошкентнинг муҳим роли эътиборга олиниб, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.

– Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлашда эришган сезиларли ютуқларни ҳисобга олиб, мамлакатингизни минтақа давлатлари орасида гендер масалаларини ишлаб чиқишда боғловчи роль ўйнаши мумкин бўлган кўприк сифатида кўрамиз – дея таъкидлади Сима Сами Бахус.

Суҳбат якунида Ўзбекистон ва «БМТ-аёллар» тузилмаси билан амалий лойиҳаларни татбиқ этган ҳолда ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди.

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech