Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Парламентлараро иттифоқнинг 148-Ассаблеясида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб турипти.
Ташриф доирасида Сенат Раиси Танзила Нарбаева БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори Татьяна Валовая билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг турли йўналишлари, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш борасида қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, 140 га яқин дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.
Т. Валовая Ўзбекистоннинг БРМни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Ўзбекистонда ўтказиладиган Осиё хотин-қизлар форуми доирасида “2030 йилдан кейин барқарор ривожланиш стратегияси” мавзусида ёрдамчи тадбир ташкил этиш имконияти ҳақида ўз фикрини билдирди. Унинг билдиришича, Самарқанд форуми аёл депутатлар учун 17 мақсадни 2030 йилдан кейин ҳам амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилади.
Учрашувда шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Якунда мулоқотни тизимли давом эттириш, ҳамкорликдаги лойиҳаларни кенгайтириш орқали ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ
- Қўшилди: 25.03.2024
- Кўришлар: 1962
- Чоп этиш