Президент Шавкат Мирзиёевга 2024 йилги хусусийлаштириш дастури ва унинг ижросини самарали ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берилди.
Шу йил 16 январь куни иқтисодиётни ривожлантириш масалалари бўйича ўтган видеоселектор йиғилишида Вазирлар Маҳкамасига янги хусусийлаштириш дастурини тайёрлаш вазифаси қўйилган эди. Шунга асосан, давлат иштирокидаги корхоналарнинг улушлари ва кўчмас мулк объектлари самарадорлик жиҳатидан таҳлил қилиниб, янги дастур ишлаб чиқилди.
Хусусан, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш мақсадида оммавий савдоларга чиқариладиган 250 га яқин улушлар рўйхати, давлат иштирокидаги корхоналарнинг қарийб мингта кўчмас мулк объекти рўйхати, маҳаллий фонд бозорида акцияларнинг оммавий таклифи ўтказиладиган 12 та корхона рўйхати шакллантирилди.
Илгари савдога қўйилган айрим иншоотлар сотилишида ҳам муаммолар бор. Буни жадаллаштириш ва иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш мақсадида қатор енгилликлар белгиланмоқда.
Масалан, давлат активлари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич баҳоси 10 фоизигача босқичма-босқич пасайтирилади. 2024 йил 1 январгача аукцион орқали ижарага олганига камида 5 йил бўлган ва мажбуриятларини бажарган тадбиркорларга давлат мулкини баҳоланган қийматда сотиб олиш таклиф этилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари 3 ойда сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) бошланғич қиймати 30 фоизигача, 6 ойда сотилмаганда 10 фоизигача пасайтирилади. Тўловларнинг 15 фоизини 3 ой муддатда, қолган қисмини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Хусусийлаштириш дастурларига киритилган кўчмас мулкларнинг кадастр ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш учун тўловларни Хусусийлаштириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширишга рухсат берилади.
Шунингдек, янги дастур доирасида, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ҳамда халқаро автомобиль йўллари бўйида савдо ва сервис объектларини жойлаштириш учун савдоларга чиқариладиган ер участкаларининг рўйхатлари шакллантирилди ҳамда уларни савдога чиқариш соддалаштирилди.
Бу борада ҳам янги тартиблар белгилаш таклиф этилмоқда. Жумладан, мастер-режа асосида халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўллари бўйида жойлашган ер участкалари замонавий сервис ва савдо-маиший объектларни қуриш учун аукционга чиқарилади. Сотилган ер участкалари харидорга чекловларсиз расмийлаштириб берилади.
Йиғилишда давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, буни жадаллаштириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Аграр соҳага хизмат кўрсатувчи давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари бу жараёнларни жадаллаштириш, хусусийлашган бино-иншоотлар негизида тадбиркорликни ривожлантириб, кўпроқ иш ўринлари очиш юзасидан кўрсатмалар берди.
Ўз соҳасида хусусий сектор улушини муттасил ошириб бориш, самарасиз фойдаланилаётган ва бўш турган активларни сотиш маҳаллий ҳокимлик ва тармоқ раҳбарларининг асосий вазифаларидан бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
- Қўшилди: 18.04.2024
- Кўришлар: 2092
- Чоп этиш