20 мингта кўп қаватли уйлар аҳолиси уларнинг ишидан норози эканини билдирган.
Кўп қаватли уйларни бошқариш, иссиқлик ва сув таъминоти соҳаларида кескин ўзгариш бўлмаётгани танқид қилинди.
Жумладан, аксарият кўп қаватли уйларда энергия сарфи хорижга нисбатан 3-4 баробар юқори, иссиқлик таъминоти тизимида энергия йўқотишлари кўп, тизимда бугунги кунга қадар бирор марта энергия аудити ўтказилмаган, дебитор қарздорлиги оқибатида иссиқлик корхоналари тизимни яхшилашга инвестиция киритмаяпти.
Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Энергетика вазирлигига кўп қаватли уйларда энергия тежаш бўйича алоҳида дастур амалга оширишни бошлаш топширилди.
Халқаро экспертлар жалб қилиниб, қаерда марказлашган, қаерда локал ёки индивидуал иситиш тизимини қўллаш, қайси қозонхоналарни когенерация технологиясига ўтказиш бўйича ҳар бир ҳудуднинг иссиқлик таъминоти схемаси ишлаб чиқилади.
Йиғилишда уй-жойларни сақлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Жойлардаги бошқарув компанияларининг фаолияти кўп ҳолларда қониқарсизлиги, 20 мингта кўп қаватли уйлар аҳолиси уларнинг ишидан норози экани қайд этилди.
Бошқарув компаниялари ва ширкатларнинг қайтарилмаган кредити ва дебитор қарздорлиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд.
Шу муносабат билан мутасаддиларга бошқарув компаниялари фаолиятини соғломлаштириш чораларини кўриш топширилди.
Умуман, электр, газ, сув, иссиқлик, чиқинди, «квартплата», солиқ тўловлари бўйича хонадоннинг ягона биллинг ҳисоб-рақамини жорий қилиш вақти келгани қайд этилиб, хорижий тажриба асосида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳозирда кўп қаватли уйлардаги 2 мингта ертўла тадбиркорларга ижарага берилмасдан, бўш ётибди.
Ваҳоланки, бу орқали маҳаллаларда 20 мингта иш ўрни яратиш ва ижарадан йилига 150-200 миллиард сўм қўшимча даромад топиш мумкин.
Энди кўп қаватли уйлар ертўласи ва бўш жойларини ижарага беришни янги тартиби жорий қилинади. Бунда:
- ертўла ва бўш майдонлар ҳақида маълумотлар рақамлаштирилиб, «Менинг уйим» тизимига боғланади ҳамда аҳоли ва ташаббускорларга очиқ эълон қилинади;
- ижара тўловлари фақат «Менинг уйим» платформаси орқали ҳисоб-китоб қилинади ва аҳоли учун очиқ бўлади.
Бундан ташқари, комплекс раҳбариятига авария ҳолатидаги уйларни реновация қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Kun.uz
- Қўшилди: 29.01.2024
- Кўришлар: 2331
- Чоп этиш