Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
“Ташаббусли бюджет”да назорат кучаяди
Президентнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида 2024 йил 1 апрелдан айрим соҳа ва тизимларда янги тартиблар жорий этилиши белгилаб берилган.
Жумладан, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳаларни ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, 1 апрелдан чегара божхона постларида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларини расмийлаштириш бўйича карантин, санитария-эпидемиология осойишталик ва ветеринария соҳаларидаги назорат функциялари божхона хизмати органларига ўтказилади.
Давлат дастурида 2024 йил 1 апрелдан бошлаб иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизими (MRV) ва маълумотлар базаси босқичма-босқич йўлга қўйилиши, шунингдек, давлат инвестиция дастурлари доирасида марказлашган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган йирик лойиҳаларга саноат кооперацияси талаблари жорий этилиши ҳам назарда тутилган.
Худоёрхон ўрдасида “Хон қабули”
2024 йил 1 апрелдан бошлаб “Маданият тўлқинлари” медиа лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда президентнинг “Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтириб ўтилган.
Медиа лойиҳа доирасида танлов ўтказиладиган йўналишлар ва уларнинг концепцияси Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан белгилаб берилади. Танлов доирасида жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинган ва ғоявий юксак энг яхши 50 та медиа маҳсулотнинг ҳар бири 50 млн сўм пул мукофоти билан тақдирланади.
Қарорга кўра, туристик объектларда миллий ва тарихий саҳналарни яратиш орқали сайёҳлар учун уларнинг жозибадорлигини янада ошириш мақсадида туризм объектларида ижодий жамоаларнинг театрлаштирилган томоша ва концерт дастурлари ташкил этилади. Жумладан, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб намуна сифатида Қўқон шаҳридаги Худоёрхон ўрдасида “Хон қабули” театрлаштирилган тарихий тантанали расмий қабул маросими ташкил этилади. Унинг ижобий натижалари босқичма-босқич Бухоро, Самарқанд ва Хива шаҳарларида қўлланади.
Бундан ташқари, қарорда 1 апрелдан бошлаб аҳоли орасида, айниқса, ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган маҳаллий ва хорижий шахслар иштирокида “Юлдуз билан саёҳат” ҳамда “Кўча санъати ва мусиқаси” лойиҳаларини амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.
“Суюнчи пули” бериш тартиби ўзгаради
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига баъзи ижтимоий нафақаларни тўлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори билан бола туғилганида бир марталик нафақа (“суюнчи”) пулини бериш тартиби ўзгартирилмоқда.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули:
- биринчи фарзанди учун – барча аёлларга;
- иккинчи фарзанди учун – фарзанд туғилган пайтда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оиланинг аъзоси бўлган аёлларга расмийлаштирилади.
Қолган барча ҳолатларда нафақа тўланмайди.
Нафақани олиш учун аризани давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали бериш мумкин.
Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа миқдори меҳнатга ҳам тўлашнинг энг кам миқдори 70,3 фоизи (ҳозирда 738 150 сўм)га тенг.
Йўл варақалари электрон шаклга ўтказилади
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2024 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 октябрга қадар Юк ва йўловчиларни ташишда автотранспорт воситаларига йўл варақаларини электрон шаклда расмийлаштириш ва юритиш тизимини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади.
Тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш даврида электрон йўл варақалари Транспорт вазирлигининг «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимининг “Электрон йўл варақа” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирилади ва юритилади. Электрон йўл варақалари ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мансублигидан қатъи назар, автомобил транспортида юк ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан мустақил равишда расмийлаштирилади.
Шунингдек, йўл варақаларининг қоғоз шаклидан фойдаланишни чекламаган ҳолда унинг электрон кўринишига босқичма-босқич ўтиш таъминланади. Электрон йўл варақалари тизими шахсий енгил автомобилида йўналишсиз такси сифатида йўловчиларни ташиш билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун амал қилмайди. Электрон йўл варақалари тизимидан фойдаланганлик учун йиғим ундирилмайди.
Бошқа ўзгаришлар
2024 йил 1 апрелдан бошлаб:
- ҳуқуқий эксперимент доирасида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлари томонидан рақамлаштириш соҳасидаги хизматлар экспорти бўйича халқаро платформаларда электрон шаклда расмийлаштирилган қиймати 100 минг АҚШ долларигача (ёки ушбу эквивалентга тенг миқдоргача) бўлган шартномалар (келишув, ҳисобварақ-фактура, инвойс) электрон ҳужжат сифатида тан олинади ҳамда уларнинг қоғоз шаклидаги нусхаси талаб этилмайди;
- ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан электрон тижорат орқали ваучер асосида таъминлашни тўхтатмаган ҳолда, 2024 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 апрелга қадар электр юритмали кресло-аравача ва эшитиш мосламаларини марказлаштирилган тартибда харид қилиш ва муҳтож шахсларга етказиб бериш ваколати берилади;
- ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш ҳудудий марказларида болалар реабилитацияси бўлимлари ташкил этилади;
- тадбиркорлик субъектларига субсидия, имтиёз ва преференциялар уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилади;
- Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ҳудудий инспекцияларда рўйхатдан ўтмасдан қурилган объектларни инструментал техник текширувдан ўтказиб, фойдаланишга рухсат бериш ишларини тўхтатади;
- йирик солиқ тўловчилар учун товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш тизими мажбурий тартибда жорий этилади;
- “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги тиббий-ижтимоий муассасаларда шартнома асосида пулли хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилади. Бунда, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларда шартнома асосида кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхати агентлик томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
- махсус ахборот платформаси орқали давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг рақамлаштиришга масъул ўринбосарлари ва ходимлари рақамлаштириш соҳасидаги қоидалар ва қонунчилик талаблари бўйича “ҳаёт давомида таълим олиш” тамойили асосида ўқитилади;
- кўчмас мулк ҳамда автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда қарздорлик мавжудлиги қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими орқали онлайн режимда текширилиб, қарздорлик бартараф этилганидан кейин нотариал ҳаракат амалга оширилади;
- кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун онлайн ариза бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш йўлга қўйилади;
- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий этган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Kun.uz
- Қўшилди: 29.03.2024
- Кўришлар: 2188
- Чоп этиш